$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Кредит олганда қарзга ботиб кетмаслик учун нима қилиш керак?

Кредит олганда қарзга ботиб кетмаслик учун нима қилиш керак?

Кредит — агар ундан тўғри фойдаланишни билсангиз, жуда қулай молиявий ускунадир. Бироқ қарзга олинган пул масъулият, интизом ва кредитга бўлган тўғри ёндашувни талаб қилади. Қуйида қандай қилиб ёқимсиз кредит тарихи ва бошоғриқлардан қутулиш мумкинлигини тушунтириб ўтамиз.

1. Молиявий имкониятларингизни юқори баҳолаб юборманг

Кредит олишдан аввал, яхшилаб ўйлаб олинг — сизга бу пул ўзи нега керак? Бусиз ҳам вазиятдан чиқа оласизми? Пулларни қандай қайтармоқчисиз? Фақатгина ойлик ёки нафақангизни эмас, кутилмаган вазиятларни ҳам ҳисобга олинг. Ишдан ҳайдалиш, касаллик ёки инқироз ҳар қандай пухта ўйланган режани ҳам барбод қилиб юбориши мумкин.

2. Дуч келган банкдан кредит олманг

Уйингизга яқинлиги ёки кўркам баннерлар осиб қўйилгани — булар банк танлашдаги асосий мезонлар эмас. Бозор таклифларга тўла, шунинг учун бир неча вариантларни кўриб чиқинг. Сизга энг мос келадиган кредитни танлаш учун шартлари ва фоизларини солиштириб чиқинг. Банкнинг репутацияси ҳақидаги маълумотномани сўрашни унутманг.   

3. Агар шартнома шартларига тушунмасангиз уни имзоламанг

Шартнома матнини тўлиқ ўқиб чиқишга эринманг. Бу эртага сизнинг вақтингиз ва пулингизни тежайди. Кредит бериш ва уни узиш шартларини диққат билан ўрганиб чиқинг. Комиссия тўлови, муддатни чўзганлик учун жарималар, суғурта каби қўшимча шартларга эътибор беринг. Агар нимадир тушунарсиз бўлса, банк ходимларидан сўранг, тушунтириб беришларини талаб қилинг, юрист билан маслаҳатлашинг. Ҳаммасини аниқ тушуниб олгандан кейингина шартномани имзоланг.  

4. Тўловларни кечиктириб юборманг

Тўлов графигига қатъий амал қилинг ва ҳеч қачон тўловни сўнгги дақиқаларгача тақаб тўламанг. Пуллар ҳисобрақамига ўз вақтида тушиши учун муддат тугашига 5-7 иш куни қолганда пул ўтказишни одат қилинг. Эсдан чиқиб қолмаслиги учун смартфонга эслатма ўрнатиб қўйиш ёки кўзга ташланадиган жойга стикер ёпиштириб қўйиш ортиқчалик қилмайди. Агар кредитни эртароқ ёпиш имконияти пайдо бўлиб қолса, ундан фойдаланинг. Бу сизни келгусида рўй бериши мумкин бўлган муаммолардан сақлайди. Бордию қийин вазиятга тушиб қолиб, навбатдаги тўловни ўз вақтида қилолмасангиз нима бўлади? Буни ҳисобга олинг.   

5. Кредитни ёпишни унутманг

Охирги тўловни қилгач, кредит ёпилганидан енгил тортиб, севинишга шошилманг. Банкка қўнғироқ қилиб, кредит ёпилган ёки йўқлигини яна бир марта тасдиқлатиб олинг ёки бу ҳақида маълумотнома сўранг. 

Теги :
Iqtisodiyot