$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Мавсумий фожиа бошланди: қишдан тирик чиқармиканмиз?

Is gazi

25 октябр. Самарқандда 53 ёшли аёл ва унинг 9 ва 3 ёшли фарзандлари ис гази қурбони бўлди.

21 ноябр. Фарғонада 51 ёшли эркак ва унинг 49 ёшли аёли ис газидан заҳарланиб, вафот этди.

Совуқ кунлар ҳали келмади, аммо аллақачон беш киши мавсумий фожианинг қурбони бўлди. Йил давомида 8 ёшли бола, оила қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб, вафот этгани каби хабарларни ўқидик-у, бир сесканиб қўйгандирмиз, эҳтимол.

Ўлимлар “ўсяпти”

Аммо бу ҳолатга бефарқлигимиз йилдан-йилга ўлимлар сони кўпаяётганидан маълум. Бегуноҳ гўдаклар исинишга ҳаракат қилиб, уйқудан уйғонмаяпти, бир уйдан бутун оиланинг тобути бирданига чиқиб кетяпти, соппа-соғ одам бир туки тўкилмай ўликка айланяпти. Ҳид ва рангга эга бўлмаган бу “сездирмасдан ўлдирувчи” неча-неча кишиларнинг ёстиғини қуритишда давом этяпти.

Статистикаларга кўра, ис газидан вафот этганлар сони:

2019 йилда 50 нафар,

2020 йилда 91 нафар,

2021 йилда 125 нафар,

2022 йилда 146 нафарни ташкил қилган.

Тўғри, бу рақамлар бир қараганда унчалик катта кўринмас, аммо бу кичик рақамлар ортида катта масъулиятсизлик, катта адолатсизлик, каттагина камчиликлар бор…

Масъуллар масъулиятсизлиги

Ис гази билан заҳарланишга асосан икки катта сабаб бор. Биринчиси, огоҳлантирмасдан ўчириб ёқилган табиий газ. Масъулларнинг масъулиятсизлиги, истеъмолчи олдидаги мажбуриятларини бажармагани сабаб неча-неча инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмяпти.

Ваҳоланки, “Электр-энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорининг 13-бобида Газ таъминоти ташкилотининг ушу мажбурият аниқ қилиб ёзиб қўйилган: “табиий газ етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаган тақдирда бу тўғрида истеъмолчиларни хабардор қилиш”.

Бироқ бу қарор шунчаки қоғозда қолиб кетган кўринади, шунча йил давомида бирорта масъулнинг мажбуриятини бажармагани учун жавобгарликка тортилганини кўрмадик. Одамлар эса шунчаки ўлиб кетмоқда…

Иккинчи сабаб эса, қўлбола иситиш печларидан фойдаланиш. Шу ўринда савол туғилади, агар аҳолига табиий газ ўз вақтида етказиб берилса, ким ўз жонини хатарга қўйиб, талабга жавоб бермайдиган электр ва бошқа иситгичлардан фойдаланади?

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча минерал ресурсларнинг деярли учдан бир қисмига эга ва газ қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи 20 та давлатидан бири. Лекин шунга қарамай ҳаволар совиди дегунча аҳолини газ билан таъминлаш масалалари кун тартибига чиқади.

Маҳаллий газ узатиш тизимининг эскирганлиги, ички бозорда газ нархи пастлиги, демография, геологик разведка ишлари учун миллий кадрлар етишмаслиги каби сабаблар катта газ йўқотишлари ва самарасиз фойдаланишга (газнинг 60 фоизи охирги истеъмолчига етиб бормай атмосферада тарқалиб, йўқолиб кетади) олиб келяпти. Натижада эса газ таъминоти етиб бормаган мамлакат аҳолиси қишда уйларни кўмир, ўтин, сигир гўнги ёки турли хил қўлбола электр жиҳозлари билан иситишга мажбур.

Ечим йўқдир, аммо чораси-чи?

Аҳвол ҳали бери ўнгланмаслиги, ҳудудларга газ тўлиқ етиб бормаслиги тайин. Шундай экан нега ис газини аниқловчи қурилмалар оммалашмаяпти, аҳоли орасида тарғиб қилинмаяпти, керак бўлса, қатъий талаб қўйилмаяпти?

Масалан, Канаданинг Алберта провинциясида 2006 йилдан буён янги қурилган уйларда ис гази детектори бўлиши шарт. Детектор уйнинг ҳар бир қаватида (кўп қаватли бўлса) ётоқхоналардан 1 метрдан узоқ бўлмаган жойда шифтга ўрнатилиши керак.Мабодо уйда ис гази (ёки тутун) тарқалса, детекторлар жуда баланд овозда чийиллаб, ухлаб ётганларни уйғотади ва ўлимдан сақлайди.

Юртимизда ҳам бундай қурилмалар йўқ эмас, яқинда 9-синф боласи ис гази ҳақида хабар берувчи қурилма ихтиро қилган. Қурилма ёнғин хавфи юзага келганда, уй эгаларини огоҳлантириш билан бирга ўт ўчирувчиларга хавф юзага келган жойдан геолокация юбориб, СМС хабарнома ташлайди. Мана тайёр ихтиро, лекин нега ҳеч ким бу билан қизиқмаяпти?

Ўзи хоҳласа, бир ҳафта ичида бутун тизимни ўзгартириб юборадиган масъул ташкилотлар хонадонларда “детекторлар” ўрнатишни талаб қила олмайдими? Ёки ўз жони, яқинлари саломатлигидан ҳам кўра халқимиз шу қурилмаларни қимматроқ кўрармикан?

Озгина хоҳиш, бироз маблағ билан юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Инсон қадри дея шиорлар баралла айтаётган юртимизда бу қурилмаларни ўрнатишга нима тўсқинлик қиляпти?

Совуқ кунлар ҳадемай бошланади, бунинг ортидан эса “совуқ” хабарлар ҳам. Бизга эса фарқи йўқ, электр ва газ масалаларини ҳал қилишни, қандайдир детектор ўрнатишни ўйлагандан кўра, қўлни ювиб, қўлтиққа тиққанча қорамолнинг кетига кўпроқ тикиламиз. Сабаби ҳадемай қиш келади, ўтин танқис, кўмир талон-торож бўлиб кетган, бори қиммат, совуқда эса бир амаллаб жон сақламаса бўлмайди...