$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Республика Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу қонун муҳокамасида ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда миллий ва халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий омилларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этаётгани айтилди.

Шунингдек, муҳокамада Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилгани айтилмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад – низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар эканлиги таъкидланди.

Ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратилади.

Сенаторлар томонидан маъқулланган ушбу Қонун эълон қилинган кундан олти ойдан кейин кучга киришини инобатга олиб, мутасадди идораларга уни кенг тарғиб қилиш ва тўлиқ ишлаб кетиши учун зарур механизмларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш топширилди.