$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Кар бўлиб қолмай десангиз, "наушник"дан камроқ фойдаланинг

naushnik quloqchin

Бугун ён-атрофга назар солсангиз, кўпчилик инсонларнинг қулоқчинда мусиқа ёки аудиокитоб тинглаб кетаётганига кўзингиз тушади. Бу яхши aлбаттa. 

Аммo ҳaр нaрсaнинг фoйдaли тoмoни бўлгaни кaби зарари ҳaм йўқ эмас. Айниқса, қулоқчиндан нотўғри ва узоқ вақт фойдаланиш саломатлик учун хатарлидир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бу борада муҳим маълумотлар берди.

Меъёрий эшитишнинг энг юқори даражаси 25 децибел

Соғлом қулоқ аниқлай оладиган энг паст товуш 10-15 децибель, меъёрий эшитишнинг энг юқори даражаси 25 децибелни тaшкил этaди, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Дурдона Алимова. — Инсон қичқирганда овоз баландлиги 60-65 децибелга етиб, бу аллақачон безовталикка олиб келади. 90 дБ ёки ундан юқори товушлар эса саломатлик учун хавфли.

Шундан келиб чиқсак, қулоқчин орқали 100-120 децибель ўлчамдаги мусиқа ёки аудиокитобни тинглаш эшитиш қобилияти учун чинакам синовдир.

Эшитиш қобилияти бутунлай йўқолиши мумкин

Инсоннинг қулоғи ташқи, ўрта ва ички қисмлардан иборат. Ташқи қулоқ атрофдан келаётган тўлқинларни қабул қилиб, ноғора пардасига узатиб беради. 

Унинг орқа қисмида учта қулоқ суякчаси бўлиб, баланд товуш таъсирида уларда толиқиш пайдо бўлади ва бош мияга узатилаётган тўлқинларнинг кучли зарбидан эшитиш пасайиб боради.

Сабаби инсон қулоғи фақат қисқа муддатли баланд товушлардан ҳимоя қилиб, узоқ муддатли шовқин таъсирида унинг ички қисми бош мияга товушли хабарларни етказолмайди.

Оқибатда эшитишда муаммолар кузатилиб, ҳатто, унинг йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Қон босимининг ошишига олиб келади

Шунингдек, қулоқчинлардан мунтазам ва узоқ муддат фойдаланиш бош оғриғи, хотира сусайиши, асабийлик, уйқусизлик, бош айланиши каби муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. 

Натижада мия томирларидаги спазмлар қон босимининг ошишига олиб келади. Шу билан бирга, уларни тез-тез ишлатиш туфайли қулоқларда мум йиғилиб, тиқинлар ҳосил қилади.

Болалар учун жуда хавфли

Қулоқчин орқали мусиқа тинглаш, айниқса, болалар учун жуда хавфли. Сабаби улар эрталабдан кечгача бу мосламани тақиб, исталган овоз баландлигини ўрнатишлари мумкин. 

Шу боис 10-12 ёшгача бўлган ўғил-қизларга бундай эшитиш воситасида мусиқа тинглаш тавсия этилмайди.

Катталар учун тавсиялар

Катталар эса ушбу мосламадан фойдаланганда овоз баландлигини диққат билан назорат қилиши керак. Эшитиш воситаларидан келадиган овоз қабул қилинадиган даражада ёки йўқлигини билиш учун бир неча сўзни баланд товушда айтиш лозим. Агар овоз эшитилмаса, демак товушни пасайтириш зарур.

Қолаверса, атрофдагиларга мусиқа эшитилмаслиги керак. Агар одамлар билан мулоқотда бақириб гапириш бошланса, бу овоз баландлигидан дарак беради. 

Кунига қанча вақт фойдаланиш мумкин?

Шунингдек, эшитиш воситасидан кунига 1,5 соатдан ортиқ фойдаланиш тавсия этилмайди. Товушни эса 60 фоиздан оширмаслик лозим.

Унутманг, йўқотилган эшитиш қобилиятини тиклаш узоқ ва оғриқли жараён! Шу боис саломатликни ўз вақтида қадрланг.