$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбек “вор в законе”ларининг қисмати нима бўлди?

вор в законе

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситаларига пойтахтда ўтказилаётган "Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида қилинган ишлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Тошкентда 27 ноябрдан бошланган жиноятчиликка қарши кураш тадбирларида жами 103 киши ушланган. Улар устидан 38 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани очиқланди. Қўлга олинган шахслардан 52 нафарига нисбатан суд ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Қонунчиликда нима гаплар? 

Тошхўжаевнинг маълум қилишича, ўтказилган махсус тадбирлар доирасида Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жами 38 та жиноят иши қўзғатилган:

  • 165-модда: товламачилик, жазо муддати 10 йилдан 15 йилгача);
  • 168-модда: фирибгарлик, 8 йилдан 10 йилгача;
  • 248-модда: қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддаларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, 10 йилдан 20 йилгача;
  • 273-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва б. 10 йилдан 20 йилгача;
  • 276-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп воситаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва б. 3 йилдан 5 йилгача;
  • 277-модда: безорилик, 3 йилдан 5 йилгача.

Салимбой ва Бахти Ташкентский ҳақида

Дониёр Тошхўжаев қилинган ишлар ҳақида маълумот берар экан, жамоатчилик эътиборида бўлиб келган шахсларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Тезкор ишловлар доирасида Салим Абдувалиев ўзида ноқонуний қурол сақлаб келаётгани ҳақида ахборотга эга бўлдик. Шу асосида шахснинг уйида тинтув ўтказдик ва ҳақиқатдан ҳам ноқонуний равишда қурол сақлангани аниқланди ва терговга жалб қилинди.” — деди ИИВВ расмийси. Абдувалиевга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси билан иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Маълумот учун, Салим Абдувалиев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ҳамда мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раисидир. 

Тошхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон жиноят олами етакчиси деб қараладиган, "Вор в законе" (Бахти Ташкентский) Бахтиёр Қудратуллаев ҳақида ҳам кўплаб оператив маълумотлар келиб тушган “Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан айб эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Бахтиёр Қудратиллаев Ўзбекистондаги энг ёш "Вор в законе", деб тан олинган. "Вор в законе" — жиноятчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган шахсга жиноят олами элитаси вакиллари томонидан бериладиган унвон. "Вор в законе" фақат собиқ Совет иттифоқи ҳудудига тааллуқли воқеликдир.

“Ғофурбой”нинг тақдири не кечди? 

ИИББ расмийси яна бир ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган шахс, халқ орасида “Ғофурбой”, дея танилган, асли, AIBA ташкилотининг собиқ президенти, айни дамда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда яқиндагина WBC Олий кенгаши аъзос этиб тайинланган Ғофур Раҳимов ҳақидаги миш-мишларга ҳам жавоб бериб ўтди.

“Энди, алдоқчи бўлиб қолмай, иш олиб бориляптими, олиб борилмаяптими, деган жойини тушириб ўтиб кетсак. Бизда ҳозирги вақтда у шахсга нисбатан жиноят иши мавжуд эмас. У шахс келтирилмаган, қидирувга эълон қилинмаган”, – деди Тошхўжаев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Бош прокуратураси 2018 йил июлда Ғофур Раҳимовни қидирувдаги шахслар рўйхатидан чиқарган.

Корхона ва ташкилотлардан ҳам улуш олиб турилган

Боқарма расмийси яна шуни маълум қилдики, рейдлар давомида ушланганлар қарздор фуқаролардан қўрқитиш йўли орқали қўшимча пул ундиришган. Шунингдек, бир неча катта-катта корхоналардан ҳам улуш олиб юрганлари ҳақида маълумотлар ҳам йўқ эмас.

“Дейлик, сиз яхши фаолият юритаётган, кўзга тушган тадбиркорсиз. Сиз ўрганиласиз, нозик жойингиз топилади. Қўпол қилиб айтганда, иккинчи аёлингиз ёки бошқа қандайдир заиф томонингиз бордир, балки. Шу билан сизни чақириб, сиқувга олишади. Шунча даромад топар экансан, менга шунча пул берасан, бермасанг, эртага сени у қиламан, бу қиламан деб қўрқитишади. Пулни бермасангиз, яна чақиради, атрофидаги спортсменлар билан уриб, дўппослайди ва бу охирги огоҳлантириш эканини айтади. Тадбиркор эса тинчлик керак деб, сўраган пулини олиб келиб беради. Улар бир неча катта-катта корхоналардан улуш олиб юрганлари ҳақида маълумотлар ҳам бор”, — дейди Дониёр Тошхўжаев.

“Ғалвир сувдан кўтарилди”

Анжуман давомида Тошхўжаев журналистларнинг саволларига жавоб йўллар экан, бугунги кунда олиб борилаётган ишларга ойлар ва йиллар давомида ҳозирлик кўрилганини айтиб ўтди.

“Бу ойлар ва йиллар давомида ишлаб келинган, назоратга олинган нарсалар. Нимага йиллар, нимага ойлар? Биз ҳаммасига керакли, етарли далиллар топганимиздан кейин бу тадбирларни амалга оширганмиз. 

Бугунги кунда ушбу тадбирларни амалга оширишда қанақадир далилларимиз етмаслиги ёки қаердадир камчиликка йўл қўйиб қўйишимизни, сиз айтганингиздек, кимдир чиқиб кетиб қолишини... Тўғри, бунга аввало тергов билан суд баҳо беради, лекин биз ҳам процессуал қоидаларни биламиз. Биз ҳам жиноят классификацияларини тушунамиз. Ва бу ерга келган, ҳозирги асосий фамилиялари тилга олинган шахслар – уюшган гуруҳ. Мана деярли 11-кун ишлаётган бўлсак, буларни уюшган гуруҳ тартибида ҳаракатланган, деб қўрқмасдан айта оламиз. Сабаби, кеча терговчилар томонидан қўшимча далилларга асосан бир қатор шахсларнинг уюшган жиноятчилик тартибида ҳаракатлангани маълум бўлди”, — деди Тошхўжаев.