$
 12600.14
10.14
 13642.17
-23.02
 135.92
-0.05
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёев ўзбек тили байрами билан Ўзбекистон халқини табриклади

Шавкат Мирзиёев ўзбек тили байрами билан Ўзбекистон халқини табриклади

Ўзбекистон Президенти ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакат фуқароларини табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев табригида қуйидагиларни айтган:

"Муҳтарам ватандошлар!

Сиз азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

1989 йил 21 октябрда, ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитда юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши миллий мустақиллик сари қўйилган муҳим қадам бўлганини барчамиз яхши эслаймиз.

Жамоатчилигимиз, халқимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, ўтган йили ушбу тарихий санани Ўзбек тили байрами куни сифатида белгилаш тўғрисида қонун қабул қилганимиздан ҳаммангиз хабардорсиз. Бугун мамлакатимизда биринчи марта кенг нишонланаётган ана шу байрам маънавий ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олади, деб ишонаман.

Ҳурматли юртдошлар!

Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.

Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир.

Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бормоқда.

Бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда.

Куни кеча Афғонистон Ислом Республикасида Ўзбек тили кунига бағишланган байрам тадбирлари биринчи марта давлат миқёсида нишонланганини мамлакатимиз жамоатчилиги, бутун ўзбек халқи катта мамнуният ва хурсандчилик билан олқишлади.

Фурсатдан фойдаланиб, қардош Афғонистон давлати раҳбариятига ўзбек тилига расмий тил мақомини бериб, унга кўрсатаётган юксак эътибор ва ҳурмати учун яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман. Бу кўҳна заминда яшаётган барча миллатдошларимизни бугунги қутлуғ байрам билан эл-юртимиз номидан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам юртдошлар!

Мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турибди.

Шу мақсадда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳасининг янги таҳрири ҳамда шу муносабат билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.

Хабарингиз бор, куни кеча “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Фармон ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошлаган ишларимизни кучайтиришимиз керак.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир.

Шу муносабат билан бу борада мотивация омилларини кучайтириш, махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар, замонавий ўқитиш услубларини кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги глобаллашган дунёда тилларнинг бир-бирига ўзаро таъсири, жумладан, четдан сўз қабул қилиш кўлами ва суръати ортиб бормоқда. Афсуски, юртимизда бу жараён аниқ тизим ва илмий ёндашувларсиз юз бераётганини тан олган ҳолда, мавжуд ҳолатни бартараф этиш учун таъсирчан чоралар кўриш лозим.

Айни вақтда ўзбек тили алоҳида фан сифатида ўқитилаётган хорижий университет ва марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, улар учун ўқув адабиётлари яратиш борасида ҳам фаол иш олиб боришимиз лозим.

Жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиётининг сара намуналарини чет тилларга таржима қилиш ва нашр этиш, бу йўналишда шаклланган ижодий мактабларни ривожлантириш, юқори малакали таржимон-адиблар ҳамда мутахассисларни тайёрлаш ишларига жиддий эътибор қаратишимиз даркор.

Мамлакатимизда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Биринчи китобим”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари” каби серияларни нашр этиш бўйича бошланган ишларни тизимли асосда давом эттириш керак.

Шунингдек, ўзбек тилининг жаҳон майдонида, хусусан, Интернет ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, она тилимизда кўплаб янги компьютер дастурларини яратиш бўйича ҳам олдимизда турган муҳим ва долзарб вазифаларни ҳал қилишимиз зарур.

Ушбу қутлуғ байрам арафасида қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳам ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатларимиз билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ҳурматли дўстлар!

Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек, тил – миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир.

Шу маънода, Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади, десак, янглишмаган бўламиз.

Мен мана шундай қараш ва тушунча ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий эътиқодига айланади, бу борада муҳтарам зиёлиларимиз, фаол ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз барчага ўрнак ва намуна бўладилар, деб ишонаман.

Азиз ва қадрли ватандошларим!

Сизларни Ўзбек тили байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга соғлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Ўзбек тилимиз ҳамиша безавол яшасин, доимо мағрур янграсин!"