$
 12774.98
-15.14
 13914.51
-21.6
 130.14
0.11
weather
+26
Кечаси   +14°

“Ҳуқуқий саводхонлик соати”: Қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлайди

Ўзбекистонда бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда

ЖКга киритилаётган ўзгартиришга кўра, истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд ўтказганлик, ишларни бажарганлик ёки хизматларни кўрсатганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин (муқаддам фақат жарима, мажбурий жамоат ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари). Ушбу ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса ёхуд: жуда кўп миқдорда;
бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Худди шу ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 3 йилдан 7 йилгача). Ушбу ҳаракатлар: одамлар ўлимига;
бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади (илгари 7 йилдан 10 йилгача).

Энди айрим ота-оналарга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиши мумкин

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Унга кўра, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларнинг ҳамда ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари хотин-қизлар масалалари бўйича (катта) инспекторларининг ваколатлари кенгайтириляпти..

Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларга вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутиляпти. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларга ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколати берилиши кутилмоқда.

Бўш иш ўринлари очиқ эълон қилинади!

Президентнинг тегишли фармони билан (2023 йил, 27 ноябрь) очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига қўшимчалар киритилади.

Унга кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар портали ҳамда вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларига бошқа очиқ маълумотлар қаторида қуйидагилар ҳам жойлаштирилади:

• ҳудудлар кесимида “Ҳаж” зиёратига бориш учун навбатда турган фуқароларнинг ягона онлайн навбати;

• болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати;

• давлат харидларини амалга оширишга оид тартиб-таомилларни белгиловчи ички ҳужжатлар;

• бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилинадиган ҳужжатлар;

• нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлар.

Шунингдек, ушбу қарор билан қуйидаги имтиҳонлар Интернет тармоғида тўғридан-тўғри узатилади:

• фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражасини олиш (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);

• ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, “Темурбеклар мактаблари” ҳарбий-академик лисейларининг) тест синовлари ;

• Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;

• олий таълим муассасаларидаги ҳарбий кафедраларга қабул қилиш.

Қоидабузар ҳайдовчиларга қарши жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилади

Транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Яъни, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Мазкур тартибга мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш йўли билан белгиланган миқдордаги жарима балларини тўплаган тақдирда унга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча жазо сифатида қўлланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалар билан боғлиқ ҳодисалар бўйича алоҳида моддалар билан маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Автомобилни маст ҳолатда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади

Амалдаги тартибга кўра, автомобилни маст ҳолатда бошқариш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Эндиликда жазо оғирлаштирилиши ва бу ҳуқуқбузарлик жиноят деб эълон қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, мастлик ҳолатида текширувдан ўтишдан бўйин товлаш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг 28 ноябрдаги навбатдаги мажлисида депутатлар йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ қонун лойиҳасини уч ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилди.

Лойиҳа билан транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариш ёки мастлик ҳолатида текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Амалда бунинг учун маъмурий жавобгарлик мавжуд.

Таклиф этилаётган санкция қандай экани ҳозирча маълум эмас. Ўтган йили ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидов маст ҳолда рулга ўтирганлар 5 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳақида айтганди.

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиш таклиф этилди

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Мансабдор шахсларни лавозимга тайинлашда янгича амалиёт жорий этилади

“Давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига риоя этилаётганини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишига риоя этилаётганини рейтинг асосида баҳоловчи Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси жорий этилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб мансабдор шахсларни лавозимга тайинлаш (сайлаш), хизмат бўйича лавозимини кўтариш ёки туширишда, махсус унвонлар беришда Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси натижаларини инобатга олиш амалиёти жорий этилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази “Ижтимоий фикр” маркази ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда:

А) Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индексини аниқлаш бўйича аҳоли ва соҳа мутахассислари ўртасида тизим орқали ўтказиладиган ижтимоий сўровларни ўтказиш дастури ва баҳолаш мезонларини ҳисоблаш методологиясини тасдиқлайди;

Б) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар Тизимнинг ишлаб чиқилишини ва ишга туширилишини таъминлайди;

Г) Ўзбекистон президенти администрацияси ва Олий Мажлис палаталарига Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индексини аниқлаш жараёнидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиб боради.

Давлат органлари номзодларни лавозимга тайинлаш, хизмат бўйича лавозимини кўтариш ёки туширишда, махсус унвонлар беришда Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси натижаларини инобатга олиш назарда тутувчи ўз ички тартибларини ишлаб чиқиб, жорий қилади.

Тошкентда чиқинди олиб кетиш хизмати нархи қимматлашади

 Тошкент шаҳридаги аҳоли ва ташкилотлар учун чиқинди тўплаш ва олиб кетиш хизмати нархи кўтарилди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши 29 ноябр куни қарор қабул қилди.

Қайд қилинишича, хизмат нархи аҳоли учун ойига 4500 сўмдан 7500 сўмга, бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 53986 сўмдан 89966 сўмгача ошган. Тарифлар 15 кундан кейин (14 декабрдан) амал қилиши кутилмоқда.

Бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 1 куб.м. қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ҚҚСсиз 89 966,57 сўмга (ҳозирда 53 986,56 сўм), 1 тонна чиқинди — 188 808,96 сўмга (ҳозирда 20174 сўм) қимматлашади.

Корхона ва ташкилотлар учун ND-310 русумли автомашиналар (марказий юк ташувчи) ёрдамида чиқинди ташиш шохобчаларидан (Яшнобод, Яккасарой ва Юнусобод метро станциялари) қаттиқ маиший чиқиндиларни Оҳангарон полигонига олиб чиқиш беш баравар қимматлашади — 116461,34 сўм (ҳозирда 22275 сўм).

Дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилади.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи, шунингдек ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.