$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Нега коронавирус аниқланмаганларда пневмония кузатиляпти? — пульмонолог билан суҳбат

Нега коронавирус аниқланмаганларда пневмония кузатиляпти? — пульмонолог билан суҳбат Иллюстрация

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони кескин ошиб кетди. Уларнинг аксарияти ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан азият чекишмоқда. Бироқ бу йилги ёз мавсумида пневмония (ўпка яллиғланиши, зотилжам) билан оғриётганлар ҳам кўпайиб кетди. Ўзида вирус аломатларини кузатаётган баъзи беморларда COVID-19 га таҳлил натижалари манфий чиқиши ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шундай бўлса-да уларда пневмония давом этмоқда. Бу кўпчиликда тестларнинг тўғрилигига шубҳа уйғотиши, одамларда саволлар туғилиши табиий. 1-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонаси пульмонология бўлими бошлиғи в.б., олий тоифали шифокор-пулмонолог Дилдора Шахидова Uz24 га берган интервьюсида мавжуд вазиятга ўз муносабатини билдирди.

— Коронавирус аниқланмаган беморларда пневмониянинг бу қадар оғир кечишини қандай изоҳлайсиз?

— Беморларни даволаш жараёнида ўзим гувоҳ бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, бу йил бизда пневмониянинг номаълум, ўзига хос тури кузатиляпти. Одатда грипп ёки шамоллаш ортидан юзага келадиган пневмонияда ўпка тўқималари маълум даражада зарарланиб, аломатлари беморда намоён бўлади. Масалан, ўпка 65-75 % га зарарланганда бемор аҳволи оғирлашиши табиий. Лекин шундай ҳолатларни ҳам учратяпмизки, бемор 65-75 % лик зарарланиш билан ҳам ҳеч нимадан шикоят қилмаяпти, оғриқ ва бошқа аломатларни сезмаяпти.

Аксинча, ўпка яллиғланиши даражаси камроқ бўлган беморларда эса аломатлари ўта оғир кечаётганлари ҳам учраб турибди. Қизиғи, уларда коронавирус аниқланмаган. Аммо яна бир жиҳати, коронавирус аниқланганларнинг ҳаммасида ҳам пневмония кузатилаётгани йўқ, кўпчилиги соғлигидан шикоят қилишмаяпти.

Очиғи, бу йилги пневмония беморларда олдингиларидан фарқли, ўзига хос тарзда кечмоқда. Бунинг сабабини ҳали тўлиқ ўрганиб чиққанимиз йўқ. Буни аниқлаш учун беморларнинг таҳлил натижаларини умумлаштириб, уларни тадқиқ қилиш, ўрганиш, ўпка тўқималаридан намуналар олиб илмий изланишлар олиб борилиши керак. Балки мутахассисларимиз орасида буни ўрганаётганлар бордир, лекин ҳозирча бу ҳақида эшитганим йўқ.

— Сўнгги пайтларда аҳоли орасида коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб кетди. Энди карантинга олиш қанчалик самара беради?

— Тўғри, вирус аҳоли орасида тарқалиб бўлди, лекин бу 100 % ҳамма вирус юқтирди дегани эмас. Биз унинг аҳолини тўлиқ қамраб олишига жим қараб туролмаймиз. Биринчи карантин даврини эсланг, вақтида одамларни карантинга олдик, натижада сезиларли даражада касаллик тарқалиши олди олинди. Кейин нима қилдик? Бирданига, жамоат жойлари, бозорлар, ресторанлар ишга тушиб кетди. Натижасини мана бугун кўриб турибмиз. Деярли ҳар куни антирекордлар янгиланяпти.

Менга қолса, аҳвол ўнгланмагунча карантин сақланиб қолиши тарафдориман. Лекин одамларни ҳам тушуниш керак. Масалан, автомобиллар ҳаракатига куннинг муайян вақтида рухсат берилган. Энди тасаввур қилинг, ўз юмушини битириб олиш учун ҳамма айнан бир вақтда кўчага чиқяпти. Бу хизмат идоралари қаршисида узундан-узоқ навбатни келтириб чиқаради, ўз-ўзидан ижтимоий масофа бузилади. Бу борада мутасаддилар керакли ечим топишади деган умиддаман.

— Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши дорилар топилмаса, ўрнига бошқа муқобилини таклиф қилиб чиқаётган шифокорлар ҳам учраб турибди. Бунга қандай муносабатдасиз?

— Йўқ, бу мутлақо нотўғри. Мен уларнинг ўзлари айтаётган дорилар билан шифо топганини инкор қилмайман. Эҳтимол, уларга фойдаси бўлгандир. Лекин ҳамманинг иммунитети ҳар хил. Яъни бир дорини 10 та одамга ичирсангиз, 10 хил таъсир қилади.

Ҳар бир дорининг акс таъсир қиладиган ҳолатлари бор. Кимгадир фойда қилган дори, кимнингдир ўлимига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Дориларнинг протоколлари бекорга тузилмайди. Унга киритилган ҳар бир препарат йиллар давомида минглаб одамларда синалган, акс таъсирлари ўрганилган бўлади. Шундай экан, расман тасдиқланган протоколларга қатъий амал қилиш зарур.

Зиёдбек ИСМОИЛОВ суҳбатлашди

Теги :
Jamiyat