2024 йил 31 январнинг энг муҳим воқеалари дайжести
Экологик тоза ҳудуд, "ҳуқуқий ахборот куни", автомобиль ишлаб чиқаришда 2024 йил учун режалар — куннинг энг муҳим хабарлари.
2 daqiqa o‘qiladi

Экологик тоза ҳудуд
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш, 14 та экологик тоза ҳудуд режимини жорий қилиш белгиланган. Стратегия доирасида йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратилиб, жами 10 миллион туп дарахт экилади.
"Ҳуқуқий ахборот куни" амалда
Адлия вазирлиги томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий ахборот куни” сифатида белгиланган. Навоий вилоятида ҳам бу борада манзилли тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ҳудуддаги барча МФЙлар бинолари, тижорат банклари ва аҳоли гавжум бўладиган масканларга “Юридик электрон кутубхона” ва ахборот манбаларига тўғридан-тўғри кириш имконини берувчи ҚР-код ва тарғибот материалари жойлаштириди.
Автомобиль ишлаб чиқаришда 2024 йил учун режалар
Ўзбекистонда 2024 йилда 450 минг дона енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга эришиш мақсад қилинмоқда. Бу мақсад 2024 йилга оид давлат дастурига киритилган. Ушбу мақсадларни амалга оширишга «Ўзавтосаноат» АЖ (Улуғбек Розукулов) масъул этиб белгиланди.
Коррупция уяси қаерда?!
2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди. Қайд этилишича, 2023 йили амалга оширилган маъмурий ислоҳотлардан сўнг 90 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган.



