$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

183 давлат орасидан 56-ўрин: Бизда гендер тенглигига доир вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак?

gender equality

Жамиятда гендер тенглик тамойилини сингдириш ва татбиқ этиш, албатта, осон кечадиган жараёнлардан эмас, бу борада гендер тенглик тушунчасининг талқини билан боғлиқ бўлган баҳсли, стереотипли мунозаралар, фақат аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деб тушуниш ҳоллари учраб туради.

Юртимиз аёллари тенгликка муҳтож эмас, ғарбнинг фитнаси, улар ожиза, асраб-авайлаб яшаяпмиз, дегувчилар ҳам йўқ эмас. Аммо юртимиздаги гендер масалалари бўйича асл вазият турли халқаро рейтинг, индексларда яққол намоён бўлади.

Масалан, куни кеча Open Data Watch халқаро нотижорат ташкилоти гендер маълумотларидан фойдаланиш имконияти ва очиқлик даражасини баҳолайдиган “Gender Data Compass” рейтинги натижаларини эълон қилди. 

Марказий Осиёда натижалар

Унга кўра, Ўзбекистон 37 балл билан 183 давлат орасидан 56-ўринни, Марказий Осиёда эса 3-ўринни эгаллади. Қозоғистон глобал рейтингда юқори натижа билан 4-ўринни эгаллаган бўлса, Қирғизистон 45-поғонани банд этган.

ТОП 3

Юқори учликни БАА, Корея Республикаси ва Дания банд этган.

Баҳолаш мезони

Бу рейтингда мамлакатлар 5 та мезон бўйича баҳоланади: маълумотлардан фойдаланиш имконияти, очиқлик, асослар, имкониятлар ва молиялаштириш.

Ўзбекистон молиялаштириш йўналишида энг паст кўрсаткичга эга бўлди

Ўзбекистон ушбу 5 жиҳатдан молиялаштириш йўналишида энг паст кўрсаткичга эга бўлди. Ташкилот изоҳига кўра, гендер маълумотлари тизимларининг барқарорлиги учун ички ва ташқи манбалардан етарли маблағ ажратиш жуда муҳим. Инвестициялар гендер тенглигини таъминлаш учун керак, чунки улар зарурий гендер маълумотларини тўплаш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон рейтингдаги ўрнини яхшилаш учун нима қилиши керак?

Ташкилот Ўзбекистонга гендер маълумотлари рейтингини яхшилаш учун тавсиялар берди. 

Биринчиси – бўшлиқларини тўлдириш учун кўпроқ гендер маълумотларини нашр этиш.

“Гендер маълумотлари компасида (GDC) баҳоланган 53 та кўрсаткичдан 10 таси ҳеч қандай давлат веб-сайти ёки порталида эълон қилинмаган. Бундан ташқари, нашр этилган 14 та статистика жинс бўйича ажратилмаган. 

Гендерга тааллуқли, жинсга қараб ажратилган маълумотлар гендер тенгсизлигини бартараф этиш, эркаклар ва аёллар ҳаётини яхшилайдиган далилларга асосланган гендер сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун калит ҳисобланади”, – дейилади ташкилот шарҳида.

Иккинчи тавсия эса кўпроқ гендер маълумотларини очиқ форматларда нашр этишга оид.

Изоҳланишича, Ўзбекистонда гендер маълумотлари компасида баҳоланган 8 та маълумотлар тўпламидан камида биттаси очиқ форматда нашр этилмаган.

Ўзбекистонда гендер статистикасини юритиш бўйича ким масъул?

Маълумот учун, Ўзбекистонда гендер статистикасини юритиш бўйича Статистика агентлиги ваколатли орган ҳисобланади. Агентликнинг маълум қилишича, ташкилот томонидан gender.stat.uz сайтининг барча бўлимларида бугунги кунда 180 дан зиёд гендер статистикасига оид кўрсаткичлар 3 та тилда, 5 хил форматда жойлаштириб бориляпти.

Теги :
Jamiyat