“Қора дайжест”: 2024 йил 4 февраль воқеалари
Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотуви, “заправка”даги жанжалда вафот этган йигит, 478,5 миллионли ўғрилик — куннинг “қора” хабарлари билан танишинг.
3 daqiqa o‘qiladi

Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувига чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “A.J.” ва “A.S.” МЧЖларга қарашли спиртли ичимликлар савдо дўконларида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий қиймати 301,3 млн сўмлик ҳар хил турдаги жами 12 432 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
6 та вилоятда қор кўчиш хавфи
6−12 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли эса республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди.
Ҳудудлар
· Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари;
· Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари;
· Самарқанд вилояти: Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари;
· Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманлари;
· Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари);
· Наманган вилояти: Поп тумани.
Газ «заправка»даги жанжал оқибатида бир йигит вафот этди
3 февраль куни Фарғонанинг Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўзаро жанжаллашган. Шу пайтда безориликни олдини олиш мақсадида, уларни ажратиш учун келган бошқа шахсга (2001 йилда туғилган) ҳам фаол қаршилик кўрсатилган. Бир неча вақтдан сўнг, ушбу шахс ҳушини йўқотган ва шифохонага олиб борилаётган вақтида вафот этган. Олиб борилган тергов олди текшириш ҳаракатлари давомида Данғара тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан икки нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва улар процессуал тартибда ушланган.
Тез ёрдам машинаси ва “Nexia” тўқнашиб кетди
Олмазор туманида тез ёрдам машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Маълум қилинишича, ЙТҲ 4 феврал куни соат 16:30 ларда Нурафшон-Беруний кўчалари чорраҳасида содир бўлган. 1982 йилда туғилган Н.К. бошқарувидаги Форд русумли тез ёрдам машинаси ҳамда 1987 йилда туғилган М.А. бошқарувида бўлган “Nexia” тўқнашиб кетган. ЙТҲ оқибатида “Nexia” ҳайдовчиси ва тез ёрдам машинасининг бир нафар йўловчиси тан жароҳат олган.
88 марта қоида бузган “Spark” ҳайдовчиси
Тошкентда 88 марта жаримага тушган ва жарималарини ўз вақтида тўламаган “Spark” ҳайдовчиси ушланди. Маълум қилинишича, бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувида Тошкент шаҳар ЙҲХББнинг маъмурий жарималари юзасидан қарздор Ш.Ҳ.дан 88 марта йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай, бузиш оқибатида 40,2 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қарздорлигини ундириш белгиланган.
Қарздорга дастлаб берилган ихтиёрий муддатда жарима суммаларини тўламай келган. Оқибатда бюронинг туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, Тошкент шаҳар ЙҲХББ билан ҳамкорликда олиб борилаётган рейд давомида ҳаракатдан тўхтатилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
478,5 миллионли ўғрилик
Навоий шаҳридаги терговга қадар текширувда “N-C.” МЧЖ раҳбари Ф.А. Кармана тумани “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой объектида қум таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келиб, ушбу нотурар бинони ҳамда табиий газни кучайтириб берувчи электр насосни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр энергияси ва газ тармоқларига улаб, жами 478,5 млн. сўмлик табиий ресурсларни ўғирлаганлиги аниқланган.



