$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Гиппократ қасамёдининг кучи нимада?

врач3

Дунёда касблар жуда кўп. Улардан энг фахрлиси ҳам, энг мураккаби ҳам шифокор бўлишдир. Уни танлаган ҳар бир инсон аввало касбида хато қилишга ҳаққи йўқлигини ҳис қила олиши керак. Чунки у ўз хатосини тузатиши ёки ортга қайтаришининг имкони ҳам иложи ҳам бўлмайди. У тирик инсонларнинг тақдирини ҳамда ҳаётини ҳал қилади.


Шунинг учун ҳам шифокорлар деганда, кўз олдимизга аввало, қўлини кўксига қуйиб Гиппократ қасамёдини қабул қилганлар, оппоқ халат кийган, юзидан нур сочилиб турадиган, ширин-сухан тили билан ҳам даволай оладиган, дардимизга шифо топа оладиган шахслар келади. Ахир, Гиппократ қасамёди ҳар бир инсонга кимлигидан, ҳолатидан, мавқеидан қатъий назар беғараз, беминнат, бор салоҳиятини ишга солган ҳолда ёрдам бериш ҳамда инсонларга садоқатли, инсонийлик, холислик, фидойилик ғояларига содиқлиги билан уйғун ҳолда тушунилади.

Биласизми, бунинг кучи нимада? Саволга жавоб бу унинг маъносида, яъни оппоқ халат кийган шифокорларнинг нафақат ташқи кўриниши, балки ички дунёси ҳам соф, тоза, яъни оппоқ бўлишида намоён бўлади. Афсуски, буни теран англамаган, ўз касбига хиёнат қилаётган баъзи шифокорлар ҳам бор. Яқинда ижтимоий тармоқларда Нукус моргидаги тирик чақалоқ ёриб кўрилгани ҳолатини ўқиб даҳшатга тушдим. Ахир, у чақалоқ, у инсонку. Инсон қадри эса бебаҳодир.


Бундай ваҳшиёна муносабатга, аниқроғи инсон қадрини оёқ ости қилишга, менсимасликка қарши фуқаролар ўзининг хаққоний муносабат билдириши жуда муҳимдир. Оппоқ халат кийиб олиб, қасамёд қилганлар кимлар энди? Ахир, шу чақалоқ ўрнида биз ёки бошқа бир инсон ҳам бўлиши мумкин эдику, деган фикрлар қийнайди одамни...


Вақт олий ҳакам, албатта. Бундай қўштирноқ ичидаги шифокорларни замоннинг ўзи сиқиб чиқаради ва қонун олдида тик туради. Лекин ўтган вақт кўпчилик оилаларга салбий таъсир қилиб, кўпчиликнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Менимча, бундай шифокор номига нолойиқлар ўз виждони олдида жавоб бериши муҳимдир. У шу юк билан бир умр яшайди.


Тан олиш керак, шифокорлар ҳам бошқалар каби оддий инсонлардир. Уларнинг ҳам ўзига яраша фазилатлари ва камчиликлари бор. Чунки тиббий билимлар ва тажриба осонликча эгалланмайди, даволаш эса, ҳар ким уддалаши мумкин бўлган соҳа эмас. Шу ўринда бутун дунё тан олган бобомиз Абу Али Ибн Синонинг бу соҳада: “Чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир” деган фикрлари эсга келди. Медицина соҳасида чала билимга эга бўлганлар инсонларга озор беришади, билимсиз бўлгани эса яхшироқ дея, зарар келтиришдан шуни афсал кўради.


Дарҳақиқат, бир ҳодиса ёки бир ҳолат фидойи бўлган бутун шифокорларга доғ туширмаслиги керак. Эслайлик, пандемия давридан ҳозирги кунгача оппоқ халатдаги, касбига содиқ бўлган шифокорларимиз халқимизга хизмат қилиб келишмоқда. Улар ойлаб уйларига бора олмасдан, яқинларини кўра олмасдан, ковид билан касалланганларни даволаб, соғайтириб гуллар билан уйларига кузатиши ҳамон эсимизда.


Бугунги шифокорларимиз 1848 йилда Женевада «Тиббий бурч» журналида чоп этилган Гиппократ қасамёдининг кучи нафақат оппоқ халатида, балки қалбан ҳам пок бўлишга содиқ бўлиб, ўта ноёб ва мураккаб, хориж олимлари тан оладиган операцияларни амалга оширишмоқда. Бугун шифокорларимиз ўз устида тинмай ишлаши, хориж тажрибасини ўрганиб, улар билан ҳамкорлик қилиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Демак, шифокор касби бу бутун умр давомида тинмай изланиб, ўқиб, ўрганиб, тажриба ўрганиб борадиган соҳадир.

 

Ф.Х.Усарова,

ЎзР Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент.