$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Тадбиркорларга кислород концентраторларини олиб киришда енгилликлар берилади. Президент йиғилиш ўтказди

Тадбиркорларга кислород концентраторларини олиб киришда енгилликлар берилади. Президент йиғилиш ўтказди Шавкат Мирзиёев

Бугун тонгда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилинди. Ушбу клиникаларнинг тиббиёт ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш масаласи ҳал қилингани маълум қилинди.

Давлат раҳбари раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб бир қатор чора-тадбирлар белгиланганди.

Жумладан,

—   Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланди;

—   бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади;

—   Коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлар билан таъминланди;

—   Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради;

—   Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда;

—   Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.

Президент айни пайтда “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ушбу вирусга шубҳали бўлган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли Тақсимловчи марказ ташкил қилинаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилган.

Пойтахт вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилган. “Ўзтелеком” корхонаси томонидан уяли телефон аппаратлари тарқатилмоқда.

Президент таъкидлаганидек, чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.

Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари беморларни даволаш учун зарур дори-дармон воситалари захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти хокимликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни “Дори-дармон” акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.

Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт, деди Президент Шавкат Мирзиёев.