$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Электрон хавф: электрон сигаретлар қай даражада хавфли?

Сигара Sigara

Дунёдаги технологик ривожланишлар, бу соҳани ҳам четлаб ўтмади. Дунёда, шу жумладан бизда ҳам электрон сигаретлар чекиш оммалашиб бормоқда. Аммо улар қанчалик зарарли эканлигини биласизми? Электрон сигаретлар ва оддий сигарет ўртасидаги фарқ нимада? 

Электрон сигаретларнинг келиб чиқиши 

Биз биладиган ҳозирги кўринишдаги электрон сигаретларнинг тарихи аслида узоққа эмас, бор йўғи 20 йил олдинга яъни 2004 йилга бориб тақалади. Аслида эса унинг илк яратилиши 1963 йил Америкасида, А.Гилберт томонидан амалга оширилган ва 1967 йилда бир неча компаниялар яратишга ҳаракат қилса-да, лойиҳа омадсиз якунланган. Фақатгина 2004 йилда хитойлик Хан Ли уни қайта ихтиро қилиб ва патентлаган ҳамда кейинги йилда расман биринч марта Руйи компанияси томонидан сотилган. 

Электрон сигарет ёки одатий?

Аслида ҳар иккаласи ҳам зарарли. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тамакига қарши кураш бўйича бош консультант Шуҳрат Шокиров айтишича, электрон сигаретлар айниқса ёшларга жиддий таъсир қилади, асаб тизими 25 ёшгача шаклланишига эътибор берадиган бўлсак, бу ёшгача электрон сигаретларни чекиш никотиннинг қарам қилиш хусусияти туфайли асаб тизимини емириб боради. Ундан ташқари электрон сигареталарни чекиш юрак-қон томир ва ўпка касалликларининг келиб чиқиш хавфини бир неча баробарга оширади. Оддий ва электрон сигаретларни биргаликда чекиш хавфларни янада оширади, бундай пайтда нафас олиш ҳамда юрак-қон томир тизимидаги касалликлари хавфи икки баробарга ошади. 

Асосан ёшлар чекишади 

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти берган маълумотларга қараганда, электрон сигарет чекувчилар сони ўсмирлар орасида кўпроқ. Дунёда 13-15 ёшлилар ўртасида электрон сигаретларни чекиш катталардан кўра кўпроқ. Масалан, Канадада 2017-2022 йилларда бу статистика ёшлар орасида икки бараварга, Британияда эса охирги йилларда уч мартага кўпайган. Ёшлар ўртасида чекишнинг яна бир томони, кейинчалик уларнинг оддий сигаретга ўтиш хавфи уч баравар юқорилигидир. 

Электрон сигаретларнинг тақиқланиши 

Электрон сигарет чекиш дунёнинг 47 мамлакатида расмий тақиқланган, аммо Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти буни жуда кам деб ҳисоблайди. Чунки 80 дан ортиқ мамлакатда бу бўйича ёш чегараси белгиланмаган бўлса, 70 дан зиёд мамлакатда электрон сигарет тўғрисида бирорта ҳам қонун мавжуд эмас. 

Ўзимизда нима гап? 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, электрон сигаретларни, улар учун керак бўладиган никотин ва никотинсиз суюқликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва сотиш тақиқланади. Президентнинг ўтган йилнинг 25 майдаги имзолаган қонунига кўра, таркибида никотин бор маҳсулотларни чеклашга доир барча чора тадбирлар амалга оширилади, уларни фақат тегишли ҳужжат билан сотиш кескин назоратга олинади ҳамда тамаки маҳсулотлари юзидаги тиббий огоҳлантиришлар 40 фоиздан 65 фоизгача оширилади.