$
 12705.00
-6.0
 13543.53
5.04
 136.11
-0.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Нима сабабдан автомобиллар учун навбат ўсмоқда?

авто

Сўнгги ойларда барча авто ишқибозлари маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар учун навбатнинг сезиларли даражада ошганини пайқашди, инқироз чўққиси сифатида навбатлар сони 90 000 та машинагача етди. Микрочиплар ва логистика билан боғлиқ глобал муаммолар ҳақида ҳамма билади. Ушбу кўрсаткичларнинг ўсишига яна нималар таъсир кўрсатмоқда?

2020 йилда UzAuto Motors 280 000 дан ортиқ автомобил ишлаб чиқариш орқали ўзининг тарихий ишлаб чиқариш рекордини янгилади ва шу тариқа барча моделларни эркин сотишга эришди. Аммо пандемия ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади ва ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтирди.

Микрочипларни ўз ичига олган компонентлар заҳирасининг мавжудлиги ишлаб чиқариш конвейерларининг тўхтаб қолишини олдини олди. Бундан ташқари вазиятни барқарорлаштириш учун фавқулодда чоралар кўрилди: GM раҳбарияти ва бир қатор микрочип ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ўтказилган музокаралар натижасида қўшимча равишда яримўтказгичлар етказиб берилиши таъминланди. Бу эса 2021 йил инқироз даврида кутилган 150 000 эмас, 235 600 та автомобил ишлаб чиқариш имконини берди.

Хўш, нима учун ишлаб чиқаришнинг атиги 16 фоизга камайиши бундай танқисликка сабаб бўлди?

Тузилган шартномалар бўйича ўз янги автомобилларини кутаётганлар сонининг аномал ўсишига Ўзбекистонда Chevrolet автомобилларига талабнинг рекорд даражада ўсиши муҳим ҳисса қўшди. Бу талаб, биринчи навбатда, маҳаллий автомобиллар нархининг доллар ҳисобида сезиларли даражада арзонлашгани билан боғлиқ.

Масалан, 2020 йилнинг март ойидан миллий валютанинг девалвациясини ҳисобга олган ҳолда, Lacetti моделининг чакана нархи 14,5 минг доллардан 12,8 минг долларга, Cobalt учун – 12,1 минг доллардан 10,7 минг долларга тушди ва ҳоказо. UzAuto Motors маҳсулотлари таннархининг бундай сезиларли даражада пасайиши, аксарият бошқа маҳсулотлар тоифалари таннархининг ошиши, шунингдек, иккиламчи бозорда автомобиллар нархининг сезиларли даражада ошиши (ишлаб чиқарувчининг ўртача қийматидан 1000 АҚШ долларига юқори) машҳур Chevrolet моделларини ҳамёнбоп ва жуда жозибадор инвестиция воситасига айлантирди, бу эса форс-мажор омиллар таъсирида таклифнинг орқада қолиши фонида талабнинг кескин суръатларда ошиб кетишига олиб келди. Бу даврда машиналарни кейинчалик қайта сотиш ва фойда олиш мақсадида бир киши томонидан 10, 20 ва ҳатто 200 тагача шартномалар тузиш одатий ҳолга айланди.

2020 йилда ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажми 280 минг дона бўлса, 2021 йил декабр ойи ўрталарида эълон қилинган тўловга лаёқатлилар талаби 350 мингдан ортиқни ташкил этди – шу йилнинг январ ойидан буён янги автомобилларга худди шунча аризалар рўйхатга олинган (таққослаш учун, 2020 йилда компанияга тахминан 240 000 та ариза келиб тушган).

Микрочиплар ва логистика билан оғир глобал инқироз шароитида йиллар давомида етказиб бериш муддатини оширмасдан (баъзи бошқа мамлакатларда бўлгани каби) аномал талабни таъминлаш учун технологик жараёнларни оптималлаштириш орқали заводнинг унумдорлиги оширилди. Бундай шароитда «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors раҳбарияти маҳаллий автомобил ишлаб чиқариш учун логистика инқирозини енгиш бўйича қатъий усулларни қўллади. Россия, Хитой ва Жанубий Корея денгиз портларида юк ташиш муаммоларини ҳал қилиш учун UzAuto Motors томонидан юк ташишга устуворлик бериш масалалари ўз ечимини топди. Эришилган келишувлар доирасида компаниянинг ваколатли вакиллари жойларда тезкор чоралар кўриш учун портларга юборилди. Шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ билан келишган ҳолда автомобил бутловчи қисмларини етказиб бериш учун алоҳида чартер рейслари ташкил этилди.  Ушбу ва бошқа мисли кўрилмаган чора-тадбирлар автомобилларни бутловчи қисмлари билан максимал даражада таъминлаш имконини беради, бу эса ўз навбатида заводнинг узлуксиз ишлаши ва ундаги иш ўринларининг сақланишини таъминлайди.

Damas / Labo автомобилларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ҳам худди шундай чора-тадбирлар қўлланилди. Натижада 2020 йилга нисбатан мазкур автомобилларини ишлаб чиқариш (60 715 дона) 2021 йилда 72 минг донага (+19 фоиз) ошган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткични 90 минг донага етказиш режалаштирилган.