$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Судлар фаолиятини ёритишда ОАВ нинг роли

Судлар фаолиятини ёритишда ОАВ нинг роли

Бугун давлат ва жамият ҳаётини оммавий ахборот воститаларисиз тасаввур қилиш қийин. Тўринтинчи ҳокимият сифатида шаклланган масс-медиа олами вакиллари ўз фаолиятини аввалгидан кўра шаффоф ва фаолроқ олиб боришяпти. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида оммавий ахборот вакиллари фаолияти аниқ тартибга солиб қўйилган. Авваламбор, бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ҳамда уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланиб қўйилган. Шу асосда, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини эркин ва жадал ривожлантириш, ахборот оламининг ҳуқуқий асосларини яратишда улкан аҳамиятга эга. Шу маънода, ОАВ вакиллари бугун хар бир соҳани ёритиш, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуришимизда ўз хиссасини қўшиб келмоқда.

Барча соҳалар қатори суд ҳокимиятида ҳам жамият билан бевосита мулоқот қилиш баробарида ошкоралик тамойилини таъминлашда ОАВнинг ўрни катта. Юқорида қайд этиб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бир қаторда Ўзбекистон республикаси Иқтисодий процессуал, Жиноят процессуал, Фуқаролик процессуал Мамурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслари, “Судлар тўғрисида”ги Қонуни, “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Олий суд пленум қарори тегишли нормаларига биноан суд мажлисига раислик қилувчининг руҳсати асосида ОАВ вакиллари ҳам суд мажлисларида иштирок этишлари мумкин. Бунда юқорида қайд этилган нормалар доирасида ОАВ вакилларига бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар берилади.

Бугун турли хил интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб суд жараёнлари бевосита ёритиб келинмоқда. Табиийки, бу мамлакатда суд ҳокимиятига бўлган ишонч ва эътиборни оширади. Чунки ҳаммаси очиқ, ошкора амалга ошади.

Ўзбекистон республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 11-моддасига биноан барча судлар қатори иқтисодий судларда ҳам ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Давлат , тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирдагина ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди. Суднинг ҳал қилув қарори эса барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари суднинг расмий веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда эълон қилинади, суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари бундан мустасно. Қайд этиш жоизки, EXSUD.UZ сайтида иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар доимий равишда чоп этилиб боради.

Иқтисодий судларда журналист, блогер, муҳбирларнинг иштироки аввалгига нисбатан бир мунча жадаллашган. Бунинг исботи сифатида айтиш мумкинки, ҳозирда турли шаклдаги ОАВ да “фалончи тадбиркорнинг муаммоси ҳал бўлди” ёки “ҳокимият қарори бекор бўлди” каби сарлавҳали хабарларга тез-тез дуч келамиз. 4-5 йил аввал буни тасаввур қилишнинг ўзи мушкул эди. Афсуски, улар орасида хатолар, фақат бир ёқлама қарашлар ҳам учраб турибди. Аммо бу умумий мақсадимизга тўсиқ бўлмаслиги керак.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугун ОАВга яратилаётган кенг имконият ва шароитлар тахсинга лойиқ. Бунга жавобан ОАВ вакиллари ҳам ўз фаолиятларини янада ҳаққоний, шаффоф ва холис олиб боришса, кўзланган натижага албатта эришамиз.

Сардорбек АХМАДЖОНОВ, Фарғона туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси 

Теги :
Jamiyat