$
 12720.00
-7.96
 13827.91
46.07
 140.04
0.58
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳукумат вакили: “Ўладиган болаларга дўхтир керакмас”

Болалар саратон 2022 йилда Ўзбекистонда 881 нафар болада саратон аниқланган.

Тасаввур қилинг, фарзандингизда саратон касаллигининг 3 ёки 4-босқичи аниқланди. Қандай оғир вазиятга тушардингиз-а? Кўз олдингизда гулдек очилиб юрган болангиз, худди гул каби сўлий бошлайди ёки кузги япроқлар каби хазонга айланади. Саратон бутун бир оилани ҳам руҳий, ҳам моддий томонлама қуритиб ташлаши мумкин. Оғринадиган томонни бироз бўлсада ҳис қилган бўлсангиз, энди мавзуга киришамиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда саратонга чалинган болалар ва катталарнинг аҳволи қай ҳолатда, улар учун қандай ишлар қилинмоқда?

Саратон рақамларда

Онколог, паллиатив ва ҳоспис ёрдамини ривожлантириш рахбари Яҳё Зиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 1 йилда ўртача 25 минг нафар одам саратон касаллигига чалинади. Ҳозирда умумий ҳисобда 147 мингта бемор диспансер рўйхатида мавжуд.

Онколог Рустам Нарбаевнинг келтирган маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 881 нафар болада онкологик касаллик топилган. Шулардан 213 нафари касалликнинг охирги, 3-4-босқичларидалиги аниқиланган. Аниқланган 881 нафар бемордан бир йилга етмай вафот этганлари 30 нафарни ташкил қилади. Саратон сабаб умумий болалар ўлимини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда 2022 йилда 330 нафар бола шу касаллик билан вафот этган.

Энди мавзуга катталар миқёсида ёндашамиз. Ўзбекистонда 2022 йилда 26367 нафар бемор саратон касаллигига чалинган. Шулардан 11601 нафари касалликнинг 3-4-босқичидалиги аниқланган. Саратон аниқланган 26367 бемордан 4060 нафари касаллик топилган йилнинг ўзида вафот этган. Умумий ҳисобда 13888 нафар инсон саратон сабаб дунёдан кўз юмган.

Сўнгги манзил

Турли муолажалар ва кимёвий терапиялардан кейин ҳам умид қолмагач, беморлар учун сўнгги манзил вазифасини ўз уйи ёки ҳоспис ўтаб беради. Ҳоспис — тузалмас касалликларга чалинганлар, асосан онкологик беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий - ижтимоий ташкилот. Бу ерда беморлар умрининг сўнгига қадар меҳр, эътибор, парвариш, руҳий мадад қуршовида яшашади.

Ҳосписда ижтимоий ходим, психолог ва шифокор ҳамкорликда иш олиб боради. Мақсад фақатгина оғриқларнинг олдини олиш ва муолажалар қилиш эмас, балки, беморнинг сўнгги вақтларини мазмунли ўтказиш ҳисобланади. Бу ерда ота-оналар ҳам ижтимоий ва руҳий ёрдам олишлари мумкин. 2017 йилнинг апрель ойида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик ёрдамни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинган эди. Унда реабилитация ва паллиатив ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини, шунингдек, хосписларни яратиш онкологик хизматни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қуриладиган биринчи хоспис 2019 йилда очилиши керак эди. Натижа бўлмади. 2020 йилда COVID-19 пандемияси бутун дунёни қамраб олди. Шунинг билан ишлар номаълум муддатга қолдирилди.

Марказий Осиёдаги биринчи болалар ҳосписи

2022 йилнинг 25 августида Тошкент вилояти Зангиота туманида 20 ўринга мўлжалланган Марказий Осиёдаги биринчи болалар ҳосписи очилди. "Таскин" номли ушбу ҳосписи президент қарорига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда "Ezgu Amal" Жамоат фонди ёрдамида Зангиота ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси негизида очилган бўлиб, ҳоспис 20 нафар беморга мўлжалланган.

Соҳадаги муаммо ва камчиликлар

"Таскин" болалар ҳосписида бўлим бошлиғи ва онколог Рустам Нарбаев жорий йилнинг октябрь ойи бошида ютуб тармоғидаги "Plossla podcast" лойиҳасига ташриф буюрди ва соҳадаги оғриқли муаммо ва камчиликлар билан ўртоқлашди. Нарбаевнинг таъкидлашича, юқорида келтирганимиз, Тошкентдаги асосий ҳоспис қурилса, турли грандлар ютиш учун имконият юзага келади, ҳодимларнинг маошлари ошади ва шу каби турли имкониятлар пайдо бўлади. Аммо 2019 йилда қурилиши бошланган бинонинг ҳадеганда битмаётгани ёш онкологнинг ишончини тобора сўндириб боряпти.

Шунингдек, Рустам Нарбаев беморларга оғриқ вақтида юборилувчи морфин дорисини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, поликлиникаларда бир кунда икки амплуа берилиши белгилангани, бироқ ҳосписда ушбу дори беморларга ҳар 4 соатда 4 амплуада бериб борилишини айтиб ўтди. Шунинг билан биргаликда, ушбу дори дозаси оғриқ қолмагунича оширилиб борилиши мумкинлигини кўплаб шифокорлар билмаслигини ва дори таъсиридан қўрқишини, таъкидлади. Айнан шу сабабли, ҳосписларга бўлган эҳтиёж юқори.

Маълум бўлишича, ушбу дорини олиш ва топшириш тизими жуда ҳам мураккаб тарзда ишлайди. Поликлиникаларда ҳали ҳам соҳа ривожланган давлатларда иложи борича ишлатмасликка ҳаракат қилинадиган, таъсир кучи жуда паст бўлган дорилардан фойдаланилади.

Морфин — афюн опийнинг асосий алкалоиди. Нарбаевнинг таъкидлашича, соғлом одам ушбу доридан роҳат олиши мумкин, аммо беморларда бундай жараён бўлмайди. Ушбу дори беморларнинг қолган умрини оғриқсиз ва хотиржам ўтказишига ёрдам беради. Ҳосписга келган беморларнинг ота-оналарига ҳам дори болаларнинг умрини узайтириб бериши эмас, қолган вақтини оғриқсиз, мазмунли ўтказиши учун ёрдам бериши айтилади.

Идеал ҳолатда, болаларга морфиннинг таблетка варианти берилиши керак. Дорининг 12 соат давомида таъсир қилувчи хили ва ҳозирда ҳосписда ишлатилинаётган 4 соат давомида оғриқ қолдирувчи хиллари мавжуд. Маълум бўлишича, морфиннинг таблетка варианти 2022 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган. Аммо бизга номаълум сабабларга кўра, ҳалигача сотиб олинмаган.

"Ўзбекистонда оғриш бу — қиммат. Масалан, чет элда ойига суғурта ўтказиб турадиган бўлсангиз, бизда "бепул" жойга бориб, жуда ҳам катта суммага тушасиз.",— дейди Рустам Нарбаев.

"Ҳеч кимнинг иши тушмасин..."

Рустам Нарбаевнинг айтишича, ҳосписда соат 8:00 дан 14:00 га қадар ишловчи шифокор бор, аммо 14:00 дан 20:00 га қадар ишловчи шифокор йўқ. Шу билан биргаликда, якшанба ва байрам кунларида ишлаш учун ҳам шифокор йўқ. Табиийки, шу вақтлар ўрнини қоплаш учун ҳоспис томонидан ССВга мурожаат йўлланган, аммо Нарбаевга етказишган жавобларига кўра, Молия вазири ўринбосари "ўладиган болаларга дўхтир керакмас",— деган мазмундаги жавоб қайтарган. 

Маълум бўлишича, ушбу ҳосписдаги ижтимоий ходим ва психолог ўрни ҳам аслида йўқ. Уларнинг маошлари "Ezgu amal" фонди орқали тўлаб борилади. "Уларсиз ҳоспис— ҳоспис эмас",— дейди онколог. Мана шу ҳодимлар учун ҳам штат ажратилиши сўралган, лекин яна "йўқ" жавоби олинган. "Илоҳим уларнинг иши тушмасин ҳосписга, лекин иши тушадиган бўлса, тушунар нимага кераклигини.", — дейди Рустам Нарбаев.

Маълумот учун, "Таскин" болалар ҳосписи ҳақида Кирилл Альтман томонидан "Фаришталар" номли фильм суратга олинган.

"Афсуски, Ўзбекистонда болалар онкологияси, шу жумладан, саратоннинг сўнгги босқичини бошдан кечираётган қанча бола яшаётгани ҳақида ҳеч қандай статистик маълумот мавжуд эмас. Ва шунингдек, биз паллиатив ёрдам нима эканлигини ва вафот этаётганларнинг сўнгги кунларини қандай қилиб ғамгин соатлар ўрнига ҳеч қурса меҳрли ва хотиржам дақиқаларни таъминлашни тушунмаймиз. Умуман, бизда кўп нарса йўқ. Бироқ бизда Марказий Осиёдаги биринчи болалар хосписи бор. У ғамхўр одамлар — чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қиладиган ва буни ўз ҳаётларининг бир қисмига айлантиролганларнинг саъй-ҳаракатлари билан яратилган", — деб ёзади AlterEgo лойиҳаси муаллифи.