$
 12676.11
-18.86
 14975.56
97.06
 161.56
-0.04
weather
+26
Кечаси   +14°
textileads

Ўзбек футболида энг яхшилар аниқланмоқда. 2023 йил сарҳисоби (2-қисм)

фоотбалл Фото: UFA

Куни кеча маълум қилганимиздек, футбол ташкилотлари йил якуни учун номзодлар рўйхатини эълон қилмоқда. Аввалроқ ЎзПФЛ келтирган номзодлар таҳлилини тақдим этган эдик. Бугун эса ЎФА номзодларига тўхталамиз. 

ЎФА томонидан кўрсатилаётган энг яхши номзодлар

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ҳар йил якунида анъанавий равишда йилнинг энг яхшиларини аниқлаб келади. Ташкилотлар ушбу йил учун ҳам энг яхши ва энг зўр номзодларни эълон қилиб улгурди. Маълумот учун, ЎзПФЛ фақатгина маҳаллий лигага кўра “Энг зўр”ларни аниқласа, ЎФА футболчиларнинг бутун мавсум давомида барча мусобақалардаги фаолиятини инобатга олган ҳолда энг яхшиларни аниқлайди. Хўш, номзодлар қайси каромати ва хусусиятлари учун бу номга лойиқ кўриляпти?

Игорь Сергеев — Бир вақтлар Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинларида ўзининг кўплаб хато ва камчиликлари билан муҳлислар ёдига муҳирланган Сергеев яна сермаҳсул ҳужумчига айланмоқда. Йилни Қозоғистоннинг “Тобол” жамоаси сафида бошлаган ҳужумчи, кейинчалик Таиланднинг “Патум Юнайтед” клуби сафига бориб қўшилди. Футболчи клублар ва терма жамоа сафида 41 та ўйинда майдонга тушиб, 16 гол ва 1 ассист қайд этди. Сергеев эндиликдаги Осиё Кубогида терма жамоамизнинг асосий фигураларидан бирига айланиш эҳтимоли жуда юқори. Шомуродовнинг жароҳати Игорга мухлислар таассуротида қолиб кетган аввалги ҳужумчини ўзгартириш ҳамда янги Сергеев, қаҳрамон Сергеевнинг яралиши учун имкон бериши мумкин.


Шерзод Насруллаев — Қаршининг “Насаф” клуби аъзоси мавсум давомида 48 та ўйинда иштирок этган. Шундан 25 таси Суперлига, 6 таси Осиё Чемпионлар Лигаси, 1 таси Суперкубок, 6 таси Ўзбекистон Кубоги ҳамда 10 таси миллий жамоа сафидаги баҳсларга тўғри келади. Шерзод ортда қолган мавсумда умумий ҳисобда 2 гол ва 6 ассист муаллифи бўлган. Чап қанот ҳимоячиси учун ажойиб натижа, шундай эмасми? 

Насруллаев йилни Ўзбекистон Кубоги, суперкубоги ҳамда Суперлиганинг кумуш медали соҳиби сифатида якунлади.

Абдуқодир Ҳусанов — Океан ортидаги ёшлар ўртасида бўлиб ўтган ЖЧда Абдуқодир барча ўйинларда стабил, бехато ва вақти келса, жуда кўп вазиятларда ўйинни (орқада) ўзига олиб ҳаракатланди. Ундан кейинчалик ҳам клуб ва асосий терма жамоа сафида худди шу кўринишда стабил ўйин кўрдик. Абдуқодир клублар сафида 17 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга эришди. Эътиборлиси, Ҳусанов терма жамоалар сафида ҳам 17 ўйинда майдонга тушган. Шулардан иккитаси ёшлар ўртасидаги Осиё Кубоги ва Жаҳон Чемпионатига тўғри келади.  Абдуқодирдаги стабиллик ва ўсиш босқичлари инобатга олинса, у соврин учун асосий даъвогарлар рўйхатида юқорироқ натижа қайд этиши лозим.


Одил Ҳамробеков — “Пахтакор” сафида мамлакат чемпионига айланган футболчи йил давомида умумий ҳисобга кўра 41 ўйинда майдонда бўлиб, 1 гол ва 1 ассист, бундан ташқари, 10 та сариқ карточка ҳам ишлаб олди. Ҳамробеков “қуриш” эмас, “бузиш” миссиясида ҳаракатланиши инобатга олинса, бу огоҳлантиришлар сон нормалдек. Кўп эҳтимол, Ҳамробеков қолган номзодларга нисбатан совриндан бироз “узоқроқ”да жойлашган.

Жамшид Искандеров — Машҳур Юнон олими Архимеднинг бир сўзи ёдимга келди. У шундай деган эди: “Менга ернинг таянч нуқтасини топиб беринглар, мен ерни ўз ўқи атрофидан чиқариб юбораман”. “Навбаҳор”нинг ҳам Архимед айтгани каби таянч нуқтаси мавжуд. Бу — Жамшид Искандеров. Позицион олиб қараганда жумламиз хатодир, лекин мантиқан олиб қарасак, ҳаммаси ўз жойида. Клубнинг бугунги ўйинидаги энг асосий нуқта ва дирижёр бу, шубҳасиз, Жамшид. Маълумот учун, футболчи амалдаги Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси. Искендеров ортда қолган йилда 44 ўйинда майдонда ҳаракатланган ва 7 гол ҳамда 12 ассист соҳиби бўлган.


Ҳожиакбар Алижонов — Мавсумни жуда юқори формада якунлаган яна бир футболчи бу Алижонов. Ҳожиакбар “Пахтакор” билан биргаликда лига чемпиони бўлишга мушарраф бўлди. У 41 ўйинда 3 гол ҳамда 8 ассист қайд этган. Ҳожиакбар миллий жамоада алмаштириб бўлмас нуқталардан бири. Клуби сафида ҳам энг қийин ўйинларда жамоани кўпинча у қутқариб кетади. Ҳожиакбар яқинлашиб келаётган Осиё Кубогида энг муҳим чизиқларимиздан бирига айланади. Унга бўлган ишончлар юқори.

Аббосбек Файзуллаев — ҳамюртларимизнинг “эркатой”ига айланиб бўлиб, эндиликда москваликларнинг ҳам ёқимтойига айланиб бораётган Аббосбек Файзуллаевнинг фаолиятида тинимсиз ўсиш кузатилмоқда. Аббос мавсумни “Пахтакор” сафида бошлаб, ҳозирда Москванинг “ЦСКА” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Аббос "шерлар" таркибида 6 та расмий ўйинда майдонга тушиб, икки гол ва битта ассистга муаллифлик қилди. Шундан сўнг, гарчи кўпчилик унинг трансферига ишончсизлик билдирган бўлишига қарамай, москваликлар сафида порлашни бошлади. Аббос ЦСКА таркибида бугунга қадар 18 та расмий ўйинда иштирок этиб, 9 та ассист ва 2 гол муаллифи бўлишга эришди. Шунинг билан бирга, Аббос 6 та ўйинда энг яхши ўйинчиси ва клубида бир қанча ойнинг энг яхши ўйнчиси бўлишга ҳам улгурди. Аббос асосий ва ёшлар терма жамоаларимиз сафида 20 ўйинда майдонга тушди ва 6 гол ҳамда 1 ассист муаллифига айланди. Аббос ўз тенгқурлари ўртасида бўлиб ўтган Осиё Кубогининг чемпиони ва турнирнинг энг яхши ўйинчиси ҳамдир. 


Отабек Шукуров — Отабек терма жамоа таркибида 10 та ўйинда ҳаракатланиб, ўз ҳисобига 4 та гол ва 1 та ассист ёздирди. Қашқадарёлик футболчи энг муҳим ўйинларда ўзини росмана яхши кўрсата олди. Гарчи жамоа сардори бўлмаса-да, ўзини сардорлардек тутиб, жамоадошларига яхши руҳий таъсир эта олди. Яхшилаб эътибор берсангиз, ҳакамлар билан бўлувчи диалоглар учун ҳам жамоа номидан кўпроқ Отабек суҳбатлашади. Шукуров Туркия Суперлигаси ва Кубогининг янги мавсумида ҳозирча 17 ўйинда майдонга тушиб, мазмунли ўйин ва 1 та асситни амалга оширди.

Элдор Шомуродов — бир қўшиқ бўларди. “Ойнинг ўн беши — қоронғи, ўн беши — ёруғ.”, деган. Мамлакатимизнинг айни вақтдаги нархи энг қиммат бўлган ўйинчиси — Элдор Шомуродовнинг бу йилги фаолиятига айни шу қўшиқ мос тушади. Хўш, нимаси ўхшаш? Шомуродов янги жамоаси(“Каляри”) билан янги мавсумда 12 ўйинда майдонда бўлиб, 1 тагина ассист қайд этишга муваффақ бўлди. Терма жамоа таркибида эса, 8 та ўйинда ҳаракатланиб, ўз ҳисобига 5 гол ва 2 ассист ёздириб қўйди. Асосий ҳужумчимизнинг клубдаги карерасида ҳозирча бироз турғунлик даври кузатилмоқда. Етмаганига, мавсум оралиғи ва Осиё Кубогидан олдин оғир жароҳат олди. Умид қиламизки, Элдор келаётган йилда Осиё Кубогида ўзини кўрсатиш орқали, клубида ҳам яна аввалги ҳолатини тиклаб олади


Ҳусниддин Алиқулов — Мавсумни "Насаф"да бошлаган Хусниддин Алиқулов маҳаллий чемпионатимизда 12 ўйин ўтказиб, ҳимоячи бўлишига қарамай, 5 та гол киритди. Бу даҳшатли натижа. Алиқулов ҳозирча янги жамоаси ("Ризеспор")да Туркия Суперлигаси ва Кубоги доирасида 8 та ўйин ўтказди. Терма жамоа таркибида эса 9 та ўйинда ҳаракатланиб 1 та гол уришга муваффақ бўлди. Умуман олганда, Хусниддин учун бу йилги мавсум ҳам ёмон ўтмади. Маълумот учун, ўтган мавсумда у Ўзбекистон футболчилари ичида энг яхшиларидан бири эди.

Жалолиддин Машарипов — Миллий жамоамизнинг яна бир етакчиси Жалоллидин Машарипов ҳаётида ҳам ортда қолган йил кўплаб бурилишларга бой бўлди. Машарипов Роналду бошчилигидаги “Ан Насср”дан кетгач, Грециянинг "Пансерраикос" клуби аъзосига айланди. Футболчи янги жамоаси таркибида ҳозирча 8 учрашувда майдонга тушиб, 3 та ассист қайд этди. Терма жамоамиз таркибида 10 бора майдонга тушиб, 2 голга муаллифлик қилди. Жалолиддиннинг ҳам фаолиятида бироз тушиш кузатилмоқда. Шунга қарамай, футболчи номзодлар қаторидан жой олди. Умид қиламизки, Осиё Кубогида Машарипов терма жамоамиз жонига оро киради. 


Остон Ўрунов — “Навбаҳор” сафида суперлига ўйинларида 25 ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол ва 1 та ассист қайд этди. Остон Ўзбекистон Кубоги доирасида 5 та баҳсда майдонга тушди ва 2 голга муаллифлик қилди. Унинг жамоаси ярим финал босқичида ОКМКга қарши кечган учрашувда пеналтилар сериясида мағлуб бўлиб, юришини тўхтатди. Эътиболиси, Ўрунов пеналтилар сериясида ўз жамоасидан биринчи бўлиб тўп олдига келади ва гол ура олмайди. 

Футболчи клуби билан биргаликда халқаро майдонда жуда юқори натижа қайд этди. Остон ОЧЛда 5 ўйинда майдонда бўлиб, ўз ҳисобига 3 гол ҳамда 2 ассистни ёздириб қўйди. Бундан ташқари у миллий жамоа билан йил давомида 12 ўйинда майдонда ҳаракатланиб 3 гол уриб, 1 ассист қайд этди. Умумий қилиб олганда, Остон Ўрунов мавсум давомида 47 ўйинда майдонга тушиб, 17 та рақиб дарвозабонини ранжитиб, 4 бора ўз шериги қувончига сабабчи бўлган. Маълумот учун, футболчининг трансфер нархи — 1 млн. евро

Энди эса, мураббийлар номзодини кўриб чиқамиз

Жамолиддин Раҳматуллаев — Индонезия яшил майдонларида бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган ЖЧнинг нимчорак босқичида фантастик тарзида футбол юрти Англияни мусобоқадан чиқариб юборган жамоа устози мана шу мураббий бўлади. Унинг шогирдлари бу турнирдан аввал ўз ёш тоифасида Осиё Кубогида ҳам ярим финалга қадар етиб боришган эди. Умумий қилиб олганда Раҳматуллаев ва унинг шогирдлари бу йилги вазифасини ортиғи билан бажариб беришди.

Равшан Ҳайдаров — Мураббий У-20 жамоамиз билан биргаликда мамлакатимизда ўтган Осиё Кубогида чемпионликни қўлга киритиб, Аргентина мезбонлик қилган ЖЧда гуруҳдан чиқиб, плей-оффнинг дастлабки босиқичидаёқ юришини тўхтатган эди. Шундай бўлса-да, Ҳайдаров ҳар доимгидек ажойиб оила қура олгани ва янги ўйинчиларнинг кашф бўлишида қўшган ҳиссаси сабабли, мукофотга лойиқ кўрилиши мумкин.


Рўзиқул Бердиев — жамоа рамзига айланиб кетган мураббий бу мавсумда ҳам асосий мақсад, чемпионликни қўлдан бой берди. Клуб мавсум давомида турлича схемаларда ўйин намойиш этди. Жамоа Бердиевнинг қўлида 26 ўйинда 13 ғалаба, 9 дуранг ҳамда 4 ўйинда мағлубиятга учради. Голлар нисбати — 31:16. Жамғарилган очко — 48. Бердиев “Насаф” билан биргаликда Ўзбекистон Суперлигаси вице-чемпиони, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги соҳиби бўлди. Бундан ташқари, халқаро майдонда ОЧЛ гуруҳ босқичини ўз гуруҳида биринчи ўринда якунлаб, келгуси йилги ОЧЛ плей-офф йўлланмаси ва навбатдаги ОЧЛ йўлланмаси қўлга киритилган. 

Тимур Кападзе — “Олимпик” футбол клуби ҳамда олимпия терма жамоамиз устози мавсумни ўзи ўйлаганчалик ўтказа олмаган бўлса керак. Осиё Ўйинларидаги 3-ўрин ва саралаш ўйинларидаги натижалар ҳам қадирланади, аммо Кападзе жамоасида аввалги шашт йўқолгандек. Футболчилар ҳам аввалгидек эмас. Ўйин ҳам бироз фарқли. Суперлигада 9-поғона қайд этилди. Мавсум учун умумий баҳо берадиган бўлсак, бироз пасайиш кузатилгандек.


Максим Шацких — “Пахтакор”ни ўтган мавсум ярмида қабул қилиб олган собиқ миллий терма жамоамиз аъзоси ушбу йилда ҳам миссияни деярли бажара олди. Аммо клубда мураббийнинг ўрнидан кўра кўпроқ баъзи футболчиларнинг ўйинга бўлган таъсири юқорироқдек туюлди. Шацкихдан олинган энг асосий таассурот Диёр Холматовга берилган ишонч ва унинг қайта кашф этилиши билан боғлиқ, десак, менимча, янглишмаган бўламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бу “Пахтакор” биз азалдан кўриб келаётган “шерлар” ичида энг нараси “мулойим”роғи эди. Жамоа ҳимоя чизиғи ва дарвозаси аввалгиларидан нечи баробар кучсизланганини аниқ айтиб бера олмайман-у, аниғи ёмонроқ эди. Шундай бўлишга қарамай, клуб яна чемпион бўлди. Жамоа Шацких қўл остида 26 ўйинда 16 ғалаба, 5 дуранг ва 5 мағлубият қайд этди. Голлар нисбати — 41:25. Жамғарилган очко — 53.

Самвел Бабаян — “Навбаҳор” мавсум бошида амалга оширган трансферлари сабаб, кўпчиликнинг наздида эҳтимолий чемпионга айланиб бўлганди, аммо жамоа мураббийи етарлича ротация ишларини амалга ошира олмади. Кўплаб юқори савияли ўйинчилар захира ўриндиғида умрини сарфлади. Ваҳоланки, уларнинг барчаси ҳар қандай клуб учун керакли ўйинчи бўла оларди. Клубда мураббийнинг бирор чизмаси ёки услуби ҳам, деярли, кўзга ташланмади. Кўплаб ўйинларда Остон ва Жамшид қутқарувчи вазифасини ўтади. Шундай камчиликларга йўл қўйилган бўлса-да, Бабаян жамоаси лигада 3-ўринни қўлга киритиб, 26 ўйинда 14 ғалаба, 5 дуранг ва 7 та мағлубиятга учради. Голлар нисбати — 44:19. Жамғарилган очко — 47.