$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Тўсиқсиз туризм: Барча саёҳат қилишга ҳақли

Туризм Turizm

Барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар яратилади. Бу туризмни ривожлантириш мақсадида қилинмоқда.

Фақат жамоат транспортлари билан ривожлантириладими?

Бундан ташқари ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун маданий мерос объектларининг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади ва улар тўғрисида Брайл алифбосидаги маълумотлар жойлаштирилади. Бу ҳақда тўсиқсиз туризмга қаратилган Президент Қарорида келтириб ўтилди.

Имконияти чекланганлар учун яна бир қулайлик сифатида темир йўл ва жамоат транспортларида ҳамда барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар, махсус кўтарилиш пандуслари ва қулай зина тутқичлари ўрнатилади ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус аравачалар қўйилиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад эса туризмни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, I ва II гуруҳ ногиронларини ҳам саёҳат қилиш имкониятларини ошириш режа қилинган.

Чегирмалар ҳам мавжуд

Шунингдек, 2027 йил 1 январга қадар республиканинг барча ҳудудларида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 1000 нафар шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми, эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари 2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелгача меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар меҳмонхонанинг камида 3 та хонасини ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозласа, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатса, уларга ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга 2 миллион сўм. юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга 1 миллион сўм субсидия ажратилиши таъкидланган.

Тушунарсиз ҳолат

Бугунги кунда бир вилоятдан иккинчи вилоятга бориш учун камида 100 минг сўм пул сарфланади. Агар, саёҳат қилмоқчи бўлган шахс республиканинг бошқа ҳудудига саёҳат қилмоқчи бўлса, транспортнинг ўзига камида 500 минг сўм харажат қилишига тўғри келади. Юқорида таъкидланяпти, имконияти чекланганлар саёҳат учун сарфлаган пулининг фақатгина 500 минг сўмдан ошмаган қисмининг 50 фоизи қоплаб берилар экан. Ғалати, агар тенг яримини ҳисобласак, 250 минг сўмга тўғри келади. Саёҳат учун эса бугунги кунда меҳмонхона харажатларини ҳисобга олсак, камида 100 АҚШ доллари сарфлаш керак (яқин вилоятлар учун). Бизникилар, барча нарсани жозибали кўрсатишга ҳаракат қиладими ёки аниқ суммани кўрсатишдан қочадими? Агар, ростдан ҳам 250 минг сўм берилса, “саёҳат қиладиган жойингда қариндошинг бўлмаса, саёҳатга чиқмай қўявер”ми буёғи?

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot