“Қора дайжест”: 2024 йил 4 февраль воқеалари
Сафари қариган “Оқ бўрилар”, боғчадаги ноқонуний ҳаракатлар, қурилишдаги қинғирликлар, Бухорадаги порахўр архитектор — куннинг “қора” хабарлари билан танишинг.
3 daqiqa o‘qiladi

"Қўли узун" бош мутахассис қўлга тушди
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси маҳаллий тадбиркор томонидан Ўртачирчиқ туманида қурилган 3 қаватли савдо мажмуаси биносини фойдаланишга қабул қилиб бериш, шунингдек, бинонинг техник хулосаси, кадастр ва бошқа ҳужжатларини тегишли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бухорода архитектор пора билан ушланди
“Ўзбекистон шаҳарсозлик бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти” архитектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб ҳамда Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидаги танишлари орқали, Бухоро шаҳрида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга тегишли 8 сотих ер майдонида бино-иншоотлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, шаҳарнинг бош режасига қўшиш ҳамда архитектура-лойиҳалашдан ўтказишда ёрдам бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган. Аммо, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
"Боғча" очган 1,5 мингдан ошиқ хусусий тадбиркор ноқонуний ҳаракатлар содир этган
Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, 1,5 мингдан зиёд "боғча"да Давлат бюджетидан ноқонуний пул маблағларини ўзлаштириш ҳаракатлари аниқланган. 2023 йил 27 декабрь ҳолатига кўра, 734 та ДХШ асосида МТТлар томонидан бир боланинг маълумотлари НМТТБАТга киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати асосида давомати белгиланиб келган. Натижада уларга нисбатан 8,8 млрд сўм субсидия тўловлари уч ойга тўхтатилган. 895 та ДХШ асосида, жумладан, оилавий МТТлар томонидан воситачилар ёрдамида компьютерларда виртуал мобил қурилмани яратиш орқали ҳақиқатда МТТга келмаган тарбияланувчи ва ходимларнинг давомати сохталаштирилиб НМТТБАТга юборган. Уларга огоҳлантириш хатлари юборилд. 8,9 млрд сўм асосланмаган субсидия тўловларининг молиялаштирилиши олди олинган.
Сафари қариган “Оқ бўрилар”
Куни кеча Осиё кубоги-2023 чоракфинали доирасидаги сўнгги ўйинда Ўзбекистон миллий жамоаси амалдаги чемпион ва мезбон Қатарга қарши майдонга тушиб, асосий ўйин вақтида дурранг натижа қайд этган ҳолда пеналътилар сериясида мағлуб бўлди. Қўшимча бўлимлар билан 120+3-дақиқалик ўйинда кучлар тенг келгач, бош ҳакам жамоаларни пеналътилар сериясига таклиф этди. Лотореяда эса омад Қатарга кулиб боқди. Рустам Ашурматов, Зафармурод Абдураҳматов ва Жалолиддин Машариповнинг зарбасини рақиб посбони қайтаришга муваффақ бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидаги юришини якунлади.



