$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Қурғоқчилик муаммоси: Тийинга тенгланган “тилло”лар заҳираси тугаб бормоқда

qurgoqchilik Фото: Pixabay

Қадимдан ўзбек халқига нисбатан тежамкор ва болажон сифатлари ишлатилиб келинади. Аммо шундай вазиятлар борки, юқоридаги таърифлар, шунчаки, парадоксга айланиб қолади. Бу масалага халқимизнинг сувга бўлган муносабати ўлароқ ёндашишни маъқул топдик. Бугунги кунда бутун дунё, айниқса, Марказий Осиё минтақаси қурғоқчилик ҳавфи билан юзлашаётган бир маҳалда биз вазиятга қандай ёндашаяпмиз, болалармизнинг келажагига ҳиёнат қилмаяпмизми?

Рақамлар гапирганда

Мамлакатимиз Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп, бироқ сув ресурслари энг кам ҳудуд ҳисобланади. Юртимизда ичимлик суви таъминотининг 42 фоизи ер ости, 58 фоизи ер усти сув манбаларидан ишлаб чиқарилади. Халқимиз 1 йил давомида қабул қиладиган сувнинг 18 фоизи мамлакат ҳудудида шакилланади. Қолган 82 фоизи юртимизга Қирғизистон ҳамда Тожикистондан кириб келади. Бу кўрсаткич баъзи вақтларда 85 фоизгача кўтарилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон сув истеъмоли бўйича энг юқори, сув нархи бўйича энг қуйи ўриндаги мамлакат ҳисобланади. Давлатимиз йилига сув ресурсларининг 169 фоизини сарфлайди. Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич Қозоғистонда — 33 фоиз, Қирғизистонда — 50 фоизга тенг.

Иқтисодиёт тармоқлари томонидан бир йилда ўртача 56–57 млрд м3 сув ресурсларидан фойдаланилади. Тақсимланишга кўра, шундан 87 фоизи қишлоқ хўжалиги, 9 фоизи энергетика, саноат ва балиқчилик, 4 фоизи ичимлик суви ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилади. Ҳозирги кунда 1 м3 ичимлик суви ишлаб чиқаришнинг ўртача таннархи 1681 сўмни ташкил қилмоқда. 

Яқин-яқингача пойтахтимиз Тошкентда 1 м3 сув нархи 400 сўм бўлиб келган. Бу дегани, 1 литр сув нархи бор йўғи — 40 тийн. Солиштириш учун бу нарх қўшни мамлакатлар, Қирғизистонда (Бишкек) —800 сўм, Тожикистонда (Хўжанд) — 1530 сўм, Қозоғистонда (Олмота) — 1800 сўм.

Дунёдаги энг қиммат тарифлар Европада. Хусусан, Норвегияда — 5,51 евро (71 минг сўм), Германияда — 4,67 евро (60 минг сўм), Данияда — 4,43 евро (57 минг сўм) ва Нидерландияда — 3,99 евро (51 минг сўм).

"Болажон халқ" болаларининг хавотирли келажаги 

Бугунги кунда ҳар қайси ўзбек фарзандли бўлганда, хаёлининг бир чеккасидан-да ўзи яратиб келётган келажакда давомичисини қандай эколгик ҳавф-ҳатарлар кутаётгани ўтмаса керак? 

Глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб, чучук сув танқислиги минтақада ЯИМнинг 11 фоиз пасайишига олиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, 2030 йилга келиб Ўзбекистонда сув танқислиги 7 млрд куб метрга етади. Табиийки, бунинг ортидан кенг миқёли чанг-қум бўронлари ва озиқ-овқат инқирози каби хатарлар вужудга келиши мумкин. Ўтган йили мамлакатимизни қамраб олган чанг-қум бўронлари ҳали инсонларимиз ёдидан чиқиб улгурмаган бўлса керак? Жаҳон банки таҳлилларига кўра, 2050 йилда Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб километрдан 62-63 куб километргача ошади ҳамда мавжуд ресурслар 57 куб километрдан 52-53 куб километргача камаяди. Бу эса жорий сув танқислигини беш баробарга оширади.

Бир дақиқа ўйга чўмамиз. Атроф-муҳит, сув ва шу каби қатор муаммоларга бефарқлигимиз, билсакда, билмаганликка олиб, кўз юмиб кетаверишимиз орқали келажак авлод ҳақига ҳиёнат қилмаяпмизми?

Ҳечдан кўра кеч

"Oʻzsuvta’minot" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов ўз блогида таннарх шаклланишига асосий ишлаб чиқариш харажатларидан бошқа яна қандай омиллар таъсир қилиши ҳақида санаб ўтди. 

1. Тарифлар сўнгги 3 йилдан буён ўзгармай келаётганлиги натижасида ўрта ҳисобда 40 фоизга ошган таннарх харажатлари ҳисобидан 960 млрд.сўм қопланмасдан қолган. Бу эса қўшимча қарз харажатларини келтириб чиқаради;

2. Сўнгги 3 йилда истеъмолчилар сони 3,2 млн нафарга (808 минг абонент) ошган. Уларга ичимлик сувини етказиб бериш эса янада кўпроқ меҳнат ва харажатларни талаб этиши табиий;

3. Сувни узоқ масофага етказиш жуда катта электр энергияси талаб этувчи насослар орқали амалга оширилади. Қолаверса, бу йил электр энергияси харажатлари ошганини ҳам эслаб ўтиш жоиз;

4. Мунтазам равишда юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф этиш, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатлари.

"Ичимлик суви бассейн тўлдириш, боғ суғориш ёки автомобиль ювишга эмас, истеъмол учун сарфланиши кераклигини тушуниб етиш лозим", — деб ёзади Акмал Муродов.

"Оғриқлар харитаси

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, жорий мавсумдаги "Ташаббусли бюджет" жараёнида энг жиддий ютқазиқ, сув учун курашдаги ютқазиқ бўлган. 

Маълум бўлишича, ичимлик суви билан боғлиқ 1582 лойиҳадан фақатгина 20 таси ғолиб деб топилган. Хусусан, сув таъминоти энг оғриқли аҳволда бўлган ҳудудлардан ҳисобланадаиган Сурхондарё вилоятидаги 279 та лойиҳадан биргинаси молялаштирилган. Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларидан сув таъминотига оид бирор лойиҳа етакчиликни қўлга кирита олмаган.

"Сиёсий қарор қабул қилувчилар, Республика бўйича сув таъминотига масъул идоралар, вилоят ва туман ҳокимликлари гарчи ғолиб бўлишмаган бўлишсада, сув етказиш ҳамда сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар рўйхатига бирров кўз ташлашса, кўриб чиқишса бўлади. Бу тайёр "шпаргалка". Бугун бўлмаса, эртанги режаларга киритиш учун. Юртимиз бўйлаб "Оғриқлар харитаси" бу", — деб ёзади Отабек Бакиров.


Теги :
Jamiyat