$
 12683.99
35.87
 13647.97
25.94
 139.24
0.82
weather
+26
Кечаси   +14°

Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон бўйлаб саёҳат учун қанча йиғим тўлаши айтилди

Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон бўйлаб саёҳат учун қанча йиғим тўлаши айтилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ички саёҳатларга 50 фоизгача субсидиялар бериш тартиби ва жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик йиғимнинг миқдори тасдиқланди, дея хабар бермоқда Туризм қўмитаси.

Унга кўра, янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар 25 фоиз арзон сотилиб, ушбу чипта туроператорлар орқали харид қилинса яна 15 фоиз ва умумий 40 фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, туроператорлар орқали харид қилинган темирйўл чипталарига 15 фоиз, меҳмонхона хизматларига 10 фоиз қўшимча чегирмалар берилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига кўра, масалан, “Фарғона водийсидан қадимий Хива шаҳрига саёҳат” турпакетини 5 кишидан иборат бир оила 6,6 млн. сўмга (авиа ва меҳмонхона хизмати) харид қилганда туроператорлар томонидан давлат субсидияси ҳисобига фуқароларимизга 2 млн. сўм чегирмалар берилиб, 4,6 млн. сўмни ташкил этади.

Бунда, субсидияланадиган авиа ва темир йўл йўналишлари, шунингдек, авиачипта ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияладиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) Махсус комиссия томонидан белгиланади. Жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик (меҳмонхона) йиғимнинг яшалган кун учун миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўмни ташкил этади.

Мазкур йиғим жойлаштириш воситаларининг солиқ солинадиган базасига киритилмайди ҳамда ички саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган тарғибот, ташвиқот ва реклама тадбирларига, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга сарфланиши айтилмоқда.

Теги :
Жамият
Иқтисодиёт