$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

«У ерда айтилганларни аллақачон қилиш керак эди». Шавкат Мирзиёев Россия конституциясига ўзгартиришлар киритилишига муносабат билдирди

Путин ва Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Россия конституциясига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиришлар бўйича фикр билдирди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди. 

Қайд қилинишича, Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Владимир Путин билан бўлиб ўтган музокараларда Россия конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш жараёнининг муваффақиятли ўтишини тилаб, уларнинг долзарблигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Владимир Путин билан бўлиб ўтган музокараларда Россия конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш жараёнининг муваффақиятли ўтишини тилади. Суҳбатнинг тўлиқ матни Россия президенти матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Фурсатдан фойдаланиб, омад тиламоқчиман. Албатта, 1 июль — янги Россия учун тарихий кун — конституциянинг ўзгартирилиши. Ўйлайманки, одамлар биз кўриб турган, у ерда айтилганларнинг ҳаммасини аллақачон қилиш кераклигини, бугун эса бунинг вақти келганлигини тўғри тушунишади. Ўйлайманки, бу Россия халқи учун хизмат қиладиган ўзгартиришлар. Шунинг учун, мен янги Россия тарихидаги ушбу кун жуда муваффақиятли ўтишини хоҳлардим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Россия бўйлаб конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш жараёни 25 июндан 1 июлга қадар давом этади. Бу қарор сайлов участкаларида COVID-19 билан касалланиш хавфини камайтириш мақсадида қабул қилинган, дея хабар берган эди РБК.

Ўзгартиришлар қабул қилинса, амалдаги ва собиқ президентларда президентликка ўз номзодларини яна икки муддатга кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.

Бундан ташқари, ўзгартиришлар бош вазир ва парламент палаталари ваколатларининг ўзгариши, ҳукумат тайинланишининг янги тартиби, собиқ президентларнинг даҳлсизлиги ва бир умрлик сенаторларнинг пайдо бўлишини назарда тутади.

Янги таҳрирдаги конституцияда қатор ижтимоий нормалар пайдо бўлиши мумкин, жумладан, пенсияларнинг индексациялашуви, никоҳнинг фақат эркак ва хотин киши ўртасидаги иттифоқ эканлигини белгилаш, ҳамда асосий қонун матнида Худони эслатиш таклиф этилган.