$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

“ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ” АЖ ВАКИЛАРИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

ИЭС 11

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ижроси ва натижадорлиги, ишлаб чиқариш қувватлари самарадорлиги ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар мавзусидаги матбуот анжумани тўғрисида маълумот.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги ПҚ-4249-сон “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан таъсис этилган.

Жамият таркибида 12 та корхона мавжуд, жумладан, 6 та йирик иссиқлик электр станциялари, 3 та иссиқлик электр марказлари ва 3 та электр станцияларга хизмат кўрсатувчи пудрат ташкилотлари.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ айни пайтда мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқарувчи асосий генерация корхонаси ҳисобланиб, жами электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 85 фоизга яқинни ташкил этади.

2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналар томонидан 27,8 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган эди, амалда 28,7 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу режага нисбатан 103,1 фоиз (ёки 852 млн. кВт.соат)га кўп, шунга кўра товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 трлн сўм.ни ташкил этди.

Шартли ёқилғининг солиштирма сарфи 302,57 грамм кВт.соатни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 6,6 грамм кВт.соатга кам бўлиб, натижада йил бошидан буён 768,5 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинди.

Фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги энергосамарадор қувватларни ишга тушириш “Иссиқлик электр станциялари” АЖ олдида турган устувор вазифалар ҳисобланади. Бунда жамият томонидан ташқи иқтисодий ресурсларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш ва корхоналар инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Натижада, 2016 йилгача янги жорий этилган замонавий ускуналарнинг умумий қуввати соҳада 505 МВт (жами ишлаб чиқариш қувватларининг 5,45 фоиз)ни ташкил этган бўлса, 2016-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида қўшимча 5804 МВт янги ва модернизация қилинган қувватлар ишга туширилиб энерготежамкор, энг замонавий-энергосамарадор ускуналарнинг умумий қуввати 6 309 МВтга етди ва иссиқлик электр станцияларининг умумий қувватининг 58,8 фоизини ташкил қилмоқда. 

Ўтган беш йил мобайнида Толимаржон, Ангрен, Тошкент, Навоий, Тахиатош станцияларида янги замоновий энергоблоклар қурилган бўлса, Сирдарёда 3 босқичли модернизация жараёни якунига етказилди. Водий аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон станцияси бунёд этилди, Фарғона иссиқлик электр марказида замонавий газ-турбина ускуналари ишга туширилди. 

Инвестиция жараёнларини давомийлигини таъминлаш, тизимда юқори энергосамарадор қурилмалар улушини 80 фозга кўтариш (ҳозирда 58,8 фоиз) мақсадида 2022-2026 йиллар давомида умумий қиймати 1 млрд. 935 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 4 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Уларнинг ҳисобига қўшимча 2 264 МВт янги энергосамарадор қурилмалар ишга тушиши, натижада 720 та янги иш ўринлари яратиш ва 2,6 млрд. куб метр табиий газ иқтисодига эришиш кутилмоқда. 

Жорий йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 170,5 млн. АҚШ долларига тенг инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 2022 йил январь-июнь ойларида 24,02 млн. АҚШ доллари тўлиқ ўзлаштрилди, бу белгиланган прогноз-режа (23,07 млн. дол.)га нисбатан 104,2 фоизга кўп.

Айни пайтда инвестиция дастурига асосан “Тошкент ИЭМ” АЖда ҳар бирининг қуввати 32 МВт га тенг бўлган янги 2-та газ-турбина қурилмасини қуриш ишлари бошланган. “Толимаржон ИЭС” АЖда умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги 2 та буғ-газ қурилмалари, Навоий иссиқлик электр станциясида учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмалариини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Энергосамарадорликка эришиш, соҳани янада ривожлантириш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизим корхоналарида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда иссиқлик электр станцияларда 34 та частота ўзгартиргич қурилмалар, 50 та кичик қувватдаги қуёш фото электр станциялари (умумий қуввати 196 кВт), 42 та қуёш сув иситгичлари, 246 та қуёш панелли ёритиш чироқлари ва 914 та сенсорли ёритиш датчиклари ўрнатилди. 

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ маъмурий биноси том қисмида 116 та қуёш панелларидан иборат қуввати 40 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилиб бинонинг мавжуд электр энергия таъминоти тизимига уланди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қурилмаларни ўрнатилиши натижасида ўтган 2021 йил давомида тизим корхоналари томонидан ўз эҳтиёжлари учун 1 млн. кВт.соатга тенг электр энергияси ва 719,5 Гкал иссиқлик энергияси иқтисод қилинишига эришилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 10 июнда видеоселектор йиғилишида белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси сарфини камайтириш бўйича “Фарғона ИЭМ” АЖда қуввати 1800-2000 кВт ва “Сирдарё ИЭС” АЖда қуввати 1200-1500 кВт бўлган қуёш фото электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган, айни дамда лойиҳани тендер олди мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда бу 2 та лойиҳа бўйича тендер эълон қилинади. 

Ушбу лойиҳани амалга ошириш ишларига 3,7 млн. АҚШ долларига тенг маблағ жалб этилиши режалаштирилган бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида қўшимча йилига ўртача 8,7 млн. кВт.соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади ва қарийб 1 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинишиига эришилади.

Бундан ташқари, тизим корхоналарида ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси сарфини камайтиришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш борасида ўрганишлар олиб борилиб, 2023-2024 йиллар мобайнида ИЭС ва ИЭМларда 30-40 МВт ва ундан юқори қувватли қуёш фотоэлект станцияларини қуриш бўйича ўрганишлар олиб борилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.