$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Мушт урганга минг танга, билим эгаларига-чи?

Fan olimpiada

Ўзбекистонда ҳар қандай эсини таниган боладан келажакда ким бўлишини сўрасангиз, кўпинча қайсидир машҳур спорт тури устаси бўлишини ёки санъаткор бўлмоқчилигини айтади. Ҳаттоки, болалар ҳам бу соҳаларда мўмайгина даромад қилиш мумкинлигини билади. Олимпиада ва жаҳон чемпионларига ҳавас қилади. Санъат оламидаги юлдузларга ҳавас қилади. Уларнинг бу танловида ота-онасининг ҳиссаси юқори бўлиши ҳам мумкин, албатта. Хўш, болалар нима учун физик, биолог ёки кимёгар бўламан, демайди? Бугун шу саволларга жавоб топиш мақсадида соҳада ютуққа эришганларга қандай ва қанча рағбат ажратилиб келинганига, икки соҳага қай даражада эътибор қаратилганига қизиқиб кўрдик.

Спорт учун эътибор керагидан ортиқроқ

Спорт йўналишидаги иштирокчилар йил мобайнида турли хил мусобақаларда ва асосий турнир, жаҳон чемпионатида иштирок этади. Мавсумга кўра ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтувчи қадри нисбатан баландроқ бўлган мусобақалар ҳам мавжуд. Мисол учун, 2016 йилги Рио олимпиадаси медаллари соҳибларига Malibu автомобили ва пул мукофотлари топширилган.

Аниқ маълумотга кўра, олтин медални қўлга киритган спортчилар 200 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланса, кумуш медаль учун — 100 минг доллар ва бронза медаль учун — 75 минг доллар тортиқ қилинган. Автомобиль барча медаль соҳибларига бирдек тақсимланган. Бундан ташқари, ҳар бир спортчини ўз вилоятида ҳоким ва казо-казолар турли совғалар билан сийлашгани ҳақида ҳам турли гап-сўзлар қулоғингизга чалинган бўлса, ажаб эмас.

Энди яқин тарихга назар ташласак: 2021 йилги Токио олимпиадаси. Мусобақа совриндорлари қуйидагича мукофотланган:

Олтин медаль соҳибларига:

200 минг доллар, 3 хонали уй, Tahoe автомобили;

Кумуш медаль совриндорларига:

100 минг доллар, 2 хонали уй, Traverse автомобили;

Бронза медаль совриндорларига:

50 минг доллар, 2 хонали уй, Trailblazer автомобили топширилган. Бундан ташқари, спортчиларимиз олимпиадаларга қадар кўплаб мусобақаларда тобланиб келишади.  

Фан олимпиадалари ҳам Ватан шарафи учун эмасми?!

Халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари асосан аниқ ва табиий фанлар йўналишида ҳар йилда бир маротаба ўтказилади. Улар фанлар номига мос равишда IMO, ICHO, IBO, IPHO, IOI каби номлар билан ташкил қилинади. 

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг Telegram саҳифасида келтирилган маълумотларга таянсак, келгусида Ўзбекистоннинг фан элитаси бўлиши керак бўлган болаларга 2012, 2013, 2014 йилларда халқаро олимпиадаларга боришга рухсат берилмаган. “Менинг билишимча, 2012 йилда Аргентинада бўлган олимпиадага боришни Ташқи ишлар вазирлиги тақиқлаган. Билишимча, қандайдир ташқи сиёсий сабабларни баҳона қилиб, жамоага олимпиадага боришни тақиқлашган”, — деб ёзади Ҳошимов.

Эндиликда илм мусобақаларига ҳам эътибор қаратилаётгани бор гап. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, нуфузли халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозлари учун 2019 йилдан буён 4,1 млрд сўмлик пул мукофотлари ажратилган. Табиий равишда олимпиада ғолибларига каттароқ совринлар берилиши бошланганидан бери, Ўзбекистондан ҳам халқаро олимпиадачилар сони ошган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 2017 йилдан буён IMO, ICHO, IBO, IPHO, IOI каби халқаро мусобақаларда иштирок этиб келишади. Шу вақт давомида ўқувчилар 4 та олтин, 13 та кумуш ва 20 та бронза – жами 37 та медални қўлга киритишган. 2017 йилда минтақавий халқаро олимпиадаларда жами 37 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 308 нафарга етган.

Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, халқаро олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаган ўқувчиларга имтиёзлар ҳамда мукофот пуллари берилади. Табиийки, кўпчиликка мукофот пуллари миқдори қизиқ. Демак, мукофот пуллари қуйидагича тақсимланади:

– олтин медаль билан тақдирланган ўқувчилар — БҲМнинг 500 баравари (150 млн) ва уларнинг ўқитувчилари — БҲМнинг 450 баравари (135 млн);

– кумуш медаль билан тақдирланган ўқувчилар — БҲМнинг 300 баравари (90 млн) ва уларнинг ўқитувчилари — БҲМнинг 250 баравари (75 млн);

– бронза медаль билан тақдирланган ўқувчилар — БМҲнинг 200 (60 млн) баравари ва уларнинг ўқитувчилари БҲМнинг 150 баравари (45 млн) билан тақдирланади.

Барча рақамлар келтирилди. Энди фан олимпиадалари ҳар йили ўтказилишини инобатга олиб, юқоридаги спорт олимпиадаси бронза медали соҳибининг умумий мукофотлари суммасини тўртга бўлиб, фан олимпиадаси чемпионининг мукофот суммаси билан таққосланг. Хўп, тенг бўлмаса нима, муҳими, беришяпти-ку, деган фикр келгандир хаёлингизга. Аммо бу оддий пул эмас, бу — эътибор. Ҳар бир ота-она боласини молиявий яхши бўлган соҳаларга йўналтиришни хоҳлайди. Инсонлар ўзини, илмини қадрлашларини исташади. Болалар рағбатларга интилади. Аслида, спортчилар олаётган рағбатларга ҳеч қандай адоват йўқ. Шунчаки, мана бу соҳа аслида барчасидан муҳимлигини эртароқ англашимиз кераклигини ҳамда "олтинбош"ларни ўзига яраша қадрлашимиз зарурлигини тушунтирмоқчимиз. Бу мавзуда ўзимизга беришимиз керак бўлган саволлар жуда кўп. Аммо мен шу ерда тўхтайман. Мақолам якунида яна иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовдан иқтибос келтиришни маъқул топдим.

“Албатта, фан олимпиадалари мамлакатдаги умумий таълим тизими яхши ёки ёмон эканлигини белгилаб бермайди. Лекин ўша фан олимпиадалари, фан элитаси шакланишига катта ёрдам беради. Олимпиадада минглаб болалар сараланиши керак. Фан олимпиадалари ҳам спорт олимпиадаларидек нарса, яъни уларга ҳам кичик ёшдан кўп йиллар сармоя қилсагина ўз мевасини беради. Фан олимпиадаларининг фарқли жиҳати эса, эртага шу медаль олган болалар фанга ўз ҳиссасини қўшиш эвазига, мамлакат иқтисодий ўсишига катта ёрдам беришади. Уларнинг ютуқларидан бутун мамлакат иқтисодий фойда кўради. Бу жуда яхши молиявий инвестиция. Биз учун таълимдан яхшироқ инвестиция йўқ.”