$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Орган ходимларини хизмат вазифаси давомида тасвирга олиш мумкин, аммо...

ИИВ IIV

2024 йилнинг 10 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Транспорт воситасини Маст ҳолда бошқарганлик учун

Қонун билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят-процессуал кодексига янги моддалар, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.

Айланма йўллар беркилиши

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. 

“Дрифтсеварлар“ учун маъмурий жазо

Шунингдек, Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилмоқда. 

Муҳокама “меваси”

Бундан ташқари, муҳокама қилинаётган Қонун билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда. 

Ижтимоий адолат

Маълумотларга кўра 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патруль хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото ва видеотасвирларга олиниб, Интернет тармоқларига тарқатилган. Мазкур видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган. 

Халқаро тажриба — Буюк Британия

Таъкидлаш лозимки, ушбу йўналишдаги хорижий тажриба ўрганилганда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқланганини, муайян чоралар белгиланганини кўриш мумкин. Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Вазият Германия ва Франция тажрибаси мисолида

Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган. Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади. Кўриниб турибдики, кўплаб давлатлар қонунчилигида ички ишлар ходимларининг хизмат вазифасини амалга ошириш чоғидаги фаолиятини суратга ёки тасвирга олиш ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланган ва бунинг учун тегишли чоралар кўрилиши мустаҳкамланган.