$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар энди инсон омилисиз ўтказилади. Тошкент имтиҳон маркази иш бошлади

1

3 февраль куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ўтказиладиган Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4913-сон қарорига кўра, тадбиркорлик субъектларига ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди. Ушбу масалани тартибга солиш бўйича 2021 йил 4 майда «Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ўтказиш соҳасига хусусий сектор вакилларини жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 272-сон Ҳукумат қарори ҳам қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2022 йил 26 январь куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилган эди. Президентимиз ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда имтиҳон тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича ҳам мутасаддиларга бир қатор топшириқлар берди.

Тошкент имтиҳон маркази - бу ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар назарий ва амалий тест синовларидан иборат автоматлаштирилган имтиҳон комплекси саналади. Унинг афзалликларидан бири шундаки, фуқаролар билимини баҳолашда инсон омили иштирок этмайди, бутун жараён автоматлаштирилган ҳамда шаффоф фаолият кўрсатади.

Тадбирда сўз олган Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда коррупцион ҳолатларга чек қўйилиши ҳақида гапириб ўтди.

«Яқиндагина, аниқроғи шу йилнинг 26 январида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан куйинчаклик билан айтилган фикрлардан ҳам, менимча, ҳамма хабардор бўлса керак. Ўша йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолгани, автомактаблар бу масалага масъулият билан ёндашмаётгани, бунинг оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари сони кун сайин ошиб бораётганини жиддий танқид остига олдилар. Бугун биз йиғилиб, кўришиб турган ушбу Тошкент имтиҳон маркази бевосита Президентимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ва ислоҳотлари натижаси десак, муболаға бўлмайди.

Бу каби марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинади. Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўяди.

Бундан ташқари жараёнда холисликни таъминлаш, коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент имтиҳон марказига Буюк Британиялик мутахассис раҳбар этиб тайинлангани ҳам бежизга эмас.

Энди тасаввур қилинг, агар имтиҳон тизими шаффоф ва адолатли бўлса, фақат ўқиган ва етарли малакага эга фуқароларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олсаю, қолганлар ёппасига имтиҳондан йиқилишни бошласа, бу бизга нима беради?

Биринчидан, бу тескари занжир реакциясини ҳосил қилади ва автомактабларда таълим сифати ошишига олиб келади. Чунки ҳозир автомактаблар асосан нархнинг арзон ва қимматлиги бўйича рақобатлашмоқда холос. Кўпчилик фуқароларни ҳам автомактаблар маъмуриятини ҳам таълим сифати унчалик ўйлантираётгани йўқ. Лекин эндиликда имтиҳондан пул, таниш-билиш орқали билан топширишнинг имконини қила олмагач, ўз-ўзидан ўқишга мажбур бўлади, масъулиятсиз автомактаблар эса ёки ишини йиғиштиради, ёки ва ниҳоят сифатли таълим беришни бошлайди.

Иккинчидан, фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилишни бошлагач, йўлларимизда ҳам ҳайдовчилик маданияти ошади, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди. Чунки хоҳлаймизми, йўқми, аксарият нохуш ҳолатлар айнан билимсизлик ортидан юзага келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ЭНДИ ПУЛИ ЁКИ ТАНИШИ БОРЛАР ЭМАС, ФАҚАТ БИЛИМИ БОРЛАРГИНА РУЛГА ЎТИРАДИ, ЙЎЛГА ЧИҚАДИ. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз.

Биз имтиҳон жараёнини қатъий назорат остида, инсон омилидан холи қилиб олишни бошлаганимиздан кейин, имтиҳондан йиқилувчилар сони ҳам кўп бўлиши табиий. Нимага? Чунки ҳозир автомактабларда ўқитиш сифати жуда паст, бундан ташқари минг афсуслар бўлсинки, ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш халқимизнинг онгига шу даражада сингиб кетганки, бирданига инсонлар дунёқарашини ўзгартириш қийин. Кўпчилик ўқишнинг ўрнига, таниш қидиришга тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Шунга кўра, бу каби имтиҳон марказлари иш бошлагач, ижтимоий тармоқларда имтиҳондан йиқилган аҳолининг норозилиги, эътирозлари, янги тизимнинг керак эмаслиги ҳақида гап-сўзлар кўп бўлиши мумкин ва шахсан биз бунга руҳан тайёрмиз. Агар Президентимиз бу борада сиёсий ирода кўрсатмаганларида эди, бунақа революцион қадам қўя олмаган бўлардик. Бунақа кескин ислоҳотлар эса доим ҳам барчага ёқавермаслиги мумкин, айниқса аввалги тизимдан манфаатдор инсонларга.

Шунинг учун яна бир бор таъкидламоқчиманки, янги имтиҳон марказлари бўйича ҳар қанақа асосли эътироз ва танқидлар бўлса, биз буни тўғри қабул қиламиз ҳамда халқимизга, журналист ва блогерларга доим очиқмиз. Аммо Сизлардан илтимос, асоссиз, шунчаки эски коррупцион тизимни хоҳлаб кўр-кўрона қилинадиган танқидларга оғир-босиқлик ва холислик билан муносабат билдирсаларингиз хурсанд бўлар эдик», дея гапириб ўтди вазир ўринбосари.

Статистик маълумотларга кўра, биргина 2021 йилнинг ўзида 2 минг нафарга яқин инсон йўл транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган. Бунда ҳайдовчиларнинг етарли малака ва билимга эга эмаслиги, имтиҳон тизимининг коррупциялашгани ҳам катта сабаблардан бири ҳисобланади.

Янги марказда ОАВ ва блогерларга имтиҳонларни топшириш жараёни қандай кечиши ҳақида сўзлаб берилди. Агар номзод барча назарий саволларга тўғри жавоб берса ва амалий босқичдан муваффақиятли ўта олса, унга махсус сертификат берилади. Кейин, ушбу сертификат асосида фуқаролар Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясида ёки давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин.

Сертификат олиш учун рўйхатдан ўтиш yim.uz сайтида амалга оширилади.

Имтиҳондан ўтиш учун талабгорлар рўйхатдан ўтган кундан бошлаб кейинги 7 иш куни ичида файлларни юклаши (ҳужжатлар рўйхати веб-ресурсда кўрсатилган), керакли катакларни тўғри тўлдириши ва имтиҳон санасини танлаши керак.

Автоматлаштирилган схема бўйича амалий имтиҳон ўтказиш учун “А“, “B“, “C“, “D“, “BE“, “CE“ ва “DE“ тоифали автомобиллар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслардан амалий имтиҳон олиш тегишли тиббий кўрсатмаларга мос келадиган транспорт воситаларида амалга оширилади.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ва блогерларга янги тизимда ҳайдовчилик имтиҳонини синов тариқасида топшириб кўриш, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг масъулларига ўзларини қизиқтирган саволларини бериш имконияти тақдим этилди.

Марказ ўз фаолиятини эртага, 4 февраль кунидан бошлайди ҳамда фуқароларимиз ушбу марказга келиб ҳайдовчилик гувоҳномаси учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширишлари мумкин бўлади. Бу ҳозирча биринчи марказ бўлиб, 2022-2023 йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида худди шунақа имтиҳон марказлари очилади.