$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг билим даражаси бомбалар остидаги тенгдошларидан ҳам ёмонроқ

PISA OECD 2022

 Ўзбекистон илк маротаба PISA таълим сифатини баҳолаш дастурида иштирок этди. Якуний рейтингида мамлакатимиз энг охиридан битта олдинги ўринни эгаллади. Биздан ортда фақатгина Камбоджа давлати қолди. 

Бу қандай имтиҳон дастури?

Халқаро талабаларни баҳолаш дастури (PISA) Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ташаббуси бўлиб, дунё бўйлаб 15 ёшли ўқувчиларнинг билим олиш даражасини ўлчаш учун ташкил этилган. Баҳолаш илк бор 2000 йилда ўтказилган. Шундан буён ҳар уч йилда бир марта ўқувчиларнинг билим олиш даражаси ўлчанади. Охирги йилларда PISA'га кўплаб Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо бўлмаган давлатлар ҳам қўшилган.

Эксперт фикри: Қозоғистондан 30 йилга ортдамиз

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг ёзишича:

Ўзбекистонлик ўқувчилар, ҳатто фаластинлик тенгдошларидан ёмонроқ баллар олишган. PISA, албатта, мамлакатдаги ўртача кўрсаткичларни ўлчайдиган инструмент. Лекин, ўртача кўрсаткичлардан ташқари, нисбий ва бошқа рақамлар ҳақида мулоҳаза қилсак ҳам бўлади. Кўпчилик бизни Қозоғистон билан солиштириш керак деб ўйлайди. Бу — хато.

PISA натижалари шуни кўрсатяптики, Қозоғистон биздан анча олдинда. Фарқ шунчалар каттаки, биз, ҳатто, 2022 йилда 2008 йилдаги Қозоғистондан ҳам математика, ҳам ўқиш қобилияти ва илм-фанни ўзлаштиришда орқадамиз. Фарқимиз, ҳатто, 14 йил ҳам эмас. Балки, 30 йил олдин таълим даражаси бир хил бўлгандир, лекин ҳозир улар тамоман бошқа лигада. Бизда ҳам, худди, барча бошқа мамлакатлар каби, ўзига тўқроқ, яъни бойроқ оилалардан чиққан болаларни кўникмалари яхшироқ.

Энг бой ўзбек энг қашшоқ эстондан ҳам “расвороқ”

Қизиқ томони шундаки, биздаги ҳатто энг юқори қатлам болалари — шартли Эстониядаги энг молиявий қийналган болалардан анча ёмонроқ натижа кўрсатишмоқда. Айтиш жоизки, бойроқ ва камбағалроқ қатламдаги фарқ мавжуд бўлиши билан — жуда кичик. Дунёда, энг бой ва энг камбағал ўқувчиларни баҳолари орасида ўртача фарқ — 93 балл бўлса, бизда бу фарқ атиги — 22 балл. Ҳеч қайси давлатда бундай кичик фарқ йўқ. “Ҳеч кимда пул бўлмаса — ҳамма тенг бўлади”, деган анекдотдек бўлибди. Бизда бундай “тенгликни” сабаби — ҳаммада балл ўта пастлиги. Масалан, ўзбекистонлик болаларни, деярли, бирортаси математикада 5-даражадан юқорироқ балл тўпламаган. Қайтараман, ҳатто, бир фоиз болаларимиз ҳам 5-даражага чиқмаган (солиштириш учун, Сингапурдаги 41% ўқувчилар 5 ва 6-даражада балл тўплашган). Худди шундай, ўқиш қобилияти синовларида ҳам, ҳатто бир фоиз болаларимиз ҳам 5-даража ёки ундан юқорига чиқа олишмаган. PISAга кўра, ўқиш қобилиятини 5-даража ёки юқорироқ деб, узун матнларни тушуниш, мавҳум ёки зиддиятли тушунчаларни англай олиш ва маълумотларнинг мазмуни ёки манбасига тааллуқли яширин белгиларга асосланиб, факт ва фикр ўртасидаги фарқларни ўрнатишлик қобилиятига айтилади. Қайтараман, бир фоиз 15 ёшли ўқувчиларимиз ҳам бундай ўқиш саводхонлигига эга эмаслар. Табиий илм-фанларда ҳам худди шундай аҳвол.

Ҳамма бирдек паст

Демак, биздаги ўртача паст балларни сабаби — кимдадир баланд кимдадир ўта пастлиги эмас, деярли, ҳаммада ўта паст бўлгани учун ўртача балларимиз паст. Лекин бу энг аянчлиси эмас. Менга жуда хавотирли кўрингани, минимал (2-даражали) ўқиб матнни тушунадиган ўқувчилар фоизи — 14. Ҳа, тўғри ўқидингиз, атиги 14 фоиз 15-ёшли ўқувчилар, “ўртача узунликдаги матндаги асосий ғояни аниқлай оладилар, равшан аниқланган лекин баъзан мураккаб критерийлар асосида маълумот топа оладилар ва агар равшан қилиб кўрсатилса, матннинг мақсади ва шакли ҳақида фикр юрита оладилар”. Бу дегани, 86% ўқувчиларимиз буни уддалай олишмайди.", деб ўз саҳифасида ёзиб қолдиради Беҳзод Ҳошимов.