АҚШ ҳукуматини алдаган икки ўзбекистонлик қамалмоқда
Шунингдек, уларга фирибгарлик айби ҳам қўйилган. Хўш, улар неча йилга қамалади?
2 daqiqa o‘qiladi

АҚШнинг Флорида штати Марказий округи прокуратураси асли ўзбекистонлик, АҚШ фуқароси 44 ёшли Абдувосит Разиқов ва Ўзбекистон фуқароси 35 ёшли Дилрабо Обидовани иммиграция билан боғлиқ фирибгарлик ҳамда АҚШ ҳукуматини алдашда айбламоқда.
Аниқ айблов қандай?
Маълум бўлишича, улар, федерал идораларга ёлғон маълумот бериш, жумладан, ноқонуний равишда иммиграция имтиёзларини олиш, АҚШ паспорти олиш учун ариза тўлдиришда ёлғон маълумотлар бериш ва АҚШ паспортини ноқонуний равишда олиш мақсадида кўп йиллар давомида жиноий тил бириктириб келганликда гумон қилинмоқда. Хабарда келтирилишича, улар бу ишни 16 йилдан ортиқ қилиб келишган.
Айблов хулосасига кўра, асли Ўзбекистон фуқароси бўлган Разиқов АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ расмийлаштириш орқали иммигрант мақомини, сўнгра АҚШ фуқаролигини олган. Ўз навбатида Обидова ҳам иммиграция имтиёзларини олиш учун АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ расмийлаштириш мақсадида Разиқов билан тил бириктирган.
Сохта эр ота вазифасида
Сўнгра, Разиқов ва Обидова яширинча турмуш қуриб, ўз муносабатларини иммиграция идораларидан яширган. Жумладан, Разиқов ва Обидова фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида Обидованинг сохта эрини ота сифатида кўрсатишган. Улар сохта никоҳларини яширишга уриниб, АҚШ паспортини олиш учун аризаларда бир қанча ёлғон маълумотларни киритишган. Қонуний равишда доимий резидент мақомини олгандан сўнг, Обидова АҚШ фуқаролигини олишга ҳаракат қилган. Обидова фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги аризада келиб чиқиши, никоҳи ва иммиграция имтиёзлари ва мақомини ноқонуний олишга уринишлари ҳақида кўплаб ёлғон маълумотлар берган.
Бу учун неча йил беради?
Мазкур айбловлар юзасидан уларга АҚШ қонунчилигига кўра, фитна учун 5 йилгача қамоқ жазоси, паспортни қалбакилаштиргани учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Бундан ташқари, Обидовага ёлғон маълумот бергани учун 5 йилгача, АҚШ фуқаролигини ноқонуний олишга урингани учун 10 йилгача алоҳида қамоқ жазоси белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, прокуратура бу шунчаки расмий айбловлар бўлиб, судланувчи айби судда исботланмагунча айбсиз ҳисобланишини келтириб ўтган. Таъкидланишича, ушбу иш Федерал Қидирув Бюросининг Терроризмга қарши кураш бўйича қўшма ишчи гуруҳи томонидан бир қанча давлат идоралари билан ҳамкорликда тергов қилинган.



