$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Дока рўмол”лар қуримаяпти

violence zo

Қора сарҳисоб: йил давомида оилавий зўравонлик бўйича 400 дан зиёд жиноий иш, 6 минг жавобгарлик, 32 мингдан ортиқ ҳимоя ордери 


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, аёлларга нисбатан қотилликларнинг 38 фоизи уларнинг жуфтлари томонидан содир этилади. 

Юртимизда ҳам кўпинча оилада зўравонликка учраган аёлларга маҳалла ёки қариндошлар томонидан кўп ҳам эътибор берилавермайди. Сабаби оиладаги гап ташқарига чиқмаслиги керак, уят бўлади. 

Аммо хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 85 фоизи уларнинг оилаларида содир этилган.


61 минг 412 та мурожаат 


Жорий йилда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳудудий бўлинмаларга жами 61 минг 412 та мурожаат келиб тушган. Шундан 47 минг 465 таси виртуал, 11 минг 719 таси сайёр қабуллар давомида ҳудудий бошқарма ва бўлимлар, вазирлик ва идоралардан, 2 минг 228 таси Қўмитага келган фуқароларнинг мурожаатларини ташкил қилган.  

Мурожаатлар мазмуни қандай?

Йўлланган мурожаатларнинг:

  • 16 минг 940 таси — моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа ажратиш; 
  • 13 минг 20 таси — уй-жой билан таъминлаш;
  • 2 минг 55 таси — уй-жой таъмири масалалари бўйича;
  • 9 минг 260 таси — аёллар дафтари масаласида;  
  • 8 минг 75 таси — оилавий масалалар;
  • 1 минг 872 таси —соғликни тиклаш, бандлигини таъминлаш;
  • 151 таси — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланиш каби масалалардан иборат.  

Зўравонлик 85 фоизи оилада!

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар ўрганиб кўрилганида, уларнинг қарийб 85 фоизи оилада содир этилганлиги аниқланган.  

Жавобгарлик чоралари кучайтирилди

Бу борада ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бошқармаси бошлиғи Умида Абдуллаева қуйидаги маълумотларни тақдим этди:

“Хотин-қизларга ва болаларга нисбатан зўравонлик глобал муаммо. Шу кунга қадар, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.  

Оилавий, маиший зўравонлик тушунчасини қонунга киритиш борасида масъул ташкилотлар томонидан бир неча бор таклифлар берилган. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар ҳолатлари учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Оиладаги зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. 

Зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган 5-давлат

Халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айланганлиги эътироф этилди.  

Маълумот сифатида айтиб ўтиш керак, ҳимоя ордери республикамизда жорий этилгунига қадар, дунёнинг 126 та давлатида амалда бўлган.

Тўлиқ ечим топдик, деб бўлмайди

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари алоҳида тоифага киритилади. Чунки бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳам, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳам ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Аммо шундай бўлсада, энг ривожланган давлатлар ҳам бу борада тўлиқ ечим топдик дея мақтана олмайди.

60 фоиз — руҳий, 20 фоиз — жисмоний зўравонлик

Айнан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2023 йилнинг ўзида 6 минг нафардан зиёд фуқаро жавобгарликка тортилган. 400 дан зиёд жиноий ишлари қўзғатилган. 32 мингдан зиёд ҳимоя ордери берилган.  

Энг ачинарлиси, салкам 60 фоиз ҳолатда руҳий зўравонлик, 20 фоиз ҳолатда жисмоний зўравонлик содир этилган. Бу иллатларга қарши курашишда маҳалладаги бешлик ўз ишини тўла адо қиляпти деб айта оламан. Улар ҳар бир оиладаги ҳолатни уйма-уй юриб аниқламоқда.  

Мен бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу муаммоларни бартараф этишга бағишланган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Лекин биз инсонларнинг бу иллатга қарши дунёқараши ва онгини ўзгартирмас эканмиз, бу ҳолатлар давом этаверади".


Таққослаш учун: 2021−2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, уларнинг қарийб 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир этилган.