$
 12775.02
34.0
 14090.85
28.59
 134.60
0.22
weather
+26
Кечаси   +14°

«Ажримни тарғиб қилмоқчимасман, лекин у ҳаёт-мамот масаласи эмас» – Италиянинг топ университетларида таҳсил олаётган Гулруҳ Саъдуллаева ҳикояси

«Ажримни тарғиб қилмоқчимасман, лекин у ҳаёт-мамот масаласи эмас» – Италиянинг топ университетларида таҳсил олаётган Гулруҳ Саъдуллаева ҳикояси

Гулруҳ Саъдуллаева, 28 ёш

Сапиенца Университети, Рим, Италия - «Economics and Law»

Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети- «Гид Ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти».

«Халқаро Лидерлик Лагери 2018» Зомин

«ИИМУН» БМТ Модели, 2019, Тошкент ҳамда 30 дан ортиқ лойиҳалар координатори.

Оилада уч фарзанднинг тўнғичиман. Ота-онам — оддий ўқитувчилар, улар фарзандларнинг таълим-тарбиясига катта аҳамият беришган. Айниқса, қизларнинг таълимига. Ўқувчилик йилларидаёқ барча тадбирларда фаол қатнашардим, илмга чанқоқ, хориж университетларида ўқишни орзу қилиб юрадиган қиз эдим. Афсуски, одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби мени ҳам чет элда ўқишимга ота-онам қарши бўлишган, баҳона — қиз боласан. Бўлмаса 2009 йилда кўплаб нуфузли жумладан Emory University, Warwick, UCL каби университетларидан қабул ва scholarship хатлари келган эди. Лекин тақдир экан, Жиззах Давлат педагогика институтида грант асосида таҳсил олдим. Ўқишга киришим билан совчилар кела бошлади, ўшанда 18 ёшда эдим. Ота-онам ҳали ёш деб мени узатишга шошилишмади. 3-курсни якунлашим арафасида қариндошларнинг гап-сўзларими, совчилар кўпая бошлаганими сабаб бўлиб, ҳамма мақтаган бир оилага узатмоқчи бўлишди. Бу вақтда мен режалари бир олам, барча ёшлар тадбирлари фаоли, ташкилотчи қиз эдим. Ота-онамнинг гапларини икки қилмасдан, учрашувга рози бўлдим. Куёв бўлмиш ўқимишли, ўзига тўқ оила фарзанди, у ҳам магистратурада ўқишим ҳам ишлашим учун ҳеч нима тўсқинлик қилмаслигини айтиб қоп-қоп ваъдалар берди. Тўйнинг эртаси куниёқ билдимки, янги ҳаётим ёлғон ваъдалар билан бошланибди.

Аввалига қайнонам мебелимдан, сепимдан камчилик топиб гапира бошлади. Кейин эрим берилган ваъдаларни унутди. Барча ишларимдан камчиликлар топа бошлашди. Ҳам ўқиб ҳам уй юмушларини қилишга ҳаракат қилардим. Ўшанда бир ҳафталик харажатим учун қўлимга 5 минг сўм тутқазишар эди. Яхшиямки, бюджетда ўқирдим. Ўз оиламдан бутунлай бошқача муҳитга тушиб қолгандим, ҳеч ким билан яқин бўла олмадим, ҳамма бегонадек, ҳеч ким мени тушунмаётгандек эди, қиз боланинг тақдири шу экан деб ҳаммасига рози бўлиб, сабр қилиб яшашни бошладим. Орада ҳомиладор эканимни билдим. Эрим билан ҳам қайнонам билан ҳам муносабатларимиз ҳеч ўнгланмасди. Негадир улар мени ёқтиришмасди. Ҳақоратлар, уруш-жанжаллар, ҳатто калтакларга ҳам чидадим. Қайнотам фермер эди, аввалига менга нисбатан муносабати яхши эди. Кейинроқ унвон олиб, эл-куй олдида ўзини катта тутадиган бўлиб қолди. Оилада бирор гап-сўз бўлса, менга бақириб сўкинадиган, қариндошларимни ишдан бўшаттирвориш билан менга таҳдид қиладиган бўлиб қолди.

Стресслар ичида яшаб, кўзим ёриди, ўғлим бироз нимжонроқ туғилди. Кўп инжиқланарди, йиғларди, қасал бўларди. Чақалоқлик вақтида юир неча маротаба шифохоналарда ётиб чиқишимизга тўғри келди. Табиийки, бола билан бўлиб на ўзимга на рўзғорга қарашга улгуролмай қолардим. Бу вақтда мен оилада худдики душмандек яшардим, ҳамма менга ёвқараш қиларди, эрим мендан бутунлай совиганди. Бир неча маротаба уйимга ҳам кетиб қолдим, лекин ҳар сафар келиб, гуё пушаймондек ўзларини кўрсатиб, мени қайтариб олиб кетишарди. Ҳаммасидан шунчалик тўйгандимки, қайтган қиз бўлиб, ота-онамнинг юзларини ерга қаратмаслик учун тишимни-тишимга қўйиб чидардим. Лекин энди фарзандимга қилинаётган муносабат мени қўрқита бошлаганди. 1,5 ёшли болага мени ҳақоратлаб, бақириб-сўкишлар, кўчага ҳайдаб соламан деб қилинган таҳдидларга чидаб қараб тура олмадим. Касалманд боламни тепасида кечалари ухламасдан қараб чиққан мен, унинг тўкис оилада тарбия топишини истаб барчасига сабр қилиб келаётган мен бобо-бувиси, отаси ва бошқалар томонидан норасида болага қилинаётган ҳайвонлардек муносабатга дош бера олмадим. Мурғак гўдакда нима айб, нега у бундай ёввойи ва қўрқинчли муҳитда вояга етиши керак, ана шунда ўзимда қандайдир куч топдим ва у хонадондан бош олиб чиқиб кетдим. Албатта, бу ҳолат ота-онам, укалар, қариндошларимга ҳуш келмади.

Мени кўп маротаба қайтаришга уринишди. Фарзандим отасиз қолмасин деб фақат эрим билан алоҳида, майли ижарада бўлса ҳам яшашга рози бўлдим. Аммо эрим бунга рози бўлмади. У шунчаки биздан воз кечди, чунки аллақачон бошқа оила қуриш ниятида юрганини сезиб юрардим. Шу тариқа, оилага дарз кетди. Тушкунлик, гап-сўзлар, ҳатто ўзимникиларнинг ёқтирмасликларига қарамай ота уйимда яшай бошлагандим. Ўзимни қўлга олишим керак эди ва мен бунга астойдил киришдим. Ишлай бошладим, аввалги фаол ва қизғин ҳаётимга қайта бошладим. Инглиз тилидан ўқитувчилик қилдим. Кўплаб ўқувчиларим юқори IELTS олишди, олимпиадаларда қатнашишди. Ўқувчиларимнинг ютуқларидан мотивация олардим, уларга қўшилиб ўзим ҳам тинмай ўз устимда ишлардим. Иш фаолиятим давомида кўплаб халқаро конференция, БМТ моделларида қатнашдим, ўзим ҳам турли лойиҳалар ташкиллаштирдим. 2019 йилда пойтахтга келиб, Edu-Action компаниясида иш бошладим. Орада карантин бошланиб, сал бўш вақт бўлганида узоқ йиллик армоним, тўлиқ грантли магистратурага Италия, Римдаги топ университет- Sapienza’нинг юридик факультеттига ўқишга қабул қилиндим, бундан ташқари яна 20 дан ортиқ университетлардан қабул хатлари келди. Лекин кўпчилик элчихоналар ёпиқ бўлгани ҳамда грант баҳонасида Италия биринчи танловим бўлди.

Айни вақтда UWED’да «Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти» ҳамда Сапиенца университетида «Economics and Law» бўйича таълим олмоқдаман ҳам ишламоқдаман. Келгусида илмий ишимни давом эттириш билан биргаликда инсон ҳуқуқлари бўйича юрист бўлиш ниятим бор. Бегона юртда аёл кишига қийинчиликлар бўлмайдими деб кўп сўрашади? Ҳар бир жойнинг ўз тош тарозиси бор, жумладан Италияда ҳам. Бошида тил барьераси ҳамда ҳужжатбозликда айрим муаммолар бўлди, лекин ҳозир ҳаммаси изига тушди. Ҳамда имтиҳонлар, умуман бошқа соҳани ўқиш мураккабликлари, ўқиб ишлашда вақт танқислиги демаса ҳаммаси яхши, шукр.

Жамиятимизда шундай жирканч фикр бор: аёл ажрашдими, демак, унинг ўзида бир гап бор, у нотўғри йўлга кириб кетади. Мен билан ҳам шу каби гап-сўзлар, баъзи беъмани таклифлар бўлди. Мен буни яширмайман, атрофимдаги баъзи эркакларнинг асл юзини кўрдим ўшанда. Улардан шу қадар нафратландим, шу қадар афсусландим жамият ва оила таянчи ҳисобланмиш эркакларнинг бу ҳолатидан.

Биз атрофга жар солиб мақтайдиган менталитет, қадриятлар аслида аёлларни нима куйга солиб қўяётганидан хафа бўлиб кетардим... Мен сингари турмуш калтаклари остида яшаган, яшаётган баъзи аёлларга шуни айтмоқчиманки, ажрим дегани ҳаёт мамот масаласи эмас. Ўзимда ҳам бошида депрессия, тушкунлик, нега айнан мен деган саволлар бор эди. Лекин ўзимга фақат ўзим ёрдам бера олишимни тушундим. Ҳаётда янги мақсадларим пайдо бўлди. Ҳам ўзим учун ҳам ўғлим учун кучли бўлишим кераклигини англаб етдим. Ўша кундан бошлаб янги ютуқлар, янги мақсадлар сари олға бордим, мана ҳозир нуфузли, топ университетлардан бирида таҳсил олиб, ишлаяпман. Муҳими бировга қарам эмасман, оғирлигим тушмайди, ҳеч ким мени уриб, сўкмайди.

Мақсадим — аёл ва бола ҳуқуқлари бўйича ҳимоячи бўлиб, БМТда ишлаш ва мен каби аёллар, ташлаб кетилган болаларга ҳам руҳий ҳам моддий ёрдам бериш. Тўғри, жамиятимизда стереотиплар жуда кучли ва мен ажримни тарғиб қилмоқчимасман. Лекин одамлар нима деркин, ота-онамга ортиқча юк бўламан сингари фикрлардан йироқ бўлишингизни истардим. Унутманг, сизни қўллаб-қувватлашга ҳеч ким мажбур эмас, бу сизнинг ҳаётингиз, қарор ҳам сизники бўлиши шарт. Ишламайман, дипломим йўқ, қарам бўлиб қоламан дейдиган қиз-аёлларга маслаҳатим, ҳунар ўрганинг, нимани яхши кўрасиз, қилишдан роҳатланасиз? Севимли машғулотлар ҳам яхшигина даромад келтириши мумкин масалан, ҳаммада ўзига яраша қобилият бор. Унутманг, носоғлом оилада улғайган боланинг психикаси ҳам шундай бўлади. Ундан кўра, ҳаётда ўз ўрнингизни топишга эътибор қаратинг. Ажримдан кейин қуёш чиқишдан тўхтаб қолмайди, ер ҳам ўз ўқида айланишда давом этади. Шундай экан, охирги ҳал қиливчи қарор сиздан.

Атрофдагиларнинг салбий муносабати бўладими, қариндош-уруғ, танишлар ғийбат қиладими, барибир сизнинг ҳолатингизни улар сизчалик тушуна олмайди. Тил ўрганинг, ҳунар ўрганинг, ўқинг-изланинг, ўз соҳангизда кучли бўлсангиз ўзингизга ишонч ортади.