$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Зоминда аэропорт қурилиши ростми? Бу Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига қанчалик таъсир қилади?

Фото: "Янги Ўзбекистон" газетаси Фото: "Янги Ўзбекистон" газетаси

Шу йилнинг 26 октябрь куни Шавкат Мирзиёев “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Ушбу қарорга мувофиқ Шаҳрисабз, Сариосиё ва Зомин шаҳарларига янги авиақатновлар йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бунинг учун Шаҳрисабз ва Сариосиё шаҳарларидаги аэропортлар таъмирланиб, Зоминда янги аэрпорт қурилиши ҳам айтилмоқда.

Бундан ташқари бошқа янги йўналишлар ҳам очилмоқда. Бунинг ортидан Тошкентдан Зоминга тўғридан-тўғри учиб бориш мумкин бўладими? Ёки Тошкентдан Мўйноққа, Самарқанддан Мўйноққа тўғри учиб бориш мумкин бўладими? Хўш, ушбу авиақатновлар ўзини қанчалик оқлайди? Улар ҳудудлар ривожланиши ва туризм салоҳиятига қай даражада таъсир қилади? Ушбу ҳудудлардаги аэрпортлар олдин қай мақсадларда ишлатилган? Қуйидаги мақолада шу каби саволларга жавоб излаб кўрамиз.

Президент қарори нималарни кўзда тутади?

Аввало, Президент қарорида нималарга эътибор қаратилганига назар ташлайлик. Қабул қилинган қарор мамлакатда ички туризм ва минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини ривожлантиришни устивор вазифа сифатида белгилайди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш Транспорт вазирлигига топширилган. Қарорга мувофиқ ҳудудларни бир-бири билан боғлаш мақсадида бир қатор йўналишларда ички рейслар қўйилиши керак. Ушбу йўналишларда авиақатновлар 2023 йилнинг март ойидан бошланиши айтилган. Самарқанд — Нукус, Самарқанд — Мўйноқ, Самарқанд — Термиз, Бухоро — Термиз, Наманган — Термиз ва Наманган — Нукус каби янги йўналишлар билан бирга, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз ва Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, Зомин аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш кутилмоқда. Аммо бу аэропортларга рейслар қаердан амалга оширлиши, қурилиш ва таъмирлаш ишлари қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Ўзбекистонда ички йўналишларда авиақатновларни кўпайтириш учун Silk Avia лоукостери ташкил этиляпти. Авиакомпанияни ташкил этиш учун Миллий банк томонидан Uzbekistan Airports’га 2 йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 50,0 млн доллар кредит ажратилади. Бунинг учун Uzbekistan Airports’нинг кўчмас мулклари ва сотиб олинаётган самолётлар гаровга қўйилади. Кредит олиш ва уни қайтариш билан боғлиқ барча тўловлар авиакомпания ва Uzbekistan Airports зиммасида бўлади. Авиакомпаниянинг қисқа масофаларга учишга мўлжалланган биринчи учта самолёти шу йил охиригача олиб келинади. Компания 3 йил ичида 12 та самолёт олиб, 54 та йўналишда ҳафтасига 216 та парвозни амалга оширишни режа қилмоқда.

Барчаси туризм учун

Албатта, бундай қарорларнинг барчаси туризм ривожланиши учун хизмат қилишини ўйлаб қабул қилинади. Назарий жиҳтадан уларни амалга ошириш соҳа ривожига етарли импульс бериши лозим. Бу борада кутилмалар қандайлигини билиш мақсадида, Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан алоқага чиқишга тўғри келди. Вазирлик масъул ходими юқорида номи зикр этилган шаҳарларда очилажак аэропортларнинг туризмга таъсирини қуйидагича баҳолади:

“2023–2024 йилларда Сариосиё, Шаҳрисабз аэропортларини реконструкция қилиш ҳамда янги Зомин аэропортини қуриш режалаштирилган. Бунда, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос хизматлар ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий авиақатновларни қабул қилиш орқали туристларни кенг жалб қилиш белгиланган.

Мазкур аэропортларнинг ривожланиши ушбу ҳудудларда қўшимча хизматлар (Duty Free, Tax Free, Туристик ахборот маркази, меҳмонхона, такси ва бошқа)нинг ривожланишига сабаб бўлади. Қўшимча ҳудудда вертолёт учиш ва қўниш майдони, экстремал туризм (парашютдан сакраш хизматлари) ташкил этиш режалаштирилган.

Натижада ҳозирги пайтда Жиззах вилояти, Зомин туманида янги аэропорт қуриш Зомин ТРЗ (туристик-рекреацион зона) ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Цангардак қишлоғи, Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз, Мираки ва бошқа туристик ҳудудларга ташриф буюриш вақтининг қисқартирилишига олиб келади”, дейди вазирлик мутухассиси.

Ушбу аэропортларнинг очилиши ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятига ҳам таъсир қилади. Масалан, хориждан тўғри Зоминга рейсларнинг амалга оширилиши Жиззах вилоятининг туризм имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон учун нисбатан ёт бўлган тоғ туризми учун Зомин тоғлари энг яхши манзиллардан бири ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари Сурхондарё вилояти ҳам тоғ туризми учун ҳали очилмаган қўриқ ҳисобланади ва Сариосиёга рейслар Тошкентдан 10 соатлик поезд йўлини қисқартиришга ва Термиз аэрпортидан Сариосиёгача бўлган бир неча соатлик йўлнинг тежалишига сабаб бўлади. Ҳамда энг чекка ҳудудлардаги инфратузилма ривожига ҳам иқтисодий аҳволнинг яхшиланишига ҳисса қўшиши мумкин.

Шунингдек, мазкур очилиши режалаштирилаётган аэропортларнинг аҳамияти, уларнинг шу пайтгача қандай фойдаланилгани, ишга тушириш муддатлари ҳақида Uzbekistan Airports МЧЖ ходимлари билан боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик. Аммо комания ходимлари биз юборган сўровга жавоб беришни истамади. Компания матбуот котиби эса мазкур аэропортлар бўйича якуний қарорга келинганлигига амин эмаслигини айтиб ўтди. 

Аввал иқтисод, лекин экологияни ҳам унутмаслик керак

Бугунги кунда ҳар қандай лойиҳани амалга оширишда атроф муҳит экологиясини ҳисобга олиш ҳам зарур омилга айланиб бормоқда. Маълумки, авиапарвозлар давомида атмосферага жуда катта миқдорда карбонат ангидрид моддаси чиқади. Бу эса экология тозалигига зарар келтириши мумкин. Шу маънода, нисбатан яқин йўналишларда ҳаво транспортидан воз кечиш тажрибалари дунёда мавжуд. Шундай экан, Ўзбекистонда очилаётган янги аэропортлар ва янги йўналишлар мамлакат экологиясига қандай таъсир ўтказиши мумкин? Шу саволга жавоб олиш мақсадида, Марказий Осиё уинверситети талабаси, эколог Нигина Исматовага мурожаат қилдик.

“Ўзбекистон иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасини 2 октябрь, 2018 ратификация қилган. Глобал иссиқхона газлари (Греэнҳоусе гасес) чиқиндиларининг 0,37% Ўзбекистонга тегишли бўлиб, бу Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради (0,55%). Аммо 2030 йилга келиб, мамлакат иссиқхона газларини 35 фоизга камайтиришга ваъда берди.

Бутун дунё бўйича ҳаво йўллари транспортлари 3.5% ташкил қилиб Ўзбекистоннинг ҳисса бу ерда сезиларсиз кўриниши мумкин, лекин ички ҳаво йўналишлар кўп нарсани ўзгартириши шубҳасиз. Биринчидан, самолётлар ёқилғида ишлайди ва Силкавиа сотиб олган АТР 72-600 70 йўловчилар учун соатига 130кг ёқилғи сарфлайди. Масалан, Тошкент-Зомин йўналиши учун рейс ташқарига камида 42кг заҳарли газларни чиқаради. Лекин бу газларнинг литосферага зиёни йўқ. Чунки бу газлар атмосферага кўтарилади, аммо маҳаллий зиёнлари бўлмагани билан бу иссиқхона газлари атмосферада қолиб глобал иқлим ўзгаришига ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек Ўзбекистоннинг Париж шартномасига амал қилишига тўсқинлик қилади.

Икккинчидан, рейслардан ташқари Зомин, Сариосиё ва Шаҳрисабз йўналишлари бўйича поездлар, автобуслар ва шахсий автомобиллар ишлатилади ва улардан чиқадиган заҳарли газлар ҳам ҳисобга олиниши керак ва ички авиа рейслар эса буни фақат оширади. Бир соатлик парвоз бизнинг узоғимизни яқин қилиши мумкин, лекин шу билан бирга глобал ҳаво иссиши ва иқлим ўзгаришига ўз ҳиссасини қўшиши ҳам мумкин”, дейди эксперт.

Кўриниб турганидек, бу борадаги ишларда барча томонларни ўйлаб кейин қарор қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Иқтисодни кўтаришга қаратилган ҳар қандай ислоҳот турли факторларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши лозим.


Теги :
Jamiyat