$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Кафе ва ресторанларга имтиёзлар берилади — Президент фармони

Кафе ва ресторанларга имтиёзлар берилади — Президент фармони Ресторан

“Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Унда пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қўвватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб ушбу субъектларни жадал қайта тиклаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар:

умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади;

жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади;

мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади;

ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан, тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин;

б) 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5969-сон Фармонида белгиланган алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади;

г) умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади.

2. Умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган жойлаштириш, қуриш ва фойдаланиш бўйича вақтинчалик талабларга риоя қилган ҳолда ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга.

4. Белгилансинки, 2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб тадбиркорлик субъектларига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи тақиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўзининг расмий сайти ва мобиль иловалар орқали кўчма савдони бошлаш тўғрисида электрон хабарномаларни бепул қабул қилишни таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки кун муддатда умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчиларга овқатланиш ёки ҳордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича вақтинчалик талабларни тасдиқласин;

2021 йил 1 январга қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартибини тасдиқласин.

6. Белгилансинки, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5996-сон Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин:

а) мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар:

кичик тадбиркорлик субъектлари;

бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун;

б) ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар (акцизости маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно);

в) божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш тақдим этиш;

г) микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш.

Белгилансинки, умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъи назар қўллайди.

8. Ваколатли органлар аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтирсин.

9. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шу жумладан, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига беғараз ёрдам бериш (беғараз ёрдам олиш) қисмида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин.

Маълумот учун қабул қилинсинки, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, шунингдек, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича оналарга бериладиган нафақалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилмайди.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 20 июль

Теги :
Iqtisodiyot