$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Пенсиялар: қачон, қанча ва қандай шароитларда?

Пенсиялар: қачон, қанча ва қандай шароитларда?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 1140 ишонч телефони ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига энг кўп берилаётган саволлар, асосан пенсия турининг расмийлаштирилишидир. Шунинг учун, биз бу бўйича батафсил маълумот беришга ҳаракат қилдик.

Имтиёзли пенсия

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар, чунончи:

Ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-сонли рўйхати;

Умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-сонли рўйхати;

Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, вазифалар ва кўрсаткичларнинг 3-сонли рўйхати.

Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар ҳам эга.

Ёшидан қатъи назар, қуйидагилар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар:

а) кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар-башарти, улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар (1-сонли рўйхат, I қисм);

б) бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар-башарти, улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлсалар (1-сонли рўйхат, II қисм);

в) учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда (1-сонли рўйхат, III қисм).

Юқорида қайд этиб ўтилган ходимлар саломатлигига (касаллигига) кўра учиш ишларидан бўшатилган тақдирда, белгиланган хизмат муддатини-эркаклар камида 20 йил ва аёллар камида 15 йил адо этган бўлсалар;

г) театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг айрим тоифалари:

ижодий иш стажи камида 20 йил бўлганда (1-сонли рўйхат, IV қисм);

ижодий иш стажи камида 25 йил бўлганда (1-сонли рўйхат, V қисм);

ижодий иш стажи камида 30 йил бўлганда (1-сонли рўйхат,VI қисм);

д) спортчиларнинг айрим тоифалари-иш стажи камида 20 йил бўлганда.

Мавсумий ишловчиларнинг пенсияси қандай ҳисобланади?

Саноатнинг мавсумий тармоқларига оид корхоналар ва ташкилотларда банд бўлган ходимларнинг тўлиқ мавсум мобайнидаги иши бир йил ишлаган деб, тўлиқ мавсум давомида ишламаган бўлса, ҳақиқий ишлаган даври ҳисобга олинади.

Тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхати қуйидагилардир:

1. Пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар:

а) пахтани қуритиш;

б) пахтани тозалаш;

в) пахтани юклаш, тушириш;

г) пахтани пневмотранспортга ортиш;

д) қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш.

2. Саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар.

3. Ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжаликларидаги ишлар:

а) тут уруғи тайёрлаш;

б) тут ниҳоллари ва тут кўчатлари етиштириш;

в) тут ипак қурти уруғларини инкубаторияларда жонлантириш;

г) тут ипак қурти парваришлаш;

д) тирик ва қуриқ пиллани саралаш;

е) тирик пиллани қуритиш;

ж) пиллани қўл кучи ёрдамида ташиш;

з) пилладан намуналар олиш (лабораторияда саралаш учун);

и) уруғчилик корхоналарида капалакларни жинсларга ажратиш;

к) тут ипак қурти уруғларини микротаҳлилдан ўтказиш;

л) тут ипак қурти уруғларига ишлов бериш;

м) тут ипак қурти уруғларини қишлаш давридаги ишлар;

н) тут ипак қурти уруғларини қадоқлаш ва ёрлиқлаш.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

Қандай ҳолларда пенсия миқдори қайта ҳисобланмайди?

Иш стажи ва пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган (олинган) иш ҳақи ҳисобга олинган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Умумий белгиланган ёш камайтирилган ҳолда ёшга доир пенсия тайинланган шахсга у умумий белгиланган ёшга тўлганлиги муносабати билан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқилмайди.


Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,

Молия вазирлиги ҳузуридаги

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг

Матбуот хизати бошлиги

Теги :
Jamiyat