$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Йилдан йилга қимматлашиб кетаётган автомобиллар. Бунинг ечими борми?

Фото: UzAutoMotors Фото: UzAutoMotors

Одатда, Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг энг кўп ва биринчилардан бўлиб берадиган саволи нега автомобилларнинг фақат бир маркада эканлиги билан боғлиқ бўлади. Нега фақат Chevrolet? Бу саволга жавоб уларнинг мамлакат ичида ишлаб чиқарилиши билан изоҳланади. Бу билан фахрланиш мумкину, лекин нарх борасида бундай деб бўлмайди. Айниқса ҳар йили ошиб борадиган бу нархлар кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бир пайтда.

Хўш, ўзи нархлар нега ҳар йили ошади? Бу одатий жараёнми ёки рақобатдан қўрқмайдиган ягона автозаводнинг хоҳишими? Ушбу нархлар сифат билан ҳамоҳангми? Қуйидаги мақолада ушбу саволларга жавоб излаб кўрамиз.

Ўзбекистон ўз автомобиль саноатига эга элликка яқин давлатлардан биридир. Нафақат ички бозор, балки ташқи бозорга ҳам автомобиль етказиб бериш билан шуғулланади. Шу билан бирга, юқори ҳажмдаги импорт божлари хорижий автомобилларнинг мамлакат ичига кириб келишига яхшигина тўсиқ бўлади. Бу эса мамлакат ичида бир хил маркадаги автомобилларнинг сони юқорилигига олиб келади.

Аслини олганда маҳаллий ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар одатда хориждан импорт қилинадиганларга нисбатан анча арзон нархда бўлади. Чунки мамлакат ичида ишлаб чиқарилган маҳсулотга логистика харажати ва божхона тўловлари қўшилмайди. Бунда хом ашёнинг хориждан кириб келишини ҳам инобатга олинади.

Шунга қарамай, маҳаллий маҳсулот аҳоли учун арзон бўлиши керак. Лекин автомобиль Ўзбекистон автомобиль саноатида бу тамойил унча яхши ишламаслигини кўришимиз мумкин. Аҳоли ҳар йили нархлар ошиши билан тўқнаш келади. Ҳатто шартнома қилинган автомобиллар эгаларига етиб бормасидан уларнинг нархи ошиш ҳолатларини ҳам кўрганмиз.

Сўнгги марта UzAutoMotors 2022 йил март ойида нархларни оширганди. Ўшанда Nexia, Spark, Damas ва Сobalt нархи 10 фоизга, Gentra нархи эса 12 фоизга қимматлаганди. Буни маҳаллий ишлаб чиқарувчи хом ашё таннархининг ошиши, миллий валютанинг қадрсизланиши ва бошқа омиллар билан изоҳлаган эди.

Иқтисодчи Баҳодир Абдуллаев бу борада фикр билдирар экан, UzAutoMotors’нинг пандемия бошлангандан бери хом ашё таннархининг ошишини тез-тез эслатиб турганига эътибор қаратди.

“Умуман, UzAutoMotors пандемия бошланганидан бери хом ашё таннархининг ошишини тез-тез эслатиб турибди. Дунёда пандемия ва уруш сабабли автомобиллар нархи ошгани, ярим ўтказгичлар ва бошқа керакли қисмларни ишлаб чиқаришда, етказиб беришда муаммо кузатилаётгани бор гап.

АҚШ истеъмол нархлари индексига кўра, UzAutoMotors нархни оширган март ойидан аввалги 12 ой ичида янги автомобилларнинг ўртача нархи 12 фоизга ошган. Лекин бу автомобиль бозоридаги айни вазиятни оқлаб бермайди. Чунки айни вақтдаги тариф тўсиқлари, яъни божлар истеъмолчиларга зарар беришда давом этяпти”.

Кўриниб турибдики, пандемия кўп соҳа сингари автомобилсозликка ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Хўш, энди халқ нима қилиши лозим? Нархларнинг бундай ошиши муттасил давом этаверадими?

Баҳодир Абдуллаевнинг қўшимча қилишича, муаммо нархларнинг ошиш ёки ошмаслигида ҳам эмас.

“Умуман олганда, муаммо автомобиль нархлари қимматлаши ёки арзонлашиши, UzAutoMotors’нинг нархларни кўтариши ёки тушуришида эмас. Асосий муаммо бозор барча ишлаб чиқарувчилар учун очиқ эмаслигида. UzAutoMotors’ни рақобатдан ҳимоя қилиб турган, унинг истеъмолчиларга исталган эркалигини қилишига қулай бўлган айни шароит ўзгариши керак.

Маҳаллий ёки ҳорижий ишлаб чиқарувчи бўлишидан қатъи назар, компаниялар бозорда бир хил шароитда рақобатлашиши керак. Унгача эса, нархни бозор эмас, монопол корхоналар белгилашда давом этади”, дея хулоса қилади эксперт.

Ҳақиқатан, маҳаллий автомобилсозлик корхонаси нархлар борасида фақат ўзи қарор чиқармоқда ва айнан шу нарса кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Биз суҳбатлашган аҳоли вакилларининг аксарияти нархларнинг юқорилигидан шикоят қилди. Лекин, шундай бўлса-да, бошқа танлов имконияти йўқлиги сабабли маҳаллий автомобилларни сотиб олишга мажбурлигини айтади. Ҳар сафар нарх ошиши эълон қилинганда автосалонларда навбатлар кўпайиб кетиши одатий ҳолга айланиб қолаётгани бир оз парадоксал вазиятни ҳам юзага келтиради. Аҳоли, эҳтимолий нарх ошиши олдидан шартнома қилишга улгуриб қолишга интилади.

Ўзи умуман Ўзбекистон шароитида UzAutoMotors’нинг ҳар йили муттасил нарх ошириб бориши нормал жараёнми? Протекционизм сиёсати биздаги автомобиль саноатини ривожлантирадими ёки тескари эффект берадими? Импорт автомобилларга божхона тарифларининг олиб ташланиши ёки бекор қилиниши ҳақиқатда маҳаллий автомобилсозликка салбий таъсир қиладими? Маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиль нархлари ҳозирги кунда аҳоли харид қуввати билан мутаносибми? Шу каби саволлар билан яна бир иқтисодчи Миркомил Холбоевга ҳам мурожаат қилдик.

“Адашмасам, энг охирги нархларнинг ошиши шу йилнинг март ойида бўлди ва арзон автомобилларнинг нархи 12 фоизга ошди. Бу 2019 йилдан буён илк бор кузатилди. Бу вақтда Ўзбекистондаги йиллик инфляция 2021 йилда 10 фоиз, ундан олдин 11,3, жорий йилда 12 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳар қандай маҳсулот нархининг инфляция билан ҳамоҳанг тарзда ошишини нормал ҳолат деб қарашимиз мумкин. UzAutoMotors’нинг нархларига қарасак, нарх ўсиши инфляция даражасидан пастроқ бўлишини кўришимиз мумкин. Муаммо нархларнинг оширилишида эмас, балки маҳсулотларнинг қимматлигида. Бу ҳатто жаҳон бозоридаги худди шу сифатдаги автомобиллар билан солиштирганда сезиларли даражада қиммат. Айнан шу нарса кўпчиликнинг норози бўлишига сабаб бўлмоқда. Очиқ бозор шароитида компаниянинг нархларни ошириш ёки оширмаслиги кўпчиликни қизиқтирмаган бўлар эди. Чунки аҳоли бошқа муқобил вариантни танлар эди ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи нарх сиёсатини ўйлаб кўрган бўлар эди. Шундай экан, инфляция жараёнида нархларнинг ошиши нормал бўлса ҳам, бу нарса компаниянинг нархларни ошириш сиёсатини оқлаб бермайди”, дея фикр билдирди мутахассис.

Унинг қўшимча қилишича, протекционизм сиёсати айни кунда автомобилсозлик саноатига фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтирмоқда:

“Ўзбекистонда илк бор автомобилсозликка асос солингандан кейин протекционизм сиёсати олиб борилган ва бунда компаниянинг ривожидан умид қилинган. Лекин бу қанчалик фойдали бўлди деган саволга жавоб бериш мушкул ва буни бир нечта факторлар орқали кўриб чиқиш керак бўлади. Биринчи фактор ички бозордаги улуши. Лекин бу бизга ишончли манзарани бермайди. Чунки ички бозори юқори божлар билан ҳимоя қилинади. Табиийки бундай изоляцияланган бозорда улушнинг кўп бўлиши табиий. Иккинчи фактор нарх даражаси. Ички бозордаги нарх бозор нархларидан юқори бўлса ва бу компания ички бозорда ҳимояланган бўлса, биз буни компания муваффақияти деб ҳисоблай олмаймиз. Яна бир кўрсатгич экспорт. Асосан, Россия ва Қозоғистонда сотилади ўзбек автомобиллари. Аммо бу мамлакат экспорти ҳажмининг бир фоизини ҳам ташкил қилмайди. Демак авотомобил саноати бу борада ҳам фойда келтиряпти деб айтолмаймиз. Солиштириш учун айтадиган бўлсак, ип-калаванинг экспорти умумий экспортнинг 8-10 фоизини ташкил қилади. Шунча йил ҳимояланган автомобиль саноати, ҳимояланмайдиган тармоққа нисбатан кам фойда келтиряпти. Яна бир фактор бу нет экспорт. Яъни импорт ва экспорт ўртасидаги фарққа қараш керак. Автомобиль саноатида биз экспортдан кўра, импорт ҳажмининг кўплигини кўришимиз мумкин. Яъни биз четга кам автомобиль сотиб, кўп автомобиль сотиб оляпмиз. Бундан кўриниб турибдики, протекционизм сиёсати автомобилсозликда ўзини оқламаганини кўришимиз мумкин”.

Ҳақиқатда, бозорнинг мавжуд эмаслиги, протекционизм сиёсати, нарх сиёсатининг бозор механизмларига асосланмаганлиги нархларнинг қимматлигининг асосий сабабларидан бири бўлиб турибди. Хўш, аҳоли қатлами вакиллари мазкур нархлардан розими? Таниқли журналист ва публицист Эльдар Асановнинг фикрларига кўра, ҳозирги кунда автомобиль нархлари аҳоли харид қуввати билан солиштирганда анча қимматроқ. Бундан ташқари, бир хил сифатдаги хориж ҳамда маҳаллий автомобиль нархлари ўртасида ҳам тавофут борлигини ўз тажрибасидан келиб чиқиб хулоса қилганини ҳам айтиб ўтди.

“Умуман олганда, нархлар ҳақиқатдан ҳам аҳоли харид қувватига нисбатан қиммат Унинг устига, янги моделдаги машина сотувга чиқмасидан олдин белгиланган нарх, сотувга чиққанидан кейин бошқа нархда сотилиш ҳолатлари шахсий ҳаётимда ҳам содир бўлган. Кўпчиликда, танлов имконияти йўқлиги, одатда, ўртадаги тафовутни тўлашдан бошқа йўл қолдирмайди. Ёки чекланган танлов асосида бошқа автомобиль харид қилиши мумкин. Бундан ташқари сифати нархига умуман мос эмас, кўп бора камчиликларига гувоҳ бўлганман. Бу ҳақда кўп бора ёзилган, турли тажрибалар ўтказилган, фактлар ҳам маълум”, дея фикр билдирди журналист.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда автомобиль нархларининг ошиб бориши бир қанча факторлар орқали амалга ошади. Биринчидан, кучли ҳимояланган ички бозор. Рақобатдан қўрқмаган монопол ишлаб чиқарувчи хоҳлаган нархини белгилаши мумкин. Иккинчидан, инфляциянинг юқорилиги. Учинчидан, жаҳон бозоридаги эҳтиёт қисмлар нархининг ошиши. Тўртинчидан, эркин бозорнинг мавжуд эмаслиги.

Шу билан бирга аслида қиммат бўлган автомобилларнинг сифати ҳам нарх билан ҳамоҳанг эмаслиги муаммоси ҳам бор. Ташқи рақобатдан ҳимояланган компания сифат устида ишлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаслиги табиий ҳол.

Нарх-наво ва сифатга қўшимча равишда, умуман автомобилсозлик саноатининг инқирозий ҳолатини ҳам башорат қилиш мумкин. Фақат ички бозорга ўрганиб қолган саноат жаҳон бозоридан қуруқ қолмоқда ва мамлакат экспорт қувватини оширишга деярли ҳисса қўшмаяпти.

Муаммоларни ҳал қилишда қуйидагиларни амалга ошириш муҳим деб ҳисоблаймиз:

  •     нарх сиёсатини тўлиқ бозорга қўйиб бериш;
  •     импорт автомобиллар учун божхона тарифларини камайтириш;
  •     протекционизм сиёсатидан воз кечиш;
  •     автомобилсозликда бозор муносабатларига ўтиш ва ҳ.к.

Акс ҳолда ҳали йиллар давомида бир муаммони қайта-қайта гапиришга, ёзишга умр, техника овора бўлади.

Теги :
Jamiyat
Avto