$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Миянгизни қандай ахборот билан тўйинтиряпсиз?

e 1 1

 Бугун нафақат сув, ҳаво, тупроқ ифлосланмоқда, шу қатори ахборий муҳит ахлатга тўлиб бормоқда. Оила даврасида, руҳий хотиржамлик билан қабул қилиш мумкин бўлган ахборотлар салмоғи борган сари камайиб кетмоқда. Янгиликлар тасмасида жиноят, қотиллик, ахлоқсизлик, зўравонлик асосий мавзу. Сериаллар маишийдан ҳам пастроқ савияда. Ижтимоий тармоқлардаги пост, шарҳ, муносабатлар ҳақорат ва нафратга тўла. Ахборот кўп, бироқ аксарияти қиймати паст ва аҳамиятсиз ахборотлар. Орада яхши, дейлик, таълимий аҳамиятга эга бирор ахборот чиқса ҳам ахборий уюмда йўқ бўлиб кетяпти. Табиатда бирор моддани соф ҳолатда топиш қийин бўлаётгани каби ҳақиқий ахборотни топиш мушкул иш бўлиб қолди. Бири пропаганда, бири манипуляция, яна бири реклама мазмунли. Бири бирор нарсани сотишни мақсад қилган бўлса, иккинчиси бирор ғояни сингдиришни кўзлайди. Манфаатсиз, таъмасиз ахборот йўқ.

Бу борада ахборот тарқатувчиларнинг масъулияти алоҳида мавзу. Аслида, ҳар бир ахборот тарқатувчи ахборот истеъмолчисининг сифатли ахборотга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиши, узатилаётган ахборотига нисбатан бу аудиторияга нима беради деган саволни қўйиши керак. Бироқ айни кунда ахборот тарқатувчиларининг барчаси ҳам масъулиятни ҳис қилмаслиги, медиамакондаги ҳолатни тартибга солишнинг ҳуқуқий ва техник асослари тўлақонли яратилмагани сабаб ахборотни саралаб қабул қилиш ахборот истеъмолчисининг ўзига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бунда сизга тафаккур зирҳи бўлган медиасаводхонлик зарур. Медиасаводхон бўлишингизга қуйидаги маълумот ва таҳлиллар ёрдам беради, деб ўйлаймиз.

“Зудлик билан ўқинг, 15 дақиқадан кейин ўчириб ташланади”

Сизни сифатсиз ахборот сари етаклайдиган усуллардан бири бу кликбейтдир. Одатда интернетда, ижтимоий тармоқларда шов-шувли янгилик, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган оламшумул хабар, сизни шокка туширадиган ҳодиса, бепул ёки арзон маҳсулот, машҳурлар ҳаётидаги можаро ҳақида сарлавҳа, қизиқарли ва ғайриоддий сурат сизни пойлаётган бўлади. “Зудлик билан ўқинг, 15 дақиқадан кейин ўчириб ташланади”, деган хабарга эргашеб, ҳаволага кирасиз, кўпинча тайинли ахборот олмай, ҳафсалангиз пир бўлиб чиқасиз. Қўйилган сарлавҳа, сурат мазмунга мос бўлмайди. Бепул маҳсулот илинжида яна бирор ҳавола бўйлаб мўралайсиз, у ерда ҳам шу ҳолат, дейлик, маҳсулот фалон пул, етказиб бериш бепул бўлади.

Тушунганингиздек, кликбейт – сизни ҳаволани босишга мажбур қилувчи усул, одатда ахборот тарқатувчиларнинг даромади саҳифага мурожаат қилувчилар сонига боғлиқ ҳолларда тижорат мақсадлари учун қўлланилади. Кликбейт муаллифлари кўпинча ваҳимали ёки жозибадор сурат билан жалб қилади, аммо бу сурат матн мазмунидан анча узоқ бўлади. Жумлани энг қизиқ жойида узиб қўйиш ҳам кликбейтга хос. Инсондаги қизиқувчанлик тугалланмаган сарлавҳанинг моҳиятига етиб боришга ундайди. Маслаҳатимиз: кликбейтлар сизни алдашига йўл қўйманг, уларнинг қармоғига тушманг. Шов-шувли сарлавҳа шу ҳаволага киришга эмас, кирмаслигингизга сабаб бўлсин.

Биринчи ахборот доимо ҳақ

Шунингдек, ёлғон ахборотларнинг тафаккуримизга сингиб кетишига сабаб биринчи таассурот кучидир. “Биринчи ахборот доим ҳақ”, дейилади. Яъни, сиз бирор ёлғон ахборотни қабул қилганингиздан кейин унга қарши далиллар келтирилса ҳам, унга ишонгингиз, уни ҳимоя қилгингиз келаверади. Яна бир ҳолат. Ҳиссиётларга таъсир орқали мантиқни ўчириш. Бунда дастлаб атрофда ахборот шовқинлари пайдо қилинади, ахборот оқими тўхтамайди, ҳиссий таъсир орқали танқидий фикрлаш сусайтирилади. Сиз ахборотларга ишонувчанлик пайдо бўла бошлайди.

Ижтимоий тармоқларда инсонлар кўпинча ҳиссиёт ва туйғуларини узатадилар. Бундай ҳиссий резонанс тўлқинида ижобий ҳиссиётлар эмас, қон тасвири, уруш манзараси каби таъсирчан тасвирлар билан кечувчи салбий ахборотлардан иборат бўлади. Бошқа фойдаланувчилар бу постларни қайта улашар экан, ахборотни текшириш ҳақида ўйламай, ўзлари таъсирлангани учунгина буни амалга оширади.   

Бу ўринда тавсия: ахборот манбаларини танлашда ишончлилигига эътибор қаратинг, ахбороларни қабул қилишда ҳиссиётга эмас, мантиққа таянинг. Кимлардан ҳаракатлантираётган ахборий механизмда винт вазифасини бажаришни бас қилинг, мустақил қарор қабул қилиб, олаётган ва узатаётган ахборотларингизни назорат қилинг. Шунда сиз даҳшатли касаллик ҳақидаги спам хабарни тарқатишда восита бўлмайсиз, ўзингиз саросимага тушмайсиз. Зотан, бахтли яшашнинг асосий шарти ҳам руҳий хотиржамликда.   

Огоҳ бўлинг: овертон туйнуги

Чингиз Айтматовнинг бир гапи бор “Ҳатто ошқозон ёқмаган нарса тушса, уни қайт қилиб ташлайди, аммо мия ҳар қандай тубан фикрни ҳам қабул қилаверади”. Буни ахборотга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Онг ҳар қандай мазмундаги ахборотни қабул қилаверади. Бирор ахборотни қабул қилаётганда шуни ўқисам, бетайин видеони кўрсам нима бўлибди, кейин эсимдан чиқиб кетади ёки уни шунчаки кўряпман, мен унга эргашмайманку, дейишингиз мумкин. Аммо унутмангки, ҳеч бир ахборот ўзидан ўзи изсиз йўқ бўлиб кетмайди. У онг, онг остидаги шахсий архивингизга мустаҳкам жойлашиб олади. Натижада тафаккурда стереотипларни шакллантиради, ўзингиз сезмаган ҳолда қарорлар қабул қила бошлайсиз. Салбий мазмунли ахборотларни кўп қабул қилсангиз тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик пайдо бўлади, эмоцияларга бой ахборот ҳайратланиш ҳиссини ўлдириб боради. Энг ёмони, ёлғон маълумотларни қабул қилган, жиноят, ўлим, зўравонлик каби мазмундаги салбий мазмунли ахборотлар билан тўйинган миянгингизга қарши туришингиз қийин бўлади. Унга муҳрланган ахборотларни илмингиз ва эътиқодингизнинг бир бўлаги сифатида қарай бошлайсиз.

Сиз уруш ёки зўравонлик ҳақидаги ахборотни қабул қилар экансиз, мен бунга қарши бўлганим учун шу ахборотни қабул қиляпман, дейишингиз мумкин. Бироқ унутмангки, аудиториянинг катта қисми буни қарши курашиш керак бўлган ҳолат эмас, шунчаки маълумот сифатида қабул қилади. Ва инсонлар миясига жойлашган ахборот бирор куни хатти-ҳаракат сифатида юзага чиқиши мумкин. Уруш ҳақида кўп ёзилаётган мамлакатларда уруш тўхтамайди, зўравонлик эса турли кўриниш ва ёш тоифаларида кўпайиб бораверади. Кичик воқеликнинг ҳам катта миқёсда кенгайиб кетишига сабаб бўлувчи “капалак эффекти” ёки бирор ахборотни қабул қилишда олдин қарши, кейинроқ бефарқ, қўллаб-қувватловчи позицияни ҳосил қилувчи “овертон туйнуги” ҳодисаси юз беради. Яъни мактабдаги жанжал ҳақида ахборот жамиятда шу каби оммавий жанжалларни кўпайтиради, яъни ахборот шу тарзда акс-садо беради. Ёки ўз танасига расм чизиш, бурнига зирак тақиш ҳақидаги ахборот биринчи марта ижирғаниш, қаршилик билан, иккинчи марта бефарқлик билан, учинчи марта “нима қилибди, чиройли турибди, мен ҳам синаб кўрсаммикин”, деган нуқтаи назардан қабул қилиниши мумкин.

Шунинг учун ўйлаб кўринг, таҳлил қилинг: сиз миянгизни қандай ахборотлар билан тўйинтираяпсиз? Зеро, сиз нима тановул қилсангиз, шундай иборат бўлганингиз каби, сизнинг ботинингиз, ички оламингиз, ўй-фикрларингиз қандай ахборотлар қабул қилаётганингиз билан бевосита боғлиқ. Агар салбий мазмунли, ҳаётингиз ва иш фаолиятингиз учун аҳамияти ва қиймати бўлмаган ахборотлар қабул қилаётган бўлсангиз, медиаистеъмолингизни тартибга солинг, ахборотлар мазмунини назорат қилинг, миянгизни ахборий ахлатга тўлдирманг. Ижтимоий тармоқлардаги кераксиз гуруҳ ва каналлардан чиқиб кетинг. Бу ментал саломатлигингиз учун ҳам фойдали.   

Танқидий тафаккур қолиплари

Ахборотдан салбий мақсадларда эҳтимолий фойдаланиш манипуляция, пропаганда орқали инсонларга таъсир ўтказиш, алдаш, иғвогарлик, хафагарчилик, қўрқув ва ваҳима солиш, инсонларни бошқариш, баъзи фикрларни, ғояларни мажбурий сингдириш, бирор ишни қилишга мажбурлаш, инсоннинг бирор воқеаларга нисбатан муносабатини ўзгартириш каби шаклларда бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда алданиб қолмаслик, бизни бошқармасликлари учун танқидий тафаккур зарур бўлади. Бу ҳаргиз танқид қилиш, норози бўлиш, салбий фикр билдириш эмас. Бу аниқ, оқилона, мантиқий, мустақил фикрлаш демакдир. Бу синчилик, ахборотга баҳо бера олиш, ахборотнинг сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариш. Ахборотнинг қайси ёлғон, қайси ҳақиқат, қайси найранг, қайси самимий эканини ажратиш кўникмаси.

Танқидий фикрлаш – ахборотни таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш ва ўтказилган таҳлил асосида қарор қабул қилиш, шу билан бирга, ўз фикримизни шакллантириш ва уни ҳимоя қилиш имкониятини берувчи асосий кўникмалардан бири. Танқидий фикрлаш биз ўқиш давомида таянадиган манбаларни танлашда, муносабатлар сабабини кўришда, ахборотни умумлаштириш ва тизимлаштиришда, ўз фикримизни асослашда ва бошқаларнинг фикрлашидаги заиф нуқталарни кўришда ёрдам беради. Танқидий фикрлаш медиасаводхонлик асосий компонентидир. Танқидий фикрлаш учун зарур бўлган асосий кўникмалар тўплами кузатув, талқин қилиш, таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш, баҳолаш қобилиятини ўз ичига олади. Танқидий фикрлаш мантиқни қўллайди, шунингдек, ишончлилик, аниқлик, аҳамиятлилик, чуқур тушуниш, дунёқараш ва адолат каби кенг интеллектуал мезонларга асосланади. Ижодий тасаввур, нуқтаи назар ва ҳиссийлик ҳам танқидий фикрлашнинг ажралмас қисмидир.

Танқидий фикрлашни шакллантириб берувчи бир қатор усуллар мавжуд. Шулардан бири 5W ва 1H формуласи. Бунга кўра сиз қабул қилаётган ахборотлар ким, нима, қачон, қаерда, қандай қилиб, нима учун саволларига жавоб бериши керак. Агар ахборот тўлиқ бўлмаса, унга ишонмасликка асос мавжуд.

Иккинчи усул — IMVAIN манбаларни текширишга ёрдам беради. Агар манба мустақил бўлмаса, тасдиқланмаган, келтирилмаган ва номланмаган бўлса, унда материаллар манба базаси нуқтайи назаридан ишончсиз деб ҳисобланиши мумкин.

Замонавий тадқиқотчилардан бири П.Эннис танқидий фикрлашга доир асосий ва энг муҳим компонентларни қуйидагича ифодалашни таклиф этади: аниқ ифода, асосларни қидириш, чуқур хабардор бўлишга ҳаракат қилиш, муқобилларни излаш, ўткир ақл, асослар етарли бўлмаганда баҳсга киришмаслик.  

Медиасаводхонлик, танқидий тафаккур ўз манфаатларингизга қарши аммо ахборий босим ўтказувчилар мақсадларига мос равишда фикрлаш ва ҳаракатланишга чек қўяди, ёлғон хабар билан эмас, ҳақиқат бўлган ахборотни қабул қилишингизни таъминлайди. Ижтимоий тармоқлардан руҳий саломатликни таъминлаган ҳолда фойдаланишга ўргатади.  

 

© Санобар ЖУМАНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети катта ўқитувчиси, филология бўйича фалсафа доктори(PhD)