$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Замонавий билимлар – кишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишнинг ягона ечими

Замонавий билимлар – кишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишнинг ягона ечими3

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтганди. Хусусан, давлат раҳбари фермер ва деҳқонларга, умуман кўплаб соҳаларда зарур билимларнинг етишмаслиги сабабли самарадорлик ўсмаётганини таъкидлаган эди.

Ўзгаришлар бор, аммо етарли эмас

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида йил сайин янги технология ва услублар жорий қилиб борилмоқда. Табиийки шунга яраша, самарадорлик ошиб, озгина ресурс билан ҳам мўл ҳосил оладиган фермер ва деҳқонлар сони тобора кўпаймоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлар ҳам соҳага сармоя киритиб, кластерлар ташкил қилишяпти, даромад олишнинг янгича имкониятларини қидириб топишяпти.

Ўз навбатида, бу улардан нафақат иқтисодий, балки деҳқончилик ҳамда фермерликка оид билим ва кўникмаларни ҳам талаб қилади. Ҳозирда ўзбекистонда ҳар иккала йўналишни пухта ўзлаштирган ҳолда фаолият юритаётган фермер тадбиркорлар сони анча кўпайган. Улар параллел равишда бозорни ўрганиб бориб, талабдан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришга ҳаракат қилишади. Шунингдек, улардаги новаторлик, рақобат муҳити Ўзбекистонда экилмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янгича турларини олиб келиб маҳаллийлаштиришга илҳомлантиряпти.

 Бу маҳсулот сифатини ошириб, таннархнинг пасайишига туртки беради. Шунингдек, ерга мавсумий экинлар навбати билан экилиб, биргина экин майдонидан йил давомида бир неча марта ҳосил олиш ҳам мумкин.

Тажриба кам, китоблар етарли эмас

Самарадорлик қанча ошмасин, буни Ўзбекистон шароити учун юқори кўрсаткич сифатида баҳолай олмаймиз. Сабаби Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида, қулай географик нуқтада жойлашган ерлардан ҳозиргиданда кўпроқ ҳосил олиш имконияти мавжуд. Лекин буни ҳамма ҳам билавермайди. Фермер ва деҳқонларимиз ҳаминқадар меҳнат қилиб, билганларича ўрганишяпти, изланишяпти, кам харажат билан, сув ва ерни ортиқча исроф қилмай, кўпроқ даромад олиш йўлларини қидиришяпти. Бироқ бу борада ўзбек тилида биронта қўлланма йўқки, уларнинг мушкулини осон қилса.

Натижада бошқа давлатларда нашр қилинган адабиётлар, интернет платформаларидаги видео-йўриқномалардан фойдаланишга тўғри келяпти. Улардаги иқлим шароити ва бошқа омиллар турлича бўлгани боис ҳаммаси ҳам Ўзбекистон шароитига мос келавермайди. Бундан ташқари, тил билмаслик сабаб маҳаллий фермер ва деҳқонларнинг аксарияти дунёвий билимлар, соҳада рўй бераётган янгиликлардан бехабар қолиб кетишяпти.

Ўзбек тилидаги манбаларнинг йўқлиги боис қишлоқ хўжалиги вакиллари билим даражасини оширишда узилишлар рўй беряпти. Натижада улар ҳамон эски методлар билан ишлашга мажбур бўлишяпти. Янгиликлар ҳақида билишмагани боис, уларни қандай қўллаш ҳақида етарли тушунчага эга эмаслар.

Модомики, ҳаммаси илм-фанга бориб тақалаётган экан, соҳа олимлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари уларнинг бу эҳтиёжини қондириб, зарур билимлар манбаини яратишлари, қишлоқ хўжалиги билимларини жамлаган ўзбек тилидаги махсус базани йўлга қўйишлари талаб этилади. Давлат раҳбари мутасаддилар олдига кўндаланг қўяётган асосий масала ҳам айнан шуларни кўзда тутади.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot