$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Икки ОТМ шаҳар марказидан кўчирилиши мумкин: мақсад яна “соққа” қилишми?

moliya narxoz

Куни кеча Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти шаҳар марказидан Сергели туманига кўчирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати мутахассиси Гулноза Қосимованинг берган маълумотига кўра, ҳақиқатан ҳам масъулларда шундай режа бор.

“Бунинг режаси ҳозирча муҳокамада, бундай (олийгоҳ бинолари кўчирилиши) эҳтимол бор, лекин аниқ қарор йўқ ҳали. Лойиҳа бор, тасдиқланмаган. Мен ҳам [бу лойиҳани] кўрмаганман, давлат раҳбари тасдиғидан ўтадиган лойиҳа экан. Агар тасдиқланса, албатта бўлишамиз”, — дея муносабат билдирган у.

Ҳозирча таълим муассасаларини марказдан бошқа жойга кўчириш таклифини ким бергани ва бунга эҳтиёж нимадан пайдо бўлгани ҳақидаги саволлар очиқ қолди. Бу ҳолат эса ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Кимдир университетларни шаҳар марказидан кўчириш хато, аксинча ривожланган давлатларда олий таълим муассасаларини турли субсидиялар бериб, шаҳарга кўчиришади деса, яна кимдир яхши бўларди, тирбандлик камаяди демоқда. Кўпчилик эса яна кимдир “соққа” қилмоқчи деган фикрда. Жамоатчилик фикрича, ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад нима бўлмасин, бу фақат қўшимча харажат ва ўзини оқламайдиган тадбир бўлиб қолади холос. Қуйида келтирилган фикрлар билан батафсил танишсак.

Шаҳар марказидан жой керак бўлса, кераксиз давлат идораларини ёпишсин!

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов университетларни шаҳар ташқарисига кўчириш эмас, керак бўлса, шаҳар ташқарисидан, ичкарига кўчириш керак дея таъкидлайди. Унинг фикрича, университетлар шаҳарларда қиймат яратадиган ниҳоятда муҳим муассасалар ҳисобланади.

“Шаҳарни шаҳар қиладиган нарса бу унинг одамлари. Албатта. Одамлар деганда уларни ижтимоий ва иқтисодий алоқалари, муҳити ҳам тушунилади. Бу ҳақида кўп ёзганман — жамиятларни бойитадиган нарсалардан бири бу шаҳарлашув яъни урбанизация. Шаҳарларда одамлар зич яшагани ва ишлагани учун бойлик матбаасига айланишади. Ғоя шуки, агар одамлар ва муҳими ҳаётнинг ҳар хил жабҳаларидаги одамлар бир бирларига яқин бўлишса — улар қўшимча қиймат яратишади.

Шу бойлик яратувчи манбалардан бири бу университетлар. Университетлар ёш ва илмга чанқоқ одамлар билан инсон капитали матбаасини бирлаштирилади, қандайдир маънода ғоя ва ресурсларни бирлаштирувчи институт. Тўғри, балки Ўзбекистондаги университетлар жуда зўр эмасдир, лекин бу дегани уларни шаҳарлардан ташқарига қувғин қилиш керак дегани эмас. Тескариси, университетларга кўпроқ ресурс бериб уларни шаҳар марказидаги имкониятларини кенгайтириш керак. Университетлар шаҳарларда қиймат яратадиган ниҳоятда муҳим муассасалар ҳисобланилади.

Бир нарсани аниқ айта оламан — дунёда бирорта пичоққа илинадиган шаҳар йўқки — унинг марказида яхши молиявий ёки иқтисодий университет жойлашмаган бўлсин. Айрим шаҳарлар буни субсидиялаштиришади ҳам ҳатто. Масалан, янги қурилган шаҳарлардан — Дубай (LBS), Абу Даби (INSEAD) ёки Сингапур (INSEAD, SMU) етакчи бизнес мактабларни шаҳар марказига келишига субсидиялар беради. Бошқа муҳим шаҳарлар — Нью Ёрк, Лондон, Токио, Истанбул ва Париж ҳам етакчи иқтисодий ва бизнес мактабларини айнан шаҳар марказига келишига имкониятларни юзлаб йиллардан бери таъминлаб келган. Ҳатто, минтақамизда ҳам, Олма-Ота (KIMEP) ва Москвада (Олий Иқтисодий Мактаби) Совет иттифоқидан қулаганидан кейин етакчи бизнес ва иқтисодий мактаблар айнан шаҳар марказида очилиши учун ҳукумат имконият берган ва кўп холларда биноларни ажратган. Тўғриси, бу нарса шунчалик кундай равшан бўлгани учун ёзгим ҳам келмаётган эди. Лекин баъзи пайтларда ўйлаб қоламан, “оловни бензин сепиб ўчириш хато” деб ҳам туриш ҳам керак экан.

Молия ва Иқтисодиёт университетларига кўпроқ ер ва ресурс шаҳар марказида ажратилиш керак бўлса керакдир, лекин олиб ташлаш эмас. Агар ният университетларни ислоҳ қилиш бўлса, уларни ёмонроқ жойга кўчириш орқали бу иш қилинмайди. Борди-ю, агар шаҳар марказида бинолар керак бўлса, бир қанча кераксиз вазирлик ва давлат идораларини ёпиб шу ишни амалга оширса бўлади”, — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Агар мақсад тирбандликни камайтириш бўлса, бу иш самарасиз

Урбанист Искандар Солиев тирбандлик камаяди деган гаплар мутлақо асоссиз эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу ҳеч қандай самара бермайди.

“Кўп ҳолларда “олий ўқув юртларини шаҳардан ташқарига кўчирсак, тирбандлик каби муаммоларни ечамиз” деган фикрлар чиқиб қолади. Аслида эса бундай эмас, ўқув юртлари кўчирилгани билан тирбандлик масаласи ечилмайди. Аслида муаммо жамоат транспорти тизимларидаги амалга ошмаётган ислоҳотлар ҳамда шаҳардаги автомобилларга берилган катта имкониятлар бориб тақалади. Агар шаҳар маркази қисмларини автомобиллардан қисман ва буткул тозаланган ҳолда жамоат транспортига имкониятлар яратиб, уларни устуворлиги тикланса, микромобил ҳаракат воситалари учун инфраструктура барпо этилса бундай муаммоларни учратмаймиз.

Ҳаттоки шаҳардан четга чиқарилган ўқув юртларигаҳам, у ердаги персонал ҳар куни эрталаб ва кечқурун ишларига қатнашда шаҳарга чиқиш ва киришда тирбандликни ҳосил қилаверади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вақтинчалик ечим сифатида шундай ва шунга ўхшаб ўқув юртлари, касалхоналар ва турли муассасаларнинг четга чиқарилиши бу тирбандликни ечиш учун ҳеч қандай фойда келтирмайди, вақтинчалик ечимдай кўринса ҳам. Бу катта пуллар сарфланишига олиб келади холос”, - деган Искандар Солиев.

Бу ишнинг товонини яна солиқ тўловчилар тўлайди

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу лойиҳадан асосий мақсад фақат пул ишлаш эканлиги, бунинг товонини эса яна оддий халқ тўлаши кераклигини айтмоқда:

“Университетларни четга кўчириб ер эгаллаш ўзбек чиновниклари ва уларнинг чўнтак "инвесторлари" учун янги клондайкка айланади.

Аслида ўзбек чиновниклари ва уларнинг чўнтак "инвесторлари" кўз остига олган шаҳар марказидаги Универститетлар жойлашган мазали жойлар фақат Нархоз ва Молия институти эмас (бу таклиф гўёки харажатларни қисқартириш учун Нархоз ва Молияни бирлаштириш ва пробкаларни камайтириш соуси билан берилиши режалаштирилгани бошқа алоҳида мавзу). Кўзланган рўйхат бирмунча кенгроқ.

Ёпиқ кабинетлар ортида триллион триллион ишлаб топиладиган схемалар аллақачон тайёр бўлган, лекин реализацияси турли сабабларга кўра амалга ошмай қолаётган эди. Хусусан, схеманинг бош идеологи ва асосий бенефисиари бўлиши керак бўлганлар тепадан "добро" олиш бўйича қайта қайта уринишларига қарамай ишдан кетиб қолди. Бу орада худди шу тарзда ишланган онкология шифохоналарини ёпиб, шерикларга сотиб, четга кўчириш схемаси ҳам жамоатчиликнинг кескин норозилиги туфайли ўхшамай қолган эди. Шўрпешона шаҳар бошига қўйилган янгиларда эскисидан фарқли ўлароқ жамоатчилик фикри билан боғлиқ комплекслар умуман йўқ.

Демак, оламшумул режаларга кўра, давлат ҳисобига университетларга чет туманлардан янги бино ва корпуслар қурилади. Университетларнинг марказдаги эски ўрни аввалбошдан келишилган қурувчи “инвесторлар”га инвестисия киритиш шарти билан тортиқ этилади (отел, бизнес марказлар ва албатта домлар қуриш учун). Ҳеч қандай очиқ аусион, конкурс ва танлов бўлмайди.

Яъни, университетлар кўчирилиши товонини солиқ тўловчилар тўлайди.

Мазасини эса чўнтак “инвесторлар” кўради”.

Юқорида айтилганидек, қай сабабдан бўлмасин университетларнинг шаҳар марказидан кўчирилиши ўзини оқламайди, бу фақат қўшимча харажатларга олиб келади холос. Қизиқ, қандай лойиҳа учун университетлар кўчирилар, жамоатчиликни ишонтириш учун қандай сабаблар келтирилар экан? Лойиҳа эълон қилингач, бу мавзуга яна қайтамиз...


Теги :
Жамият