$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Йод танқислиги — ақлий заифликнинг асосий омили

йод

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 665 миллион нафардан ортиқ одам эндемик буқоқ ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларидан азият чекмоқда. Қарийб 1,5 миллиард кишида эса йод танқислиги ривожланиши хавфи мавжуд. 

Биз кўп ҳам эътибор қаратавермайдиган йод танқислиги организмда оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. 

Ушбу касаллик тўғрисида Санэпидқўмита Андижон вилояти бошқармаси санитар шифокори Аъзамжон Содиқовдан батафсил маълумот олдик.

Йодни инсон организми ишлаб чиқара олмайди

Йод микроэлементини инсон организми ишлаб чиқара олмайди. Шу сабабли уни фақат ташқи муҳит орқали қабул қилиши мумкин. Бу модда организмда қалқонсимон без гормонларининг нормал синтезланиши учун керак. Агар етарли даражада йод истеъмол қилинмаса, қалқонсимон без функцияси бузилиши кузатилади.

Маълумотларга кўра ҳар йили дунёда 38 миллионга яқин бола йод танқислиги хавфи билан туғилади.

Кунлик эҳтиёж

Қайд қилинишича, йод микроелементига бўлган кунлик эҳтиёж чақалоқларда 50 микрограмм, 1-6 ёшли болаларда 90 микрограмм, 7-10 ёшли ўғил-қизларда 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда 150 микрограммни ташкил қилади. 

Ҳомиладорлик ва эмизиклилик даврида эса аёлларнинг йодга бўлган кунлик талаби 200-300 микрограммгача ортиб кетади.

Ақлий заифликнинг асосий омили 

Бироқ, ҳозир юртимизда деярли барча аҳоли вакиллари рационида мазкур микроэлемент танқислиги кузатилади. Ваҳоланки, бунинг асоратлари ёмон. Йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий омили. 

Бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради. Бу муаммо болаларда эндемик буқоқ, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолишга сабаб бўлади.

Аломатлар

Шунингдек, тирноқларнинг табақаланиши, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организмда йод тақчиллиги аломатларидан.

Йод препаратлари билан бепул таъминлаш амалиёти йўлга қўйилган

Президент қарори асосида Ўзбекистонда аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари, жумладан, болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш амалиёти йўлга қўйилган.

 Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган ош тузини истисносиз 100 фоиз йодлаттиришни таъминлаш қатъий назорат қилиб бориляпти.

Йодланмаган тузни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқлан

2015 йилда қонунга киритилган қўшимчалар билан йодланмаган тузни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланди. Ушбу қонун қабул қилинаётган вақтда ҳам мамлакатда аҳолининг 40 фоизи йод танқислигидан азият чекаётган эди. 

Йодланган туз «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонун асосида ишлаб чиқарилади. Давлат стандартида ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм бўлиши белгилаб қўйилган.

Яна савол туғилади: йодланган туз ва озиқ-овқатлар ўзи нима учун керак? Умуман, туз нега йодланади?

Йод – инсон организмининг меъёрий фаолияти учун лозим бўлган элемент. У табиий равишда фақат маълум иқлимда, кўпинча денгизга яқин минтақаларда ҳосил бўлади.

Йод кам миқдорда учрайдиган ҳудудларда одамларнинг бу моддага эҳтиёжини етарли даражада қоплаш учун қўшимча чоралар кўриш талаб этилади.