$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Open budget: ижтимоий адолатсизлик давом этади

Open budget Опен бюджет

Февраль ойи бошида сайтимиз орқали “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йилги 1 мавсуми учун ташаббуслар қолдириш бошлангани ва бу мавсум учун жами 3 трлн сўм маблағ ажратилганини хабар қилган эдик. 

Янги мавсум ўзгариши

Жорий йилдан бошлаб лойиҳада баъзи ўзгаришлар содир бўлгани маълум қилинди. Ўзгаришга кўра, эндиликда овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилиб, бир одам номида нечта сим-картаси бўлишидан қатъи назар лойиҳа учун фақат 1 марта овоз бера олиши белгиланган. 1-мавсум мана шундай янгилик билан бошланди. 

Ғалати мантиқ

Бироқ кўпчилик кутган балки кутмаган ва асосий ўзгартирилиши керак бўлган жиҳат ҳамон эътибор доирасидан четда қолаётгандек. Лойиҳада нима учундир иштирок этаётган маҳаллаларнинг аҳолиси сони инобатга олинмаган. Масалан, бир маҳаллада 2 500 дан ортиқ одам яшайди. Уларнинг 1 000 га яқини овоз бера олувчи қатлам бўлиши мумкин. Қўшни маҳалла ҳудудида рўйхатдан ўтган фуқаролар сони эса 9 000 минг атрофида ва табиийки, улардаги овоз беришга лаёқатли қатлам ҳам бундан аввалги маҳалладан 4 - 4,5 каррасига юқори. Бундай вазиятда аҳолиси кам маҳалла ҳар қанча уринмасин бефойда бўлиши эҳтимоли жуда юқори.

"Ўйлаб кўрамиз"

Ташаббусли бюджет лойиҳасининг ўтган йилги мавсумида ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида журналистлардан юқорида келтирган мисолимиздаги каби "аҳолиси кам маҳаллаларга алоҳида категория қилинадими?", мазмунидаги саволга, масъуллардан "ўйлаб кўрамиз", деган жавоб олинган. Аммо вазият кейинчалик ҳам ўзгаришсиз қолган ва эндиликда ҳам шундай давом этмоқда.

Ижтимоий адолатсизлик ўзгаришсиз қолди

Бу йилги матбуот анжуманида ҳам журналистлардан табиий равишда шу мазмундаги "Бу йил алоҳида категория қилиндими? Яъни, аҳоли кам бўлган маҳаллалар учун алоҳида, кўп бўлган маҳаллалар учун алоҳида. Табиийки, аҳоли кам бўлгандан кейин овозлар сони ҳам кам бўлади. Бу бўйича қанақа ўзгартириш киритилди?", дейилган савол масъулларга қарата берилди. Мухбирининг ушбу саволига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳамедов қуйидагича жавоб қайтарган: "Категория эълон қилиш бўйича турли хил фикрлар бор эди. Лекин бу ўзгартишлар 2024 йилнинг 1 мавсумидан киритилмайди. Бу йилда бир фуқаро бир овоз тамойилига ўтишимиз сабабли, бирданига уни киритишимиз кўплаб тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Олдинги шароитда фуқароларимиз томонидан кўплаб сим карталар орқали овозлар берилганда буни аниқ баҳолашнинг имконияти мавжуд эмас эди. Ҳақиқатда кичик маҳаллада ёки катта бир маҳаллаларда яшайдиган фуқаролар ушбу жараёнда тўлиқ иштирок этадими, қай даражада иштирок этаётганлигини баҳолаш имконияти мавжуд эмас эди. Шу сабабли, энди бир фуқаро бир овоз тамойилини жорий қилган ҳолда ушбу тамойилни ишлатиб кўриб, ундан кейин катта бир механизмларни ёки кам фуқаро яшайдиган ҳудудларга бошқа йўлларни ўйлаб кўришни мақсад қилганмиз", — деган Ш.Муҳамедов.

Бундан келиб чиқадики, энг асосий ва жуда ҳам мантиқсиз бўлган вазият ўзгаришсиз ҳолича давом этади. Маълумот учун, ташаббусли ёки партисипатор буджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти, деган маънони англатади.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot