$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ген муҳандислигининг мутлақ ғалабаси: Туғма карликка чора топилди

karlik

Бугунги кунда дунё бўйича 26 миллион киши туғма карликдан азият чекмоқда. Бундай ташхис қўйилган болалар мияси нормал ривожлана олмайди. Ҳозиргача мазкур нуқсонни бартараф этишда кохлеар имплантларидан бошқа самарали даволаш усули мавжуд эмас эди. Бироқ...

Ирсий касалликлар устидан ғалаба

Туғма карлик нуқсони билан дунёга келган 5 нафар бола энди сўз ва товушларни ҳеч қандай эшитиш мосламаларисиз тинглаб, талаффуз қила олади. Бу оламшумул воқелик генетика муҳандислигининг ирсий касалликлар устидан ғалабаси, деб баҳоланмоқда.

Муолажа усули муаллифлари ким?

Мазкур ноёб муолажа усули муаллифлари — АҚШнинг Гарвард тиббиёт мактаби ва Хитойнинг Фудань университети олимлари. "Синхуа" агентлиги хабарига кўра, ушбу инқилобий натижага шанхайлик тадқиқотчилар томонидан яратилган RRG-003 ген препарати туфайли эришилган. 

Синов қандай ўтди?

Клиник синовлар мактабгача таълим ёшидаги 6 нафар туғма карлик нуқсони бор болада ўтказилди. Бунинг учун янги препарат қулоққа инъекция орқали юборилди. Маълум муддат ўтгач, олти бемордан беш нафарида эшитиш ҳамда нутқ функциялари тикланди.

Олти ойдан кўпроқ вақт давомида кузатилди

Олимлар олти ойдан кўпроқ вақт давомида барча болалар аҳволи ва саломатлигини кузатиб боришди. Ижобий хулосага келингач, тадқиқот натижалари кенг жамоатчиликка маълум қилинди.

Уларнинг қайд этишича, яратилган дори қулоққа киритилиши биланоқ эшитиш қобилияти бир зумда тикланиб қолмайди. Муолажанинг яққол натижалари инъекциядан тўрт ҳафта ўтиб сезила бошлайди. 

Муолажани дунё бўйлаб оммавий қўллаш мумкинми?

Аввал жониворлар, сўнг инсонларда ўтказилган синовлар муваффақиятли кечганига қарамай, мутахассислар янги даволаш усулини дунё бўйлаб оммавий қўллаш учун ҳали бироз эрта, деган хулосада. 

Чунки ген терапиясининг хавфсизлиги ва самарадорлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун яна айрим қўшимча тадқиқот ҳамда кузатувларга эҳтиёж бор. Шу боис у дастлабки босқичда бир неча мамлакатдагина тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкин.