$
 12600.14
10.14
 13642.17
-23.02
 135.92
-0.05
weather
+26
Кечаси   +14°

“Машинамиз консерва банкасига ўхшаб ғижимланиб кетди” — Комил Алламжонов 14 йил аввал ўзи билан бўлган фожиани гапириб берди

“Машинамиз консерва банкасига ўхшаб ғижимланиб кетди” — Комил Алламжонов 14 йил аввал ўзи билан бўлган фожеани гапириб берди

Миллий масс-медиани қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида 14 йил аввал ўзи билан рўй берган автоҳалокат ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Бундан 14 йил аввал 3 октябр куни бир ўлимдан қолиб, Аллоҳ менга қайта умр берган кун. 2006 йил. Рўзаи рамазон ойлари.

Ўша пайтлар солиқ қўмитаси матбуот хизматида ишлар эдим. Бир куни Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Одилхон Рустамов менга қўнғироқ қилиб, вилоят солиқчилари катта миқдорда ноқонуний ароқ ишлаб чиқарувчи цехни аниқлагани ва бир ярим тонна спирт маҳсулоти қўлга олинганини айтиб, ушбу ҳолатни матбуотга чиқариб беришни илтимос қилди. Ўша пайтда “Солиқ хизмати хабарлари” номли кўрсатувимиз бўлар эди. Тезкор хабарлар ёритилар эди. Ва ўша кўрсатувга чиққан ҳар бир ҳолат қонуний (яъни ҳеч ким аралаша олмасди) ҳал қилинар эди, чунки бу кўрсатувни қўмита раисининг шахсан ўзи доим кузатиб борарди. Бир сўз билан айтганда бизни кўрсатувда чиққан ҳар бир ҳолатга пировард натижада қонуний чора кўрилиши шарт эди. Мен барча ҳужжатларни расмийлаштириб, Хоразмга кетиш ҳаракатни бошлаб юбордим.

Лекин негадир ишларим юравермади, рухсат буйруқлари кечикиб чиқди, оператор йўқ, самолётга чипта умуман топилмаяпти. Қандайдир илоҳий куч ҳамма ишни тўхтатишга уринаётгандек. Мен эса қайсарлик билан ҳаракат қиляпман. Жуда қийинчилик билан чипта топдик, тасвирчи ҳам топилди. Асқар деган йигитни бирга боришга кўндирдим. Хуллас, Хоразмга етиб бордик. Самолётдан тушишим билан сумкамни очиб қарасам, атир идишларим синиб кетибди. Қалин шиша идиш синиши учун сумкани қандай қилиб отиш керак, деб жаҳлим чиқди, лекин индамай бошқармага бордик. Барча ҳолатларни тасвирга олдик. Айбдорлар, ароқлар сақланадиган омборхоналар. Хазорасп туманида бир ярим тонналик спиртни бориб тасвирга олиш қолди. Сўнг Урганчни томоша қилгани боришимиз керак. Солиқчилар балки бормасмиз дейишди, мен йўқ, бориш керак, ишни охирига етказамиз ва кейин дам оламиз, деб туриб олдим.

Бордик, ҳамма ҳолатни тасвирга олдик. Энди ортга қайтиш керак. Хазораспдан Урганчга Тико машинасида қайтяпмиз. Олдимда тасвирчи камераси билан, ҳайдовчи бизнинг Хоразмдаги ходим Алишер ака. Тўғри узун йўлдамиз. На чапга ва на ўнгга йўл йўқ, фақат тўғрига. Йўлнинг икки чеккаси дала. Тезлик 100-110 км/соат. Рўпарамизда трактор кетяпти, орқасида прицепи билан. Бир пайт ўша трактор рулни чапга буриб бутун йўлни тўсиб таққа тўхтаб қолса бўладими. Йўл бутунлай тўсилиб қолди. Бизнинг ҳайдовчи бор кучи билан тормозни босганина қарамай катта тезликда трактор прицепининг балонига шундай урилдикики, машинамиз консерва банкасига ўхшаб ғижимланиб кетди. Ичидаги одамларнинг ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади. Алишер аканинг кўкрак қафаси эзилди, Асқарни қўлидаги камера қутқариб қолди, зарбдан фақат камера синди, холос. Мен эса орқа ўриндиқда эдим ва, албатта, хавфсизлик камарини ҳам тақмагандим. Биласиз, бизда хавфсизлик камари аслида кўпроқ ЙПХ ходимларининг кўзи учун тақилади, орқадаги камар эса умуман ишлатилмай, чанг босиб ётади. Хуллас тўқнашувда кўзимдан олов чақнаб кетди, оёғимнинг икки жойи синган, тос суяги ёрилган, қўлимнинг катта вена томирлари ёрилган ва бош мия чайқалган эди. Унинг устига, ҳозир машина портлаб кетади деб ўйлаб, бор кучимни тўплаб, машинадан ўзимни ерга отдим. Оғриқ кучидан ерда додлаб ётибман. Йўлнинг қоқ ўртаси, марказгача бир соатча йўл. Ўшанда машинамиз яхшиям трактор балонига урилди, прицеп ўртасига эмас. Акс ҳолда калламиз шартта узилиб кетар эди, тавба қилдим.

Хуллас, солиқчилар бизнинг орқамиздан кузатиб келишаётган экан, бахтимга улар дарҳол келиб, бизни олиб кетишди. Қишлоқ шифохонасига бордик. Аҳвол бир бало. Додлатиб, бақир-чақир билан амаллаб рентген қилишди ва палатага ётқизишди. Энди палатанинг аҳволи шундай ачинарли эдики, буни мендан кўра ўша қишлоқ аҳолиси яхши билса керак. Тепада узун сим ва унга илиниб турган лампочка, кровать пуржинали, ҳарбий батальонлардан келиб қолганга ўхшайди. Бир пайт бир нурли, файзли шифокор Қадам оға кириб келдилар. Улар вилоят травматологи экан. Оёғингиз бир-икки жойи синибди, ҳозир оёғингизга тош илиб қўямиз, суяк жойига тушса гипс қилинади, кейин Тошкентга кетаверасиз, дедилар. Хайрият, худога шукр деб, кайфиятим озгина ўнгланди. Бир пайт дурадгор қариндошимиз Мансур аканинг ускуналарига ўхшаган, симлари кўк изоленталар билан ўралган дрель, омбирлар олиб киришди.

Аввалига бирон михни деворга қоқишса керак, деб турсам, ҳамшира келиб оёғимга укол қилди ва ўша дрель билан оёғимни тешиб, сим тортиб қўйишди. Шифохонада оғир тош йўқлигидан кўчадаги тошлардан териб келиб, латтага ўраб, оёғимга боғлаб қўйишди. Мен, бўлди, тамом бўлдим, мени атайлаб ўлдирмоқчи бўлишди, ўлмай қолдим, ҳозир охирига етказиб қўйишади деб, қалтираб ётибман. Чунки ароқ ишларини тушунган одам яхши билади, ўша даврларда бу бизнес деярли кўча одамлари қўлида бўлган. Хоразмда ҳам шундай эди.

Ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб қарасам, бутунлай бошқа реанимацияда ётибман. Белимдан оёғимгача гипс қилинган, танамдан қандайдир симлар, болтлар чиқиб турибди. Хуллас, бу азобни душманимга ҳам раво кўрмайман. Унинг устига бегона жой, таниш одамнинг ўзи йўқ. Уйдагилар хавотир олмасин деб ҳеч кимга айтмаганман. Фақат синглим Хуршидага айтганман, мабодо менга бир нарса бўлса хабаринг бўлсин, шу ерда ётибман, лекин ойим ва адамларга хозирча айтма, минг километр узоқдаман, эшитиб тамом бўлишмасин деб, тайинлаб қўйганман. Кечаси травматология бўлими роса тўполон бўлар экан, турли синган-чиққанлар, пичоқ зарби еганлар, жароҳатланганлар, дод-вой, бақир-чақир, хуллас, ҳеч кимга худо кўрсатмасин. Мен ҳам қўрқувда тунлари йиғлаб, қалтираб, тонг отишини кутиб ўтирардим. Қўшни палатада бели синган бир аёл инграб, додлаб чиқарди. Бахтимга Асқар ёнимда эди. Ўша кечаси билан қараб чиқарди. Шундай қилиб, реанимацияда 4-5 кун ётиб кейин Тошкентга юборадиган бўлишди. Қандай транспортда юборишга бош қотиришди. Самолётда кетаман, машинада гипсланган аҳволда 10 соат қандай етиб бораман деб, шу фикрда тўхтадик. Самолётга носилкада олиб чиқишди, амаллаб ичкарига жойлашди. У самолёт носилка жойлаштириш учун мўлжалланмаган экан, аммалаб, бошини-оёғини айлантириб кириб олдик. Мени 3 нафар одам ўтирадиган ўриндиққа ётқизиб, оёқларим тагига баклажкалар боғлаб қўйишди.

Хуллас, осилиб, амаллаб Тошкентга етиб келдим. Бир ўзим, бир ҳамроҳ ҳам қўшиб беришмабди, менимча қутилганимизга шукр деб, Одил Боқиевич учириб юборган бўлса керак, ҳозир ёзиб туриб, шу жойи алам қилиб кетди (ёш бола эдим, қўмитада ишласам ҳам у даврда матбуот хизматларининг обрўси бўлмас эди. Коттароқ бошқармада ишлаганимда балки бирга оборармиди ҳатто деб ўйлаганман ўшанда). Тошкентга қўндик, ҳамма тушиб кетиб, борт ичида бир ўзим қолиб кетсам бўладими. Ҳой, ким бор деб бақириб турсам, ҳарбийлар кириб қолишди ва кўтариб, бир амаллаб пастга, тез ёрдам машинасига олиб тушишди. Тез ёрдам машинаси фақат ташқи кўринишидан тез ёрдам машинаси экан, ичи эса контрабанда ташийдиган машинага ўхшайди, биттагина бензин канистри турганди. У машина ҳам аэропорт ташқарисига олиб чиқиб қўйди ва у ердан ўша пайтдаги MDS машинаси қабул қилиб олиб, уйга олиб келиб қўйган.

Уйга келганимда ота-онам аҳволимни кўрганидан йиғласа, мен эсон-омон етиб келганимга йиғлардим. Ҳаттоки уйда, яқинларим бағрида жон беришга ҳам тайёр эдим. Шундай қилиб, 6 ой кроватга михландим. Суяклар ҳам яхши битди. Кейин билсам, Хоразмлик травматологлар республикада энг илғор, Қадам оға эса энг кучли мутахассис экан. Худога минг шукр, мана 14 йил бўлса ҳам ҳалигача оғриқ умуман йўқ. Ўша пайтда бу иш тагига бир кун етаман, бир кун барибир воқеанинг асл сабабларини ўрганаман деб юрар эдим. Чунки бу ҳолатдан кейин бир қанча вақт ўтиб, вилоятда анча одамлар қамалди. Лекин барибир нима бўлганини ҳалигача тушуниб етмадим.

Ризқим бор экан, Аллоҳга шукр шу кунгача етиб келиб, ҳаётимда яна қанчадан-қанча воқеалар бўлиб ўтди. Шунинг учун ҳам автоҳалокатларни кўрсам сесканиб кетаман. Бизда бу борада статистик маълумотлар аниқ эмас. Автоҳалокат қурбонларининг сони аллақачон пандемия қурбонлари даражасига келиб қолган. Чунки ўлимлар сони йилига 2 мингдан ошади деб эшитдим. Нима бўлганда ҳам барчага соғлиқ тилайман. Соғлиқ бўлса, ҳар қандай муаммога ҳам ечим топилад”.

Теги :
Жамият