$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

ШИРИН ЭНЕРГЕТИКА КОЛЛЕЖИ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛМОҚДА

ИЭС 6

Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқулов Ширин энергетика коллежида бўлди. Ташриф давомида таълим муассасасида йўлга қўйилган таълим тизими, замонавий устахоналар, лабораториялар фаолияти ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. 

Абдуқодир Тошқулов Ширин энергетика коллежида чуқурлаштирилган ўқитиш тизими, назарияни амалиёт билан тўлдириш механизмлари, ушбу муассасани битириб чиқаётган ўқувчиларни касбга ва олий таълимга йўналтириш, халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини эътироф этди.

Ташриф доирасида иш берувчи корхона-ташкилотлар вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда, Сирдарё иссиқлик электр станцияси бош директори Б.Нурдинов корхона фаолияти, ўқувчиларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Маълумот учун, Ширин энергетика коллежи Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тасарруфида бўлиб, бу ерда Саудия Арабистонининг “АCWА PОWЕR” компанияси томонидан Ширин шаҳрида қурилаётган иссиқлик электр станцияси учун ҳамкорлик лойиҳаси доирасида мутахассис кадрлар тайёрланмоқда.

Ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 2020 йилда “АCWА PОWЕR” компанияси томонидан коллеж тўлиқ реконструкция қилинди. Компания ташаббуси билан ушбу коллежда халқаро талабларга мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида электр энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган таълим тизими жорий этилишига кўмак кўрсатилди.

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ширин энергетика коллежида йўлга қўйилган кадрлар тайёрлаш тажрибасини юқори баҳолаб, ушбу ўқитиш тизимини оммалаштириш бўйича топшириқлар берган эди.