$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Сарҳисоб: Собиқ, раддия берувчи, ҳейтлар нишони, журналист ва янги сайловда қатнашишни истамайдиган журналистлар

депутат

Куни кеча ўзининг қолган депутатларга нисбатан фаоллиги ҳамда танқидий қарашлари билан жамоатчилик орасида ўз ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 2024 йилги депутатлик сайловларида ўз номзодини қўймаслигини маълум қилди. Шу йилнинг ўзида яна бир халқ вакили Расул Кушербаев ҳам депутатлик фаолиятини тугатган эди. Шу ўринда сизда ўринли бир савол туғилиши мумкин. Қонунчилик палатасида ўзининг фаоллиги билан ажралиб турувчи халқ вакиллари шунчалар озми? Келинг, депутатларимизнинг йил давомида қилган ишлари ва жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлган фикрлари билан қизиқамиз.

Расул Кушербаев 

Бундан, деярли, бир йил аввал 2022 йил 23 декабрда Расул Кушербаев депутатлик ваколатини тугатишини маълум қилган ва 26 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ваколатини муддатидан олдин тугатиш масаласини кўриб чиқади. Сўнгра, комиссия аъзолари бир овоздан унинг ваколатини тугатишни қўллаб-қувватлашади. Бу воқеага сабаб ўтган йил охирида Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов 2023 йилги Давлат бюджети муҳокамаси чоғида унга сўз бермагани эди. Кушербаев ўз қарорини эълон қиларкан, “бундай ишлай олмас эканман, бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман”, — деб ёзганди.

Бундан ташқари, 2023 йил 31 июлда Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзолигидан чиқди. Кушербаев 2023 йил 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигида вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.

Куширбаев фаолияти давомида кўплаб жамиятни қийнаб келаётган ижтимоий адолатсизликларга қарши курашган. У очиқликни, сўз эркинлигини, судларнинг мустақиллигини, хусусий мулк дахлсизлигини ва бошқаларни таъминлаш бўйича фаол тарафдор. Шунингдек, либераллаштириш ва мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари фаолиятига бозор механизмларини жорий этишга ҳамфкир.

Дониёр Ғаниев 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари. Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати фракцияси аъзоси. Ғаниев йил давомида кўплаб мавзуларда фаоллик кўрсатди. Мисол учун, бироз аввал Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш мақсадида» иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилиниб, 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинганди. Бу таклифга нисбатан депутат ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлаган. “Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз”, — деган эди у.

Алишер Қодиров

Ўзбекистоннинг ўнг қанотли сиёсатчиси, 2019 йил 22 майдан бошлаб, Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари. 2015 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. 2021-йилда „Миллий тикланиш“ ДП номидан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида иштирок этган. Қодиров ўзи аъзолик қилувчи ҳар бир ташкилотнинг ўта фаол шахси бўлиб, кўпинча ижтимоий тармоқларда хейтга учрайди. Мисол учун, у июль ойиида Twitter'даги саҳифасида камбағалликнинг сабаблари ҳақида твит қолдиради. “Халқаро мезонларга кўра, 7 йил аввал 34 фоиз аҳоли камбағал эди, 2023 йилда 14 фоизга камайган. Камбағаллик мағлубиятдир! Ким камбағал бўлади? Ҳаракати, илми, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади! Давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади!”, – деб ёзади Қодиров. Шундан сўнг, депутат табиий равишда “хейтлар ёмғири” остида қолади. Қодиров ҳар доим ҳам ўринли танқид остига олинавермайди. Масалан, у охирги муҳокамалар мавзусига айланган автомобилларга хизмат кўрсатиш қиммат бўлиши кераклиги ҳақидаги чиқишида ўринли таклиф билдиришига қарамай, турли сайт ва йирик каналларнинг унинг гапларини тўлиқ англаб етмай, нотўғри талқин қилиши сабабли, яна жамоатчилик танқидига учраган эди.

Одилжон Тожиев

Хуқуқшунос ва сиёсатчи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IV чақириқ Қонунчилик палатаси депутати. Ўзбекистон „Миллий тикланиш“ демократик партияси аъзоси. Депутат охирги маротаба жамоатчилик марказида Конституциявий ислоҳотлар комиссияси матбуот котиби сифатида иш олиб бориб, BBC Ўзбек хизматига Конституцияга киритилган ўзгартиришлардан мақсад президент муддатини янгилаш эканлигини инкор қилиш билан бирга бу ҳақдаги ўзгартириш муаллифини ошкор қилмагани сабаб бўлган эди. Шунингдек, Тожиев йил аввалида бошқа бир депутат Бобур Бекмуродовнинг болаларни зўрлагани исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддий педофиллар кастрация қилинишини керак, дея билдирган фикрига қарши чиқиб, масаланинг қалтис томонлари борлигини айтиб, баҳслашиб қолишган эди.

Умида Раҳмонова 

Сиёсатчи ва журналист. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича депутати. Ўзбекистон Демократик партиясининг „Миллий тикланиш“ фракцияси аъзоси. У яқиндагина Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифига жавоб қайтарганди. Унинг хулоса қисмида “Фашистларнинг охири нима бўлишини тарих қайта-қайта кўрсатган. Арқонни узунроқ ташлаб турайлик-чи”, деб ёзган Умида Раҳмонова. Шунингдек, у тармоқларда тарқалаётган болаларга нисбатан ишлатилаётган зўравонликларга муносабат билдирар экан, “болаларимиз тажриба қуёнчаси эмас!”, — дея фикр билдирган.

Иномжон Қудратов: “Адолат” СДП фракцияси Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан  ҳамкорлиги масаласида муҳокамаларни бошлади | "Адолат" СДП

Иномжон Қудратов

Сиёсатчи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IV чақириқ Қонунчилик палатаси депутати. "Адолат" социал-демократик партияси аъзоси. Қудратов Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш ҳақидаги гапига биринчилардан бўлиб“Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон мустақил, суверен давлат . Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай фикрлар соғлом ақлга тўғри келмайди.

Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, — дея жавоб қайтарган эди.