$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Фермерлар мактабида бир кун

fermerlar2

Бу мактаб ўқувчилари келгусида ҳамкорлик қилиш борасида ўзаро келишиб олишган. Улар қаерни ўқувчилари? Ўқувчилар нима бўйича ҳамкорлик қилиши мумкин? дея ажабланишга шошилманг.

–Боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланаётган эдик, –дейди "Агробанк" АТБ ташаббуси билан ташкил этилган "Фермерлар мактаби"нинг Самарқанд филиали ўқувчиси Марҳабо Қурбонниёзова. – Ўқиш давомида паррандачилик ва иссиқхона хўжалигига қизиқиб қолдим. Бунда иссиқхонада ҳамма қатор помидор, бодринг эмас, балки янги турдаги пайвандтагларга шафтоли, олма ёки бодомни пайванд қилиб етказиб берамиз. Шунингдек, Туркиядан инкубатор ускуналари олиб келмоқчиман. Бир кунлик жўжаларни харид қилувчи ҳам аниқ, бир нечта сабоқдошим бундай ҳамкорликка рози бўлишди.

Айни вақтда Самарқанд филиали ўқувчилари занжирсимон усулда ҳамкорлик қилишни мақсад қилишган.

–Шунда бир-биримизга яқиндан кўмак бера оламиз. –дейди ургутлик ўқувчи Мафтуна Сиддиқова. – Негаки, маҳсулотни харидори аниқ бўлса, ишлаб чиқаришни шунга кўра кенгайтириш мумкин. Гўшт йўналишида парранда парваришлаймиз, сабоқдошларимдан бири уларни изчил равишда харид қилишга тайёр. Унда гўштни қайта ишлаш цехи бор экан.

Йилдан-йилга озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиши ҳисобга олиниб, аграр соҳада қилинаётган ўзгаришлар таҳсинга лойиқ. Бу борада ерлар ажратилиши, имтиёзлар берилиши билан бир вақтда кадрлар тайёрланиши жуда муҳим. Айни вақтда бу каби тадбирларга "Агробанк" фаол иштирок этмоқда.

Бу борадаги биринчи қадамлар "Агробанк"нинг "100 китоб" лойиҳасида кузатилган бўлса, "Фермерлар мактаби" очилиши унинг узвий давоми бўлди.

Мазкур лойиҳани "Агробанк" АТБ, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Бир гуруҳ ОАВ ходимлари бу борадаги ишларни кўриш учун мактабнинг Самарқанд филиалида бўлишди. Пресс-тур иштирокчилари яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ўқитиш жараёнлари, янгиликлар ва битирувчиларга берилаётган имкониятлар ҳақида билиб олишди.

–Ҳозирда юртимизнинг бешта ҳудудида бундай мактаблар ташкил этилган, –дейди "Агробанк" бошқарувчи раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоров. – Хусусан, Тошкент шаҳрида (Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари учун), Андижонда (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун), Самарқандда (Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари учун), Термизда (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари учун), Нукусда (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги фуқаролар учун). Бу мактабларда аграр тармоққа қизиққанлар танлов асосида танлаб олиниб, бепул ўқитилмоқда. Биринчи босқичда 18-35 ёшдаги 150 та тингловчи қабул қилинди. Ўқиш 2 ой бўлиб, 2 ҳафталик амалиёт ва 1 ҳафталик бизнес режа тайёрлаш қисми ҳам бор.

Ўқув дастури қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш сирлари, мўл ҳосил олиш учун уруғ ва ўғитларни танлаш, чорва молларини парвариши, самарали бизнес режа тузиш асослари, етиштирилган маҳсулотларни замонавий маркетинг усуллари орқали сотиш каби назарий ва амалий билимларни ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Келгусида узумчилик ва ўсимликшунослик дарсларини ҳам қўшиш мўлжалланмоқда.

–Битирувчилар икки ойлик ўқув жараёнида ўз бизнес режасини ишлаб чиқади ва уларга махсус сертификатлар берилади, –дейди лойиҳа эксперти Шуҳрат Холмўминов. – Мисол учун битирувчиларнинг билимлари олтин, кумуш ва бронза даражасида баҳоланди. Шу ўлчовлар асосида имтиёзли кредитлар берилади. Битирувчиларнинг фаолияти ҳар уч ойда мониторинг қилиб борилади. Шу тариқа уларнинг фаолияти икки йил давомида назоратда бўлади.

Таълим олиш билан боғлиқ барча харажатлар «Агробанк» АТБ томонидан молиялаштирилади. Айни вақтда иккинчи босқич учун қабул бошланди. Ўқиш истагида бўлганлар фермерлар мактабининг махсус телеграм боти (@fermerlar_maktabi_bot) ёки расмий сайти (https://fermermaktab.uz/) орқали ҳужжат топширишлари мумкин.



 Реклама ҳуқуқи асосида