$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2024 йил 8 февраль воқеалари

qora 08 02

Миллий гвардия ходими ва адвокат пора билан қўлга олинди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Оқдарё туманида яшовчи, Миллий гвардия Самарқанд вилояти қўриқлаш бошқармаси Иштиҳон туманлараро қўриқлаш бўлими ходими Ф.О. фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, ундан 1 500 доллар олган вақтида ушланган.  

Шунингдек, бошқарма томонидан ўтказилган навбатдаги тадбир давомида, адвокат Ш.А. фуқарога суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишини ўзининг мансабдор танишлари орқали бекор қилиб беришни айтиб, бунинг эвазига 600 долларни пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинган.

Тошкент-Москва рейси номаълум муддатга кечиктирилди

Тошкент вақти билан 8 феврал куни соат 03:45 да парвоз қилиши режалаштирилган SU1871, Тошкент – Москва рейси техник сабабларга кўра номаълум муддатга кечиктирилди. Унга кўра, авиакомпания томонидан рейс йўловчиларини меҳмонхонага жойлаштириш ташкиллаштирилган. Расмий хабарда парвоз жадвалига киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни авиаташувчидан, шунингдек, “Uzbekistan Airports” расмий сайти ва мобил иловаси орқали олиш мумкинлиги эслатилган.

20 минг доллар талаб қилган суд раиси ушланди

Наманган туманида чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга замонавий чорва комплекси биносини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш мақсадида АТ «Халқ банки»нинг вилоят филиали томонидан 5 млрд 287,5 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Мазкур кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва расмий ҳужжатларни калбакилаштириш ҳолатлари бўйича Жиноят Кодексининг 167 ва 228 моддалари билан қўзғатилган жиноят ишини суд муҳокамасида кўриб чиқиш жараёнида Мингбулоқ туман суди раиси судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, унинг отасидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган

ДХХ ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси сўралган пулдан 2 минг АҚШ долларини ўзининг бошқарувидаги “Lacetti” машинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

АҚШга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Марҳамат туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.У. фуқаро Ф.Б.нинг ишончига кириб, уни гўёки миграция агентлигида ишловчи танишлари ёрдамида Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланиб, унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда бошқа бир фуқаро Н.М. фуқаро О.У.дан 6 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

3 та автомобил иштирокидаги ЙТҲ

8 феврал куни соат тахминан 15:45 да Тошкент шаҳри марказида Мирбод ва Нукус кўчалари кесишмасида учта енгил автомобил — “Matiz”, “Kia” ва “Zeekr” иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тўқнашув оқибатида “Zeekr” тротуарга чиқиб кетган, “Kia” эса тротуар ёқасидаги газонга чиқиб қолган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда барча машиналар жиддий шикастлангани, энг жиддий ҳолат Zeekr автомобили билан рўй берганини кўриш мумкин.

Теги :
Jamiyat
Avto