$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Келгуси йилдан давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланишади

Келгуси йилдан давлат органлари раҳбар ва барча ходимлари ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланишади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ, аҳоли ўртасида оммавий спорт ривожлантирилади ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланади ҳамда аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси яратилади.

Жумладан, бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм ёки бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

Ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этилади.

Мактабгача ва умумтаълим муассасаларини бирламчи спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш учун 2021 йилда 6 021 та мактабгача таълим ташкилотига 2 млн сўмдан, 9 942 та умумтаълим муассасасига 5 млн сўмдан ажратилади. Умумтаълим мактабларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча синфларда жисмоний тарбия фанини ҳафтада 2 соатдан ўқитиш ташкил этилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши таъминланади. Биринчи раҳбарлар “Шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.