$
 12927.17
36.74
 14717.58
-3.29
 155.73
-0.31
weather
+26
Кечаси   +14°
powerads

Давлат мавжудлигининг рамзи. Байроқлар тарихи ва уларнинг эволюцияси

Фото: Wikipedia Фото: Wikipedia

1991 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинди. Шундан бошлаб, бу кун Ўзбекистонда “Байроқ куни” сифатида нишонланади. Мактаб давридан буён Ўзбекистон байроғи ҳақида яхши маълумотга эгамиз. Унинг ранглари ва маʼнолари ҳақида ҳар йили телевидение ва радио, интернет тармоқларида эшитиб, ўқиб борамиз. Шунинг учун бугунги мақолада байроғимиз ҳақида эмас, балки байроқ тушунчаси, унинг тарихи, дунёдаги байроқлар эволюцияси ҳақида сўз юритамиз. 


 

Байроқ нима ўзи?

Байроқ деганда маълум бир ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва жамоанинг маънавий жиҳатини намоён қилувчи таёқ учига ўрнатилган матони тушунамиз. Суверен давлат, географик ҳудуд, шаҳар, қишлоқ, ташкилот, армия бўлинмалари ва ҳоказолар ҳам ўз байроқларига эга бўлиши мумкин. Тарихда ўтган давлатлар турли ҳарбий юришларда байроқдан фойдаланишган. Армия учун ҳам алоҳида байроқлар бўлган. Масалан, Шайбонийлар давлатининг байроғи асосан ҳарбий юришларда ишлатилган байроқ бўлган. Аниқ давлат байроғи деган тушунча бўлмаган. 

Ундан ташқари, маълум бир тилларда гаплашувчилар жамоасининг ҳам ўзига хос байроқлари бўлган. Бундай байроқларга Халқаро Франкофония ташкилоти байроғи, португал тилли давлатлар уюшмаси байрўги, эсперанто давлатлари байроғи. Яқингача Туркий кенгаш дея номланган Турк давлатлари ташкилотининг ҳам махсус байроғи бор. Бундан ташқари Европа Иттифоқи ҳам махсус байроққа эга.

 

Шакли ва пропорцияси ҳар хил бўлсада, асосан тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, баландлиги икки бирлик, кенглиги эса уч бирлик ҳажмда бўлади. Байроқнинг йўқ қилиниши у акс эттириб турган давлат, ташкилот, шахс ва бошқаларнинг йўқ қилинишини билдиради. Жумладан, урушларда байроқнинг душман қўлига тушиб қолиши қўшин мағлубиятини англатган. 

Байроқ сўзи эски туркчада ерга санчиб қўйилган маъносини берувчи «батрак», «батрук» сўзларидан олинган. Ушбу сўзлар кейинчалик ўзгаришга учраб, шаклини ҳам, маъносини ҳам ўзгартирган. Қадимги турклар узун таёқлар учига хоқонлик белгиларини ўрнатиб, уни ерга санчиб қўйишган. Шу одат бўйича, байроқлар шаклланиб, давлат рамзига айланган. 

Байроқлар тарихи

Илк байроқлар милоддан аввалги 2-мингйилликка тўғри келади ва уни илк бор хитойликлар ишлатган. Шунингдек, бугунгидек ипак матолардан байроқ тикишни ҳам хитойликлар ўйлаб топган. Бунинг сабаби эса, ипакнинг Хитойда пайдо бўлганидир. 

 


Илк байроқлар вексиллоид шаклида бўлган ва асосан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган. Бунга машҳур Аҳамонийлар ва Рим империяси штандартларини мисол қилиб келтириш мумкин. Хитойда пайдо бўлган ипак матодан қилинган байроқлар вексиллоидларга нисбатан енгил ва қўлда олиб юриш қулай бўлгани сабабли бутун дунё бўйлаб кенг тарқалди. Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон ва Рим орқали бутун Европагача етиб борди. 

Байроқларнинг ишлатилиш қоидалари

Байроқларни ишлатишда бир қанча протоколлар мавжуд. Баъзан байроқни тунги вақтда, агар у тўғри ёритиш тизими билан жиҳозланмаган бўлса ёки об-ҳаво шароити мос келмаса, қолдириш эътиборсизлик деб ҳисобланади. Шунингдек, ранги ўчиб кетган, кир бўлиб қолган, ғижимланиб кетган ёки устунига ўралиб қолган байроқни шундайлигича қолдириш бутун дунёда қораланади. Шунингдек, байроқни ҳурмат юзасидан ҳеч қачон ерга ташлаб қўймаслик керак. Шу ўринда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Г20 саммити доирасидаги суратга тушиш павильонида Туркия байроғини ердан олиб, чўнтагига солиб қўйган ҳолатни эслатиш ҳам ўринли бўлади. Байроқ кўтарилганда унга ҳурмат бажо келтириш ҳам унга нисбатан ўрнатилган протоколлардан бири ҳисобланади.

 


Байроқни кўтариш билан бирга, уни тушириб қўйиш одати ҳам бор. Бу, асосан, ҳукумат даражасидаги бирор шахснинг, қироллик оиласи вакилининг вафоти муносабати билан юз беради. Бунда вафот этган кишига ҳурмат бажо келтириш маъноси бор. Хусусан, яқинда вафот этган Буюк Британия қироличаси Елизавета ИИ вафоти муносбати билан, бир қатор давлатларда байроқ туширилган эди. 

Баъзида байроқлани тунги вақтда ёки ташкилот қарори билан махсус вақтларда ҳам тушириб қўйиш мумкин. Шунингдек, байроқлар бошқа давлат байроғидан баланд қилиб ўрнатилмаслиги керак. Фақат бирор мамлакат штатининг ёки вилоятининг байроғи давлат байроғидан паст ҳолатда кўтарилиши мумкин. Шунингдек, тескари кўтарилган байроқ ҳудуднинг ёки бинонинг душман қўлига ўтганини ёки бўлмаса, тушкунлик кайфиятини кўрсатади. 

Байроқ билан боғлиқ яна бир ҳолат шуки, вафот этган мамлакат аскари дафн қилинаётганда тобут байроққа ўралади. 

Замонавий байроқлар

ХVIII асрга келиб қурол расми туширилган байроқлардан воз кечиш бошланди. Аммо баъзи давлатлар, жумладан Буюк Британия ўзининг баъзи байроқларини сақлаб қолган. Кейинчалик бунақа фигуралар чиқариб ташланган. Денгиз флоти кемаларида эса рангли байроқлардан фойдаланишга ўтилган. 



Биринчи замонавий байроқ Нидерландияда ишлатилган. “Шаҳзода байроғи” деб номланган мазкур байроқ, инқилоб байроғи ҳисобланиб, фақатгина уч хил рангдаги оддий чизиқлардан иборат бўлган. У ХВИ асрга тегишли ҳисобланади. Кейинчалик, Россия, Шимолий Америка, Франция, Италияда ҳам йўл-йўл чизиқли байроқлар пайди бўлди. Шунингдек, Британия ва Скандинавия мамлакатларида хочли байроқлар ҳам пайдо бўлди. 

Янги байроқларда одатда жуда оддий шаклларни учратиш мумкин. Энг кўп тарқалган шакл эса беш қиррали юлдуз ҳисобланади. Кейинчалик, ХХ аср бошида ташкил этилган кўплаб мусулмон давлатларида ярим ой ва юлдуз шаклини учратиш мумкин. 

Байроқлардаги ранглар

2013 йил эълон қилинган бир тадқиқот натижаларига кўра, дунё бўйлаб байроқларда ишлатилган ранглар орасида қизил ранг етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда оқ, кўк ва яшил ранглар турибди. Ушбу ранглар эса ўз навбатида бир қатор маʼноларни ташийди. Масалан, оқ ранг 43 фоиз ҳолатда покликни, тозаликни англатади. Кўк ранг денгиз (48 фоиз), яшил ранг табиат (53 фоиз), сариқ ранг бойлик (35 фоиз), қора ранг қора танлилар (41 фоиз)ни билдиради. Қизил ранг эса асосан асрлар давомида миллатнинг тўкилган қони рамзи сифатида қаралади. Жумладан, Ўзбекистон байроғидаги қизил чизиқлар ҳам озодлик йўлида тўкилган қон ёки томирларимизда оқаётган қонни билдиради. 

Замонавий дунёдаги давлатларнинг байроқларидаги рангларни қуйидаги гуруҳларга ҳам бўлиш мумкин: панафрика ранглари, панараб ранглар, панслав ранглар. Шунингдек, бундай гуруҳга кирмайдиган ранглар байроқлари ҳам бор. Масалан, Франция давлатининг байроғидаги ранглар республика ва монархия ранглари қўшилишидан ҳосил бўлган. Ёки бўлмаса, АҚШ байроғидаги ҳар бир рангли чизиқлар давлат ташкил тилгандаги дастлабки штатлар сонини билдиради. 

Юқорида тилга олинган панафрика ранглари қайсилар? Бу рангларга қизил, сариқ ва яшил ранглар киради ҳамда Африкада жойлашган кўплаб давлатларнинг байроқлари айнан шу уч рангдан ташкил топган. Айниқса, Ғарбий Африкада. Бу ранглар Эфиопия қироллиги байроғидан олинган. Чунки, ХИХ асрда қитъа давлатлари орасида мустақиллигини сақлаб қолган ягона давлатлардан бири бўлган. Бу ранглардан фойдаланган илк давлат Гана бўлган. 1957 йилда мустақилликка эришганидан сўнг, Гана ўз байроғида ушбу ранглардан фойдаланган. 

 


ХХ аср бошида, аниқроғи, Биринчи жаҳон урушидан сўнг, Усмонли империяси таркибидан ажралиб чиққан араб давлатларида панарабизм кучайиб кетди. Панараб ранглар ҳам айни шу даврда юзага келди. Бу ранглар оқ, қора, қизил ва яшил ранглар эди. Аслида бу рангларнинг ҳам ўз тарихи бор. Исломннг илк пайдо бўлган даврларида ҳам байроқлар ишлатилган ва улар оқ ёки қора бўлган. Умавийлар сулоласи оқ байроқдан, Аббосийлар қора байроқдан фойдаланган бўлса, кейинчалик Фотимийлар яшил байроқни ишлатган. Халифалар Абу Бакр ва Умарлар оқ ва қизил рангли байроқлардан фойдаланганлар. Кейинчалик, ҳукм сурган исломий сулолаларнинг ҳам байроқларида ушбу рангларни кўриш мумкин. Жумладан, Хоразмшоҳ Ануштегинийларнинг ҳам байроқлари қора бўлган, Усмонли салтанатида ҳам қизил, ҳам яшил байроқ ишлатилган. 

 


Бугунги кунда ташкил этилган араб давлатларининг аксариятида ушбу тўртта рангни учратиш мумкин. Араб лигасига кирувчи 22 давлатдан 10тасида ушбу рангларни тўлиқ кўриш мумкин, қолганлари эса энг камида ушбу ранглардан бирини байроғида ишлатган. Бугун биз кўп араб давлатлари учратадиган уч хил рангдаги чизиқ ва қизил учбурчакли байроқ 1916-1918 йиллардаги Усмонлига қарши қўзғалонлар пайтида ишлаб чиқилган ва инқилоб байроғига айланган. Ушбу байроқни Макка шарифи Ҳусайн ибн Али ишлаб чиққан ва у кейинчалик бошқа раба давлатлари томонидан ўзлаштирилди. 

 

Foto: Wikipedia Исён байроғини кўтариб олган исёнчи араблар

Панслав рангли байроқларга эса славян халқларидан иборат давлатларнинг байроқлари киради. Бу рангларга Россия байроғи асос қилиб олинган. Ушбу байроқдаги уч хил ранг - қизил, оқ ва кўк - деярли барча славян давлатлари байроғида учрайди. Ушбу уч рангнинг энг кўп тарқалган изоҳига кўра уч хил ранг учта йирик славян гуруҳни англатади. Оқ ранг беларусларни, кўк ранг украинларни ва қизил ранг эса русларни англатади. 

 



Ўзбекистон байроғидаги ранглар ва белгилар



Маълумки, давлат байроғи тўрт хил рангдан иборат. Шунингдек, ярим ой ва ўн иккита беш қиррали юлдуз ҳам байроққа туширилган. Кўк ёки мовий ранг мусаффо осмон, шунингдек, АМир Темур салтанати байроғи ранги ҳисобланади. Оқ ранг поклик, омад ранги ҳисобланади. Яшил ранг эса табиат, тириклик рамзи ҳисобланади. Қизил чизиқлар эса томирларда оқаётган қон ҳамда ватан озодлиги йўлида жон берганлар қонининг рамзи ҳисобланади. Янги чиққан ой давлат мустақиллигининг рамзи бўлса, ўн икки юлдуз эса қадим тарихдаги ўн икки ойга ишора.