$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

«Нега бунга биз айбдормиз, деб айтмайсизлар? Халқдан кечирим сўрамайсизлар?» Президент Андижонда қийноққа солиб ўлдирилган фуқаро ишига муносабат билдирди

Мирзиёев селектор

Бугун одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида сўз борди.

Давлат раҳбари ушбу икки масалага эътибор қаратар экан, Андижонда фуқаронинг ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа солиб ўлдирилиши билан боғлиқ вокеага ҳам муносабат билдириб ўтди. 

“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик.

Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак”, деди Президент.

“Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози.

Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларни билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар?

Бу каби нохуш ҳолат такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? 

Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда”.

Йиғилиш давомида Шавкат Мирзиёев юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, бундан буён Парламент депутат ва сенаторларига ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликн́и жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий мулоқотларни мунтазам ўтказиб боради.

Шунингдек, Парламентдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб бориши белгиланди. 

Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман ва Тошкент Давлат Юридик университетига биргаликда икки ҳафта муддатда “Инсон қадр-қиммати энг олий қадрият” махсус ўқув модулини ишлаб чиқиб, график асосида барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитишни ташкил қилиш юклатилди.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар ички ишлар идоралари маъмурий бинолари, жазони ижро этиш жойларига ўрнатилган барча кузатув камераларини Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратига уланишини таъминлаш алоҳида таъкидланди.

“Яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетган.

Шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.

Токи терговга алоқадорликка қатъий амал қилинмас экан, терговчи аниқ йўналиш бўйича ишламас экан, на сифат, на натижага эришиб бўлмайди.

Бундан буён тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозим", - деди президент.