$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Тайинловлар серияси: Зайнилобиддин Низомиддиновдан Абдусалом Хатамовгача.

Тайинловлар

Жорий йил ҳар доимгидек турли хил ислоҳотлар, режалар, ўзгаришлар билан бошланди. Шу ўринда лавозимлар учун тайинловлар ҳам четда қолгани йўқ. Янги тайинловлар орқасидан ЎзМТРКнинг 19 йиллик раиси ҳамда Бош вазир котибияти мудири ишдан олинди. 

Вазирнинг икки янги ўрин босари

Вазирликлардан бошлайдиган бўлсак, жорий йил 2 февралъ куни Ражабов Сардор Бахтиёрович ҳамда Боқиев Фарҳод Эсанович Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Сардор Ражабов тайинловга қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг, Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти директори лавозимида фаолият юритиб келаётганди. Вазирликдаги фаолиятини бошлашдан аввал эса собиқ Давлат тест маркази директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Фарҳод Боқиев эса тайинловга қадар Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Вазирликка қайтган Низомиддинов

Шавкат Мирзиёев бош вазир бўлган пайтда унинг ёрдамчиси вазифасини бажарган Зайнилобиддин Низомиддинов ушбу лавозимда бир неча танаффусдан кейин яна бош вазир котибияти мудири лавозимига тайинланди. У 2018 йилда президентдан кейин турувчи шахслардан бирига айланган яъни Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаган. 2022 йилдан то ҳозирги тайинловгача Низомиддинов Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари бўлиб фаолият юритди. Айнан Зайнилобиддин Низомиддиновнинг карерасидаги сакрашлар ҳақида сайтимизда ҳам таҳлилий мақола жойлаган эдик. 

Раисликдан кетган Хўжаев

Низомиддинов лавозимга тайинланганидан кейин собиқ бош вазир котибияти мудири Абдурашид Жўраев ҳам лавозимсиз қолиб кетмади. У учун Ўзбекистон миллийтелерадиокомпаниясининг раиси Алишер Хўжаев ўз ўрнини бўшатиб берди. Хўжаевнинг ишдан кетиши сабаблари яширинлигича қолиб, ҳозирда қандайдир лавозимга тайинланганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Маънавият ва маърифат марказига янги раҳбари

Шунингдек, Отабек Абдурашидович Ҳасанов Маънавият ва маърифат маркази директори этиб тайинланди. У тайинловга қадар Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Ишдан олинган Минҳожиддин Мирзо қисмати

Айнан юқоридаги лавозимда фаолият юритган Минҳожиддин Мирзо 2 февралъ куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Минҳожиддин Ҳожиматов Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимида 2019 йил сентябр ойидан бери ишлаб келаётган эди.

Янги дипломат

Шу қаторда, Абдусалом Хатамов Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси этиб тайинланди. Тайинловдан кейин Хатамов Ўмон пойтахтига ташриф буюрган. 52 ёшли дипломат 2018–2024 йилларда Ўзбекистоннинг Екатеринбург (Россия) шаҳридаги Бош консуллигини бошқарган. Шу ўринда айтиш керакки, Абдусалом Хатамов 2018–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасига раҳбарлик қилган Анвар Абдуҳалимов ўрнига тайинланди.